islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Ҳанифанинг муҳаддис сифатидаги фаолиятлари

Абу Ҳанифанинг муҳаддис сифатидаги фаолиятлари

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Илм Сурайё юлдузида бўлса ҳам, уни форс кишилари олажак, дея марҳамат қилганлар.

Имом Суютий айтадики: “Бу ҳадиснинг асли саҳиҳдир, унда  Абу Ҳанифага ишора бор”. Ҳадиснинг саҳиҳлиги муттафақун алайҳдир.

Кўпчилик инсонлар, ҳатто баьзи аҳли илмлар ҳам Имом  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни фақатгина фиқҳ соҳасида, ҳанафий мазҳаби асосчиси деб биладилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёт ва ижодларини эьтибор билан ўрганиб чиқилса, у зот нафақат фиқҳ борасида имом бўлган, балки ҳадис борасида ҳам буюк муҳаддислар мақтовига сазовор бўлиб, уларга устозлик мақомида бўлганларини яққол кўриш мумкин.

Аммо, баьзи мутаассиб кишилар Имом Абу Ҳанифанинг ҳадис борасида қўли калта, унга кўплаб ҳадислар етиб келмаган, деган таьна тошларини отишади. Уларнинг Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан айтган бу  гаплари  уйдурмадан бошқа нарса эмас. Бу гапни ўта илмсиз (жоҳил), мутаассибларгина айтиши мумкин.

Лекин, барчага маьлум ва машҳур бўлган  Имом Насоий, Ибн Адий каби баьзи бир уламолар Имом  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан  ҳадисларни ёдда сақлаш борасида заиф, деган фикрни билдирганлар.

Имом Заҳабий ўзларининг “Мезон” китобларида  Имом  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ҳофизлардан ҳисоблаб, сиқа  (ишончли ровий) кишилар сирасига қўшганлар. Ҳадис илмида мўминлар пешвоси бўлган Имом Шуьба шундай дейдилар: Қасамки, Абу Ҳанифа чуқур мулоҳазали, ўткир зеҳн соҳиби бўлган.

Яҳё  ибн Муин (ҳадис илимининг имомларидан, жарҳ ва таьдил асосчиси, “Ат-тарих ва-л-илал”, “Маьрифату-р-рижол” каби машҳур асарлар муаллифи) шундай дейдилар: “Абу Ҳанифа ёдлаган ҳадисинигина ривоят қиладиган сиқа кишилардан эди”.

Яҳё ибн Одам айтади: “Абу Ҳанифа диёридаги мавжуд барча ҳадисларни ўзида жамлаган”.

Ҳасан ибн Солиҳ  шундай дейди: “Бизнинг наздимизда, Абу Ҳанифа ишончли одам бўлган”.

Имом  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан замондош ёки у зотга яқин замонда яшаб ўтган мазкур муҳаддис уламолар Насоий ва Ибн Адий каби уламолардан  кўра  Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни яхшироқ билганлар. Шунинг учун уларнинг сўзлари эьтиборлироқдир. Ибн Муин, Шуьба, Али ибн Мадиний, Исроил ибн Юнус, Яҳё ибн Одам, Ибн Довуд, Ҳасан ибн Солиҳлардек машҳур муҳаддислар Имом  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ишончли деб ҳисоблаганда, бошқаларнинг гаплари  эьтиборга олинмайди.

Ибн Абду-л-бар шундай дейди: “Ҳадис соҳиблари Имом  Абу Ҳанифага нисбатан нолойиқ фикрларида ҳаддан ошдилар”.

Ибн Муин шундай дейди: “Ашобларимиз Абу Ҳанифага нисбатан ҳаддан ошдилар”.

Ҳофиз ибн Ҳажар “Фатҳу-л-Борий” муқаддимасида шундай дейди: “Баьзиларнинг Имом  Абу Ҳанифа қиёсни кўп қўллаган, араб тилидан тўла хабардор бўлмаган ва ҳадисни кам ривоят қилган, деган айблари қабул қилинмайди”.

Зеро, Жарҳ ва таьдил қоидаларидан бирида шундай келадики, кимнинг адолати ўз исботини топиб, бутун уммат унинг ҳадис соҳасида пешволигини тасдиқласа, бундай киши ҳақидаги жарҳ (ровийдаги адолат ва ёдлаш сифатларининг нечоғли эканини аниқлаш) қабул қилинмайди.

Кўплаб фақиҳ ва муҳаддис тадқиқотчи олимлар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шунчалик кўп миқдорда ҳадис тўплаганларки, бу ишни у зотнинг даражасида бўлмаган инсонлар қила олмайди, деган фикрни билдирганлар. Бу фикр юқоридаги гапларни ноўрин эканини исботлайди.

Абу Ҳанифа Атия Авфий, Абдураҳмон ибн Ҳурмуз, Аьрож, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирди Икрима, Абдуллоҳ ибн Умарнинг шогирди Нофиь, Адий ибн Собит, Амр ибн Динор, Салама ибн Куҳайл, Қатода ибн Диома, Абу Зубайр, Мансур, Абу Жаьфар Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ва шу каби машҳур тобеинлардан ҳадис эшитган.

Абу Ҳанифадан бир неча муҳаддис ва фақиҳлар ҳадис ривоят қилган. Тенгқурларидан Муғира ибн Миқсам, Закариё ибн Аби Зоида, Мисьар ибн Кидом, Суфён Саврий, Молик ибн Миғвал ва Юнус ибн Аби Исҳоқ, Зоида, Шарик, Ҳасан ибн Солиҳ, Абу Бакр ибн Айёш, Исо ибн Юнус, Али ибн Мушир, Ҳафс ибн Ғиёс, Жарир ибн Абдулҳамид, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абу Муовия, Вакиь, Абу Исҳоқ Фазорий, Муҳорибий, Язид ибн Ҳорун, Исҳоқ ибн Юсуф ал-Азрақ, Муьофа ибн Имрон, Зайд ибн Ҳубоб, Саьд ибн Солт, Маккий ибн Иброҳим, Абу Осим Набил, Абдурраззоқ ибн Ҳаммам, Ҳафс ибн Абдураҳмон Балхий, Убайдуллоҳ ибн Мусо, Абу Абдураҳмон Муқриь, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Ансорий, Абу Нуайм, Ҳавза ибн Халифа, Абу Усома, Абу Яҳё Ҳиммоний, Ибн Нумайр, Жа’фар ибн Авн, Исҳоқ ибн Сулаймон Розий ва бошқа кўплаб алломаларни мисол қилиш мумкин. (Имом Заҳабий. Маноқиб Абу Ҳанифа асаридан)

Яҳё ибн Муин айтади: “Ваки’ Абу Ҳанифанинг фикрига таяниб фатво берар эди. У Абу Ҳанифа ривоят қилган барча ҳадисларни ёддан билар эди, чунки Абу Ҳанифадан ко‘пгина ҳадислар эшитган эди”.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фақат ёддан билган ҳадисларинигина айтар эдилар, агарда ҳадисдан озгина жойи ёдларидан чиқса ёки ҳадиснинг ибораси ҳақида озгина шубҳалансалар, у ҳадисни гапирмас ва уни тарк этар эдилар. Яҳё ибн Муин айтади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ишончли ровийлардан бўлиб, фақат мукаммал ёддан билган ҳадисларнигина гапирадиган, ёддан билмаган  ҳадисларини гапирмайдиган зот эдилар”.

Баьзи манфур кимсалар: “Абу Ҳанифа ҳадис бўйича билим бойлиги оз бўлганларгина кам ҳадис ривоят қиладилар”, – деб бўлмағур гаплар гапирдилар. Бундай даьвони бундай буюк имомларга қарата айтилиши бутунлай нотўғридир. Чунки, шариат Китоб ва Суннат асосига қурилгандир. Уларнинг ҳадис ривоятининг оз бўлиши, ушбу ёлда дуч келаётган нозик-қалтис ўринлар, турли сабабларга боғлиқдир. Ҳижоз аҳли Ироқ аҳлига кўра ҳадисларни кўп ривоят қилганлар. Чунки Мадина дару-л-ҳижра, саҳобалар яшаган жой бўлган. Ироққа кўчиб борганлар эса шароит тақозоси билан кўпроқ ижтиҳодга эҳтиёж сезганлар.

Ушбу илмий маьлумотлардан кўринадики, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи буюк фақиҳ бўлиш билан бирга улуғ муҳаддис уламолардан бири бўлган. Мужтаҳид олимнинг муҳаддис бўлиши эса, юқорида айтилганидек табиий ҳолат бўлган.

 

                                                                          Имом Бухорий номли Тошкент Ислом Институти

                     4-курс талабаси

                                  Саидханбалева Робия

308360cookie-checkАбу Ҳанифанинг муҳаддис сифатидаги фаолиятлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: