islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Таълим олишни давом эттираман”

Ватанимиз қадимдан олиму донишмандлар юрти бўлган. Диёримизда муқаддас динимиз исломнинг нурини таратган кўплаб мактаб ва мадрасалар фаолият юритган. Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Насаф, Фарғона ва бошқа илм марказлари чор атрофга машҳур эди.

Чор Россияси босқинидан бошланган илмий таназзул 1928 йилга келиб энг мудҳиш кўринишига келди. Ўзбекистонда бирорта ҳам расмий диний таълим маскани қолмади, барчаси ёпилди. Ниҳоят 1945 йилга келиб, Бухорода “Мир Араб” мадрасаси, Тошкентда “Бароқхон”(1945 – 1961 й) очилган бўлса, 1971 йил октябрдан Тошкент ислом институти фаолиятини бошлади (олийгоҳ 1969 йили муфтий Зиёвиддин ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан ташкил этилган). Даставвал Олий диний мадраса номи билан юритилган таълим маскани, Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги шарафига Имом Бухорий номи билан аталади. Олий маъҳадда собиқ иттифоқ таркибидаги барча республикалардан келиб таълим олишган ва уларнинг аксарияти ҳозирда диний рутбаларда хизмат қилишмоқда.

Ҳозирги кунда ҳам олий маъҳад республикамизда энг нуфузли таълим маскани бўлиб ҳисобланади. Бунинг асосий омили таълимнинг тўғри йўлга қўйилганлиги ва дарслар замонавий илғор методлар ёрдамида олиб борилиши, устоз мураббийларнинг жонкуярлигидир. Талабалар ичида ҳам ҳар томонлама ўрнак бўладиган етакчилари кўпчиликни ташкил этади. Биз сизни қуйида уларнинг бир нечтаси билан таништирамиз.

Тоштемиров Ҳикматилла – ТИИ 4 курс талабаси, “Имом Бухорий” стипендияси совриндори. “Хожа Бухорий” номли ЎМИБЮ ва Қарши Давлат университетининг Иқтисод факультетини тугатган. 2014 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб талабаликка қабул қилинган. Қуйида сиз мазкур иқтидорли талаба билан яқиндан танишиш имконига эга бўласиз;

Ҳар бир шахснинг камол топишида унинг ортида оиласи туриши айни ҳақиқат. Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз?

– Оиламиз катта. Дадам ирригация инженери, онам тиббиёт ҳамшираси, ҳозир иккилари ҳам нафақада. Умрларини ҳалол-пок меҳнат билан ўтказганлар. Улар менинг давлатим, фахрим. Опам  педагог, акам хусусий секторда ишлайди.  Укам эса педагог- психолог. Ота-онамиз барака топишсин тўртала фарзандини ҳам олий маълумотли, уйли жойли қилишган. Ҳаммалари жамият учун фойдали,  инсонларга севимли  бўлиб камол топганлар. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари менга доим далда бўлиб келган.

Ёшлик даврининг инсон ҳаёти давомида муҳим ўрни бор. Ёшлигингиз қандай ўтган?

– Ёшлигим Қашқадарё вилояти Қарши туманида ўтган, деярли бошқаларникидан фарқ қилмайди. 6 ёшимда мактабга бордим. 9 –  синфгача қишлоғимизда, кейин уч йил Қарши шаҳридаги математика ва физикага ихтисослашган 28 – ўрта мактабда  ўқидим. Фақат бир нарсани алоҳида айтишим керак, синфдошларим илм фанга ва спортга қизиққан  болалар эди. Ҳатто уларнинг аксарияти ўз билим ва савиялари билан олий таълим даргоҳларига кириб, етук мутахассис бўлдилар. Бундай муҳитда таълим олиш мен учун Аллоҳ таолонинг инояти бўлган деб биламан. Улар сабаб илм-фанга, спортга қизиқдим, соғлом ҳаёт тарзига одатландим.  Яна бир эътиборли ҳолат, мактабда битирувчи синфда ўқиб юрган кезларим Имом Бухорийнинг ўзбек тилига таржима қилинган “Саҳиҳ ҳадислар тўплами” қўлимга тушиб қолди. Ёшлигимданоқ китоб ўқишни яхши кўрардим, бу китоб менда катта қизиқиш ўйғотди. Қайта-қайта ўқир эдим. Ҳалигача диний билимларни ўрганишга бўлган  қизиқиш ўшанда пайдо бўлган бўлса керак деб, ўйлайман.

Мактабни битиргач Қарши Давлат университетининг Иқтисод факультетига ўқишга кирдим ва 1999 йилда битирдим. Университетда ўқиб юрган пайтларимиз мамлакатимиз диний ҳаётида турли ихтилофлар, бошбодоқлик ва билимсизлик авж олган пайтлар эди. Ўзи олимлар кам, борига ҳам қулоқ осишни истайдиганлар оз эди. Ҳар ким ўзи билганича “сайрарди”. Булоқнинг сувини лойқалатишган эди. Айнан мана шу нарса мени Исломнинг зилол сувларидан, асл манбасидан чанқоғимни қондиришга чорлади. Туғилган шаҳримдан 120 км узоқликда жойлашган сўлим Китоб шаҳрида фаолият кўрсатаётган Хожа Бухорий номли ислом билим юртига ҳужжат топшириб, талаба бўлишдек бахт менга насиб этди. Бу ерда етук олим, ташкилотчи раҳбар, серқирра инсон, мазкур билим юрти асосчиси ҳожи Элмурод домла Очилов (Аллоҳ у кишини раҳматига олсин) билан танишдим. Мадрасада  таълим олиш давомида устозлардан ҳам диний билимлар, ҳам ҳаёт дарсларини олдик. Устозларнинг ихлоси, бизга раҳм-шафқати туфайли улардан кечаю кундуз фойдаланиб, билим олдик. Бу ўринда уларнинг бирортасини ажратиб кўрсата олмайман, қолганларининг кўнгли оғримасин, дейман. Аллоҳнинг инояти билан муродимиз ҳосил бўлди, Исломнинг асл манбаларидан, тиниқ булоқларидан сув ичдик, илмнинг лаззатини ҳис қилдик. Мадрасада мени Имом Бухорий степендиясига лойиқ кўришганди. Устозлардан умримизнинг охиригача қарздормиз. Аллоҳ таоло ўтканларини раҳматига олсин, қолганларини эса паноҳида асрасин.

  • Демак, иш фаолиятингиз мадрасани битирганингиздан кейин бошланган эканда?
  • Ҳа, ўқишни битирганимиздан кейин, раҳматли устозимиз Элмурод домла ишга таклиф қилиб, мадрасада мударрис қилиб олиб қолдилар. Бу соҳада ҳам билмаганларимизни ўргатдилар. 2003 йилдан токи 2012 йилгача араб грамматикаси, фиқҳ ва тафсир фанларидан дарс бердим. Тўгараклар ташкил қилиб шогирдларга қўлдан келганча ёрдам бердик. 2005 йил мадраса аҳлига катта қайғу етди. Ҳурматли устозимиз, мадрасанинг асосчиси Элмурод домламиз 45 ёшларида Аллоҳнинг раҳматига қовушдилар. Лекин шунгача у зот мени 2005 – 2006 ўқув йилида бўладиган ислом институти ва мадрасалар мударрислари ўртасидаги мусобақа иштирокчиси сифатида тайинлаб  бўлган эдилар. Бу устознинг охирги каромати бўлдиёв. Хуллас, худо бериб мусобақада 2 – ўринни эгалладим. Бунинг мукофоти Умра зиёрати эди. Минг шукрона билан умра ибодатини адо этдим. Буни арзимаган хизматларимга берилган буюк неъмат деб билдим.
  • Тошкент ислом институтига келишингиз қандай бўлган?

2012 – 2014 йилларда Қарши шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланиб тургандим. Кунларнинг бирида олий маъҳадда ўқиб юрган шогирдларимдан бири меҳмонга борди ва Тошкентга келиб илмий фаолиятимни давом эттиришимни қаттиқ илтимос қилди. Ўйладим, маслаҳат қилдим, имкониятларимни чамаладим ва ниҳоят дуогўйларимдан дуо олиб, ҳужжатларимни йиғиб келдим. Қабулга кирсам, ҳозирги кунда севимли бўлган устозимиз Жўраев Фарҳод домла босиқлик билан, секингина ёшим ўтиб қолганини тушунтирдилар (институт низомида энг охирги чегара 35 ёш қилиб белгиланган экан, менинг ёшим эса 36 да эди). Ана холос, энди режани ўзгартирамиз шекилли деб, уйга қайтдим. Энг қизиғи қабул тугашига бир кун қолганида, ярим кечаси, бошқа бир шогирдимиз телефон қилиб, ҳужжатларни олиб боринг, ёш чегараси олиб ташланибди, деб қолди. Келдим, топширдим, Аллоҳ таолонинг инояти билан талаба бўлдим.

  • Олий маъҳадда ўқий бошлаганингиздан кейин дастлабки таассуротлар қандай бўлди?
  • Биласизми, дастлабки кунларданоқ талаба бўлиш қарори тўғри бўлганига ишончим комил бўлди. Устозлардаги ғайрат, шижоат, талабчанлик, юқори савия, кенгфикрлилик ва бағрикенгликка тан бермасдан иложи йўқ эди. Секин-секин танишдик, дўстлашдик, кўнгиллар олий маъҳадга ҳам улфат бўлди. Бу ерда ҳам бирор бир устозни ажратиб кўрсатмайман, ҳаммалари ҳурматга лойиқ ва талабаларнинг муҳаббатини қозонишган. Барчаларидан Аллоҳ таоло рози бўлсин. Эришган ютуқларимиз нима бўлди? Янги фанларни ўзлаштирдик, билим ва фикрлаш доирамиз кенгайди. Устозлардан бағрикенгликни ўргандик, улардаги педагогик маҳорат ва ютуқларни ўзлаштирдик. Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан институтимизда ҳам Имом Бухорий номдор степендиясига лойиқ кўрилдим, алҳамдулиллаҳ. Шу ўринда устозлар, дўстлар ва дуогўйларнинг ёрдами, қўллаб қувватлаши ва муҳаббати менга қувват бўлганини айтиб ўтиш зиммамдаги қарздир. Барчалари омон бўлишсин.
  • Устозлардан эшитган, ҳаётда шиор қилиб қилиб олган, таълим олишда қўл келадиган қандай ҳикматларни айта оласиз?
  • Албатта, устозлардан жуда кўп панду насиҳатлар эшитганмиз, уларни жамлайдиган бўлсак, талаба авваламбор илм олишга ниҳоятда ташна ва қизиққан бўлиши керак, қолаверса устозларга нисбатан катта ҳурмат ва муҳаббат керак. Талаба қалби турли маънавий ифлосликлардан (кибр, ужб, ҳасад, бахиллик ва ҳаказо) пок бўлиши ҳам муҳим. Сўнгра камтарлик, хушмуомала ва гўзал хулқ ҳам талабанинг сийрати бўлиши керак. Камолот учун ота-она ва бошқа дуогўйларнинг ҳам маънавий ёрдами керак. Юқорида саналган хислатларга Аллоҳ таолонинг инояти ва тақдири қўшилса, мақсад ҳосил бўлади. Яна бир муҳим жиҳат, илм олиш ўзига яраша машаққат бўлгани учун, ишнинг бошиданоқ талаба дин, устозлар ва сабоқдошлар хизматига белни қаттиқ боғлашлари керак.

Ҳаётдаги шиорим; Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид узмаслик, ҳар қандай ҳолатда ҳам олдинга интилиш, ҳеч қачон ўқиб ўрганишдан тўхтамаслик.

  • Бўш вақтингизни қандай ўтказишни яхши кўрасиз?
  • Тўғрисини айтсам бўш вақтим кам бўлади. Кунлик дарслар, топшириқлар етарлича вақтни олади. 3 кун атрофида бўш куним пайдо бўлса, ота-онамни зиёрат қилиб келаман, ундан камроқ вақт бўлса, табиат қўйнида дам олишни, спорт билан шуғулланишни яхши кўраман. Баъзан курсдошлар билан вилоятларга сафар уюштирамиз. Кейинги пайтларда кўпроқ бўш вақтимни оиламга, фарзандларим таълим-тарбиясига сарфламоқдаман.
  • Келажакдаги режаларингиз қандай?

Олий Маъҳаддек савияси баланд таълим даргоҳида фаолиятимни давом эттириш менинг орзуим. Қолаверса, ўзингизга маълум шу кунларда диний соҳада кенг қамровли ислоҳотлар кетмоқда. Янги- янги таълим масканлари, мадрасалар иш бошламоқда, қабул квоталари оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ислом Академияси ҳам ўз ишини бошлади. Бу дегани яна таълим олишни магистратура бўлимида давом эттираман. Ундан кейин Ўзбекистон цивилизацияси марказида докторонтура бўлимида таълим олишни давом эттириш ниятларим ҳам бор.  Хулласи калом жамиятимизни маънавий жиҳатдан камолот сари етаклаш ишига бел боғлаганмиз. Аллоҳнинг тавфиқи билан мана шу соҳада етук кадр бўлиб, халқимизнинг маънавий юксалиш йўлида хизмат қиламиз.

  • Илмий фаолиятингизга муваффақиятлар тилаб, келажакда халқимиз, динимиз, Ватанимиз учун керакли мутахассислардан бўлишингизни Яратгандан сўраб қоламиз!

 И. Ахроров ёзиб олди

 

30740cookie-check“Таълим олишни давом эттираман”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: