islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тафсир ва таъвил илми ҳамда дастлабки тафсир мактаблари

Тафсир сўзининг луғавий маъноси “изоҳ”, “шарҳ”дир. Арабларда илмий, фалсафий асарларга ёзилган шарҳлар ҳам тафсирлар деб аталган. Қуръонда ҳам “тафсир”–“шарҳ” мазмунида қўлланилган:

“Улар сизга бирон мисол келтирсалар, албатта, Биз сизга ҳақ ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик”.

Тафсирга берилган таърифларни умумлаштириб бундай дейиш мумкин: “Тафсир араб тилини мукаммал билган ҳолда Қуръон, ҳадис, саҳобий ва тобиийлар ривоятидан истифода этиб, инсон қудрати доирасида Қуръон оятларини шарҳлаш, изоҳлашдир”.

“Ал-Қомус ал-муҳит” асарида “фаср – тафсир каби шарҳлаш ва беркинган нарсани кашф этиш маъносини билдиради”, дейилади. “Лисонул араб” асарида эса: “Фасрнинг маъноси шарҳлаш, изоҳлаш бўлиб, тафсир ҳам шу каби маънони англатади. “Фаср”нинг яна бир маъноси беркинган нарсани кашф этишдир. “Тафсир” эса турли сўзлардан муродни кашф этишдир, дейилган. Абу Ҳаййон “Баҳрул муҳит” асарида: “Тафсир сўзи яланғочлаб бўшатиш, эркин қўйиш маъноларида ҳам ишлатилади. Бунда у кашф этиш маъносига қайтади”, деб шарҳ берган.

Ушбу сўзнинг истилоҳий маъноси ҳақида баъзи уламолар: “Тафсир илми бошқа илмлар каби чекланган қоидалар асосидаги илм эмас. Чунки у қоидалар ёки бошқа илмларга ўхшаб қоидаларнинг амалиётида шаклланган ўзига хосликлар эмас. Тафсирни Аллоҳ каломининг шарҳи ёки Қуръоннинг сўзлари ва тушунчаларига шарҳ дейиш кифоя”, деганлар.

Яна баъзи уламолар “Тафсир жузъий масалалар, қоидалар ёки қоидалар амалиётида шаклланган хусусиятларга эга илмдир. Унга таъриф ҳам бор. Ушбу таърифда Қуръонни фаҳмлаш учун фойдаланиладиган луғат, сарф, наҳв, қироат ва бошқа бир нечта илмлар зикр этилади”, дейдилар.

Тафсир чекланган қоидалар асосидаги илм деган уламолар таърифларига назар солинса, кўплаб таъриф айтганларини кўришимиз мумкин. Лекин бу таърифларнинг ҳаммаси тузилиш жиҳатидан ҳар хил бўлса ҳам маъно жиҳатидан бир мақсадга йўналади.

Суютий таърифлардан айримларини зикр этади: “Бу илм оятларнинг нозил бўлиш сабабларини, уларнинг кичик қиссаларини, маккий ва маданийлиги тартибларини, аниқ ва ўхшашларини, носих ва мансухларини, хос ва умумийларини, мутлақ ва чегараланганларини, мужмал ва муфассалларини, ҳалол ва ҳаромларини, ваъда ва ваъидларини, чақирганларини ва қайтарганларини, ибрат ва мисолларини ҳамда шунга ўхшашларни ўрганадиган илмдир”.

Заркаший: “Тафсир – бу Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад (а.с.)га нозил қилган китобининг маъно ва ҳукмлари тушуниладиган илм. Бунда луғат илмидан, наҳв ва сарф, баён илми, фиқҳ илми асослари ва қироатлардан фойдаланилади ҳамда бу илм оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ва носих, мансухларни билишга муҳтож”, деб таъриф берган.

Яна бошқа таърифга кўра, “Тафсир илми Ислом илмларидан бири бўлиб, муфассир бор имкониятича ҳукмларни истинбот қилишда Қуръон оятларини шарҳлашга ихтисослашади”.

“Таъвил” сўзи “авл” сўзидан олинган бўлиб, қайтиш маъносини ҳамда тафсир, шарҳлаш маъноларини билдиради:

“Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки ундай оятлар таъвилини (тафсирини) фақат Аллоҳнинг ўзигина билур”.

Шу каби таъвил сўзининг изоҳ ва шарҳ маъноларида келган кўплаб оятлар мавжуд. Уламолар тафсир ва таъвилни фарқлашда турлича фикрларни билдирдилар. Баъзи уламолар иккиси бир хил маънони билдиради, десалар, бошқалари улар орасини фарқлайдилар.

Имом Мотуридий: “Тафсир бир сўзнинг маъносини қатъий мана шу дейиш ва Аллоҳ ўша сўздан мана шуни назарда тутган деб, гувоҳлик беришдир. Агар бунга далили бўлса у ҳолда сўзи тўғри, агар ундай бўлмаса, унда фақат ўзининг раъйи билан тафсир қилган бўлади. Бу ман этилган. Таъвил эса, бирор сўзнинг тахминий маъносини қатъий деб айтмай ва Аллоҳнинг назарда тутгани мана шу, деб гувоҳлик бермай ўша маънони бошқа маъноларидан устун қилишдир”.

Абу Убайда: “Тафсир ва таъвил бир хил маънони билдиради”, деган. Бу фикр илгари ўтган тафсир олимларининг ораларида кенг тарқалган эди.

Роғиб Исфаҳоний “Тафсир таъвилдан кўра чуқурроқ маънони билдиради. Тафсир сўзлар учун кўп ишлатилса, таъвил маънолар учун кўпроқ ишлатилади, туш таъвили (таъбири) каби. Таъвил илоҳий китоблар учун ишлатилади. Тафсир эса илоҳий китоблар учун ҳам, ундан бошқалари учун ҳам ишлатилади. Тафсир кўпинча алоҳида сўзларга ишлатилади. Таъвил эса, жумлаларга ишлатилади”.

Саълабий тафсир ва таъвил ҳақида шундай дейди: “Тафсир сўзнинг ҳақиқий ёки мажозий вазиятини баён этади. Худди “сирот” сўзи “ториқ (йўл)” деб тафсир қилинганидек. Таъвил эса сўзнинг ботинини шарҳлайди. Таъвил қайтиш, яъни нарсанинг аслига қайтиши маъносини англатади. Таъвил исталган нарсани ҳақиқатидан хабар бериш. Тафсир исталган нарсанинг далолатини хабар қилишдир”.

Бағавий: “Таъвил – бу оятнинг ўзидан олдинги ва кейингиларига мувофиқ ҳолда эҳтимолли (бўлиши мумкин бўлган) маънога ишлатиш бўлиб, истинботда Қуръон ва ҳадисга зид бўлиб қолмаслиги керак. Тафсир эса оятнинг нозил бўлиш сабаблари ва қиссалари ҳақида сўз юритишдир”, деган.

Яна бир қанча уламолар шундай таъриф берадилар: “Тафсир ривоят асосида бўлиб, таъвил эса билим асосидадир”.

Заҳабий у иккиси ҳақида шундай дейди: “Тафсирнинг маъноси кашф, баён этиш. Яъни Аллоҳнинг муродини кашф этиш. Бунда Расулидан келган хабарларга ёки баъзи саҳобийларнинг хабарларига қараб шарҳланади. Чунки саҳобийлар ваҳий тушишига шоҳид бўлганлар, ўша вақтдаги воқеа-ҳодисаларни идрок этганлар ва Расулуллоҳ (с.а.в.) билан учрашиб турганлар ҳамда Қуръоннинг маъноларини тушунишга қийналганларида у зотга мурожаат қилганлар. Таъвил бу сўзларнинг бирорта эҳтимолини бошқасидан устун қилишдир. Устун қилиш эса ижтиҳодга таянади. Бу эса сўзларнинг араб тилидаги маъноларини билишни, жойларига қараб ишлатишни, араб тили услубларини билган ҳолда маъноларини чиқаришни талаб этади”.

Тафсир илми бир неча босқичларни босиб ўтгани тадқиқотларда ўрганилган.

Илк ислом даврида тафсир илми ўзига хос жиҳатлар билан ажралиб турди. Бу ҳам бўлса, Қуръонга оид шарҳларнинг Муҳаммад (с.а.в.)нинг тушунтириш беришлари билангина кифояланилди. Бу давр ва саҳобийлар даври ҳақида Маҳмуд Ҳусайн Заҳабий ўз тадқиқотида “Муҳаммад (с.а.в.) ва саҳобийлар даврида тафсир” мавзуси остида бирлаштириб ёзган. Буни иккига ажратиб кўриб чиқиш ҳам мумкин. Биринчиси, Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳаётлик вақтларида саҳобийларнинг саволларига жавоб тарзда Қуръон оятлари ва сўзларига шарҳ беришлари. Бу ҳақда Ибн Халдун “Муқаддима” асарида шундай ёзади: “Набий (с.а.в.) саҳобийларга Қуръоннинг мужмалларни айтиб, носих ва мансухларини ажратиб, уларга ўргатар эдилар” . Иккинчиси, саҳобийларнинг Муҳаммад (с.а.в) вафотларидан кейин ҳадислар, араб тили, оятнинг нозил бўлиш сабаблари, ўз билим имкониятлари ва ижтиҳодларига таяниб Қуръонга шарҳ бериш даврлари.

Муҳаммад (с.а.в.) вафотларидан сўнг саҳобийлар Қуръон шарҳлашда манбаларга суянган ҳолда яна қўшимча равишда ўз ижтиҳодларини ҳам баён этганлар. Саҳобийлар бу даврда Қуръонни шарҳлашда тўрт асосий манбага суянганлар. Улар: Қуръон, Пайғамбар (с.а.в.) ҳадислари, саҳобийларнинг ижтиҳодлари ва яҳудий ва насронийларнинг қадимги пайғамбарлар ҳақидаги қиссалари.

Саҳобийлар тафсир қилишда энг аввало, Қуръон ва ҳадисга мурожаат этганлар. Шу билан бирга, Қуръон ва ҳадисларда шарҳ мавжуд бўлмаса, ўзларининг ижтиҳодларига ҳам таянганлар. Масалан, Бақара сурасининг 266-ояти:

أَيَوَدُّ أَحَدُكُمْ أَن تَكُونَ لَهُ جَنَّةٌ مِّن نَّخِيلٍ وَأَعْنَابٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ لَهُ فِيهَا مِن كُلِّ الثَّمَرَاتِ وَأَصَابَهُ الْكِبَرُ وَلَهُ ذُرِّيَّةٌ ضُعَفَاء فَأَصَابَهَا إِعْصَارٌ فِيهِ نَارٌ فَاحْتَرَقَتْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمُ الآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُون

“Бирортангиз хурмо ва узумлари бор, остидан дарёлар оқиб турадиган, турли меваларга эга бўлиб, заиф болалари бор вақтида қаттиқ шамол туриб олов билан ёқиб юборишини хоҳлайдими? Аллоҳ шундай тарзда ўз аломатларини баён этур” оятини Умар ибн Хаттоб саҳобийлардан шарҳлаб беришларини сўрайди. Шунда Ибн Аббос қуйидагича шарҳлайди: Бир бой кишининг боғу бўстонлари бўлиб, у тоат-ибодатда машғул бўлади. Шунда шайтон келиб уни йўлдан оздиради, сўнг гуноҳ ишларни қилгани учун солиҳ амаллари ғарқ бўлади.

Шундай қилиб, илк даврда Пайғамбар (с.а.в.) Қуръонни динга кирган арабларга ўргатганлар. Араблар умумий тарзда уни тушунганлар. Лекин уни янада тушунтириб бериш зарурати мавжуд бўлган. Умар ва Ибн Аббос каби саҳобийларнинг Қуръоннинг айрим сўзларини билмаганлари ва сўраб ўрганганлари ҳадис тўпламларида зикр этилган. Шу каби саҳобийлар тушунмаган ўринларини Пайғамбардан сўраб билганлар. Бу даврда Қуръон тўлиқ шарҳланмаган.

Пайғамбар вафотларидан кейин саҳобийлар у кишидан нақллари ҳамда ўз тажрибалари асосида айрим қўшимчалар билан тафсир илмини янада бойитдилар. Улар бунда араб тили, урф‑одатлар, аҳликитобларнинг ривоятларини билишлари асосий ўрин тутди.

Саҳобийлар Қуръонда қисқартириб берилган қиссаларни яҳудий ва насронийларнинг исломни қабул қилган олимларидан сўраб, Қуръонга қилган шарҳларини бойитганлар. Уларнинг Қуръон нозил бўлаётган даврда яшаганлари учун уларнинг тафсирлари энг ишончли деб тан олинган. Уларнинг баъзилари Қуръонга берган шарҳлари билан шуҳрат қозондилар. Суютий ўзининг “Итқон” ида муфассир саҳобийларнинг исмларини келтирган, улар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Зубайр.

Асосан, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Убай ибн Каъблар саҳобийларнинг энг машҳур муфассирлари саналади.

Саҳобийлардан Ибн Аббос (ваф. 68/687) Макка мактабига, Убай ибн Каъб Мадина мактабига, Ибн Масъуд Ироқ мактабига асос солдилар. Улардан илм олган тобиийларнинг аксарияти ўз мактаблари услубидан келиб чиққан ҳолда турлича тафсир қилдилар. Лекин улар орасидаги ихтилоф улардан кейинги вақтлардаги ихтилофларга нисбатан кўп эмас.

Кейинги даврда тобиийлар ўз минтақаларидаги саҳобийлардан ўрганганларини нақл этишлари билан бирга ўз даврларида кўплаб араблардан бошқа халқларнинг исломга киришлари натижасида юзага келган масалаларга жавоб топиш мақсадида бу илмни кенгайтирдилар. Айтиб ўтиш лозимки, бу даврларда Қуръон тўлиқ тартибли тарзда шарҳланмаган, балки тарқоқ ҳолда оятларга шарҳ берганлар.

Тобиийларнинг Қуръонга шарҳларини қабул қилишга муносабат турлича бўлган. Айримлар уларнинг сўзларини қабул қилиш керак деб ҳисобласалар, айримлар қабул қилишни маъқул кўрмаганлар. Бу борада Абу Ҳанифанинг сўзи ўринли: “Пайғамбардан келган сўзни эҳтиром билан қабул этдик, саҳобийлардан келган сўзларни танлаб оламиз, тобиийларнинг сўзлари эса улар ҳам биз кабидирлар”. Шунга кўра, тобиийларнинг тафсирдаги сўзларини қабул этиш кейинги давр олимлари учун мажбурий бўлмаган. Бироқ саҳобийларнинг ўзаро ва тобиийларнинг ўзаро бирор шарҳ бўйича бир хил фикрда бўлишлари кейинги давр олимлари наздида қабул этилган. Шу каби илк уламоларнинг шарҳларида бир‑бирларига хилофликдан кўра турлилик кузатилади.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Валиев Саидахмад

308811cookie-checkТафсир ва таъвил илми ҳамда дастлабки тафсир мактаблари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: