Юртимиз Истиқлолга эришгандан сўнг халқимизни динимизга бўлган имон –эътиқоди ва муҳаббати тубдан ўзгарди. Шу боис, динимизнинг ҳар бир аҳкомларини чуқур ўрганиб, ҳаётларига татбиқ қила бошладилар. Ушбу мукаммал диннинг ҳар бир масалага бўлгани каби мерос ҳақидаги кўрсатмалари ҳам бекаму-кўстдир.
Мерос илми – фиқҳ илмининг бобларидан бир бобдир. Уни Ислом уламолари фазилати улуғ бўлгани учун фиқҳдан ажратиб олиб алоҳида эҳтимом билан ҳам ўрганишган. Ушбу илмни фақиҳлар “мерос илми” ва “фароиз илми” деб номлаганлар ва унга “Фароиз илми – ҳар бир меросхўрнинг – вафот топган инсон қолдирган нарсада – шариат белгилаб берган насибасини чиқариш учун қўлланувчи фиқҳ ва ҳисобдан иборат бўлган қоидалар мажмуъаси ҳақидаги илмдир” деб таъриф берганлар.
«Фароиз» сўзи «фарз»сўзининг жамидир. «Фарз»сўзи луғатда «ўлчов», «кесиш» ва «баён қилиш»маъноларини англатади.
Мероснинг «фарз» деб айтилиши эса унда меросни ўлчаш шариат томонидан кесилган иш эканлиги баён қилиниб ,ҳар бир меросхўрнинг ҳаққи аниқ кўрсатилганлиги учундир.
«Мерос»деганда ўлган одамнинг ортидан ундан қолган нарсани оладиган бирор кишининг қолиши тушунилади.
Фиқҳий тушунча бўйича эса маййитнинг ортидан шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқлар «мерос»деб аталади.
Мерос илмининг асосий далил ва ҳужжатлари Қуръони Карим, суннат ва ижмоъдан олинган. Бу илмда қиёсга ўрин қолмаган. Қуръони Каримда мерос ҳақида «Нисо» сурасида учта, «Анфол »сурасида битта оят келган.
Шариатнинг ҳар бир амалида маълум бир шартлар бўлганидек Меросда ҳам шартлар бор. Мерос ҳуқуқининг амлага ошиши учун унинг шартлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборатдир.
Меросда учта шарт бор:
1. Мерос қолдирувчининг ўлими.
2. Мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг меросхўрнинг ҳаёт бўлиши.
3. Мерос олувчининг мерос қолдирувчига нисбатан ким эканлиги аниқ бўлиши ва насаби таъйин бўлиши.
Мерос қолдирувчининг ўлими. Унинг вафоти “ҳақиқий вафот” ёки “ҳукмий вафот” ёки “тақдирий вафот” деб қайд этилади.
“Ҳақиқий вафот” деганда инсоннинг биологик жиҳатдан ўлиши, унинг ҳаётдан кўз юмиши тушунилади.
“Ҳукмий вафот” деганда инсоннинг йўқолиб қолганидан сўнг – ўзи ҳам, жасади ҳам топилмаслиги, шундан сўнг қози уни вафот топган деб ҳукм қилиши ёки тирик ҳолида динидан қайтиши ва кофир бўлиб “дорул- ҳарб”га кетиши тушунилади.
“Тақдирий вафот” деганда – онасига нисбатан жиноят қилинганда тушиб қолган ҳомила тушунилади. “Онасига нисбатан жиноят қилиш” деганда ҳомиладор аёлни уриш, қаттиқ қўрқитиш тушунилади. Ҳанафий мазҳабида бундай гўдак тана аъзолари кўриниб, билиниб қолган бўлса, мерос олади ва мерос қолдиради. У туғилганда онаси тирик бўладими ёки вафот топган бўладими фарқи йўқ. Зеро, жиноят вақтида она ҳам, бола ҳам мавжуд эди.
Мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг меросхўрнинг ҳаёт бўлиши. Бу ҳолат икки кўринишда бўлади: “ҳақиқий” ва “тақдирий”.
“Ҳақиқий ҳаёт” – инсоннинг тирик бўлиб одамлар орасида юришидир. “Тақдирий ҳаёт” деб мерос қолдирувчи вафот топишидан аввал онанинг қорнида пайдо бўлган ҳомилага айтилади ва унинг туғилиши шарт қилинади. Шунингдек ,зино сабабидан дунёга келган фарзанд –шаръий жиҳатдан насаби бўлмаганлиги сабабидан меросга ҳақдор бўлмайди.
Мерос қолдирувчининг вафоти вақтида меросхўр тирик бўлганми ёки йўқми аниқ бўлмаса, у тарика(қолган мол)дан ҳеч нарсага ҳақдор бўлмайди. Бу ҳолат қариндошларга бир вақтда ўлим етиши ила юзага келиши мумкин. Масалан, кемада биргаликда чўкиб кетиш, автоҳалокатга биргаликда учраш ва ҳоказолар. Агар шундай ҳолатда бир-бирларига меросхўр бўлиши керак бўлган яқинларнинг қай бири аввал вафот этгани билинмаса, улар ўзаро мерос олмайдилар. Уларнинг мерослари ҳаёт бўлган ёки уларнинг ўлимидан сўнг қанчадир муддат бўлса ҳам ҳаёт бўлган ҳақдорларга шариатга мувофиқ бўлиб берилади.
Мерос олувчининг мерос қолдирувчига нисбатан ким эканлиги аниқ бўлиши ва насаби таъйин бўлиши. Масалан, бир киши вафот этгач ортидан қариндоши деб танилган одам қолди. Аммо ўша қариндошнинг маййитга нисбатан қандай қариндош эканлиги, яқинлик даражаси номаълум. Бу ҳолатда у меросдан улуш олмайди. Шунингдек, зино сабабидан дунёга келган фарзанд – шаръий жиҳатдан насаби бўлмаганлиги сабабидан мерос ола олмайди. Аёл ҳомиладор ёки туғган ҳолида ўша фарзандга нисбатан ўзаро лиъон айтишган эр-хотиннинг фарзанди ҳам ота тарафдан насаби бўлмагани учун ота тарафдан мерос олмайди ва ота тарафга мерос қолдирмайди. У она тарафлама мерос олади ва қолдиради.
Меросни тақсимловчи киши меросхўрларнинг ҳар бири мерос қолдирувчи учун қандай қариндош эканлигини аниқ билиб олиши лозим. Улар меросга ҳақли қариндошми, йўқми, шу нарсани аниқлаб,сўнгра меросга ҳақлиларни ажратиб олади. Кейин уларнинг қариндошлик даражасини ўрганади. Масалан ,туғишган аками, ота бир аками ёки она бир аками , ота бир -она бошқа аками , албатта буни билиши лозим. Бу каби ҳолатларни билиш тақсимотчига меросни бўлишиш учун жуда ҳам муҳим масаладир.
Тошкент Ислом институти 404-гуруҳ талабаси Муродов Шуҳрат.