islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎЗБЕКЧАГА ЎГИРГАН ИЛК МУФАССИР ОЛИМ

Азалдан юртимиз Мовароуннаҳрдан дунёга донг таратган, бутун оламга илм ўргатган уламолар етишиб чиққан. Бу алломалар илмнинг бир ёки баъзи соҳаларида эмас, балки хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ ухровий бўлсин, илм-фаннинг барча соҳаларида фаолият кўрсатишган, ижод қилишган ҳамда ҳар бири ўз соҳасини етук олими, башариятга устозлик, муаллимлик қиладиган даражада бўлишган. Юртимиздан жуда ҳам кўплаб алломалар етишиб чиққанки, агар уларнинг фақатгина исмларини ёзиб чиқиладиган бўлса, жилд-жилд китоблар кетади.

Ҳар бир давр, ҳар бир асрда ўзига муносиб етук алломалар, бутун бошли миллатни жаҳолатдан ҳимоя қилган, халқ ғамини ўзининг роҳатларидан устун қўйган шахсиятлар етишиб чиққандир. Туркистондан етишиб чиққан ХХ асрнинг ана шундай етук шахсларидан, машҳур олимларидан бири Олтинхонтўра ҳазратларидир. Олтинхон тўранинг номи мусулмон Шарқида машҳур. Зеро, у асрлардан буён Мовароуннаҳрда ривож топган Ислом дини илмий анъаналарини изчиллик билан хорижда давом эттирган улуғ инсондир. Шу даврдаги хориждаги ватандош олимларимиз ҳақида биз тўплаган маълумотлардан мукаммалроғи ушбу зот ҳақидадир.

Олтинхонтўра ҳазратларининг асл исмлари саййид Маҳмуд ибн Назир Тарозийдир. У киши 1895-йили Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистонга туташ қадимий Тароз (ҳозирги Жамбул) шаҳрида таваллуд топган. Тароз ушбу минтақада қадимдан ривожланган машҳур шаҳарлардан ҳисобланиб, халқаро савдода ҳам ўз номига эга бўлган, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги машҳур диний марказлардан бири ҳисобланган. Кейинчалик шаҳарнинг номи ўзгариб «Авлиё ота» деб аталган. Саййид Маҳмудхоннинг насаби Ўзганда ўтган Иликхонларга бориб тақалади. Бобурнинг ёзишича, «Фарғона вилоятида бу табақа муқтадо ва шайхулислом ва қози бўлиб келишган». Оталари Саййид Назирхон тўра Қуръони каримни тўлиқ ёд олган ва ҳадиси шариф илмининг билимдони бўлиб, эшон домла номи билан ўз даврида шуҳрат қозонган. Қатағон йилларида ҳибсга олиниб, бедарак кетган.

Саййид Махмудхон ёшлигиданоқ ноёб истеъдод ва ўткир қобилиятга эга бўлган. Ҳофиз ва Саъдий асарларидан кўп нарсаларни ёд олган, шунингдек, Қуръон тиловатига ҳам моҳир бўлган. У дастлабки илмни отасидан олади. Сўнг Шайх ибн Камол ибн Носирхон Тўра Косонийдан ва ундан бошқа ўз даврининг етук уламоларидан таълим олган. Шунингдек, Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида, кейинчалик Бухоро мадрасаларида ҳам таҳсил олган. У Қуръон, ҳадис ва бошқа диний илмларни ўрганиш билан бир қаторда араб, турк, форс тилларини ҳам пухта ўрганган. Ҳатто бу тилларнинг барча шеваларида бемалол сўзлаша олган.

У кишининг Маккадаги шогирдларидан Мухаммад Қосим Аминнинг гувохлик беришича, Саййид Махмудхон 1917 йили юз берган сиёсий бесаранжомликлардан кейинги йиллари она шахри Авлиё отада мактабдорлик қилган. Сўнгра шаҳардаги мадрасада мударрислик вазифасига тайинланган. Олим сифатида шухрат топиб, номи атрофдаги Туркистон, Чимкент, Сайрам, Марки томонларда ҳам машҳур бўлиб кетган.

Сўнгра юртда бошланган сиёсий парокандалик туфайли кўп уламолар қатори, Саййид Маҳмудхон Тарозий ҳам таъқиб остига олинади. Бир муддат Фарғона водийси шаҳарларида яшириниб юради, бошпана излаб, Андижонга ҳам келади. Ўша йиллардаги ёшгина мулла йигит Абдулаҳад Азизов (шоир Анисий) у кишини кўрган ва суҳбатини олган. Унинг айтишича, 20-йиллари Саййид Маҳмуд Тарозий кундузлари қабристонда яшириниб ётар, тунда эса дўстларининг уйига келиб, суҳбат қурар эди.

Ниҳоят, Фарғона водийсида ҳам сиёсат танглашиб, Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади. Бу – 1930-йилларнинг бошланиши эди. Саййид Маҳмудхон Афғонистондан муборак ҳаж сафарига бориб, ҳаж амалларини бажаргач, Ҳиндистонга келади ва Бомбайнинг мусулмонлар маҳалласида муқим туриб қолади. У шаҳардаги маҳаллий масжидлардан бирига имом-хатиб этиб тайинланади. Шу тарзда Бомбайда ўн йил истиқомат қилиб етук тасаввуфшунос олим ва муҳаддис бўлиб танилади, катта обрў қозонади. Ушбу йиллар шеърий машқлар ҳам қила бошлайди.

Саййид Маҳмудхоннинг насаби Ўзганда ўтган Иликхонларга бориб тақалади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёзишича, “Фарғона вилоятида бу табақа муқтадо ва шайхулислом ва қози бўлиб келишган”.

Саййид Маҳмудхон ноёб истеъдод ва ёд олиш қобилиятига эга эди. Қуръони карим тиловатига моҳир бўлди. Тошкентдаги “Кўкалдош”, кейинчалик Бухоро мадрасаларида ўқиди, араб ва форс тилларини пухта ўрганди.

Шогирдларидан Муҳаммад Қосим Амин гувоҳлик беришича, Саййид Маҳмудхон 1917-йилги тўнтаришлардан кейин Авлиёотада мактабдорлик, мадрасада мударрислик қилган. Тошкент, Туркистон, Чимкент, Сайрам, Маркида олим сифатида ном чиқарган.

Юртда бошланган алғов-далғов туфайли кўп уламолар қатори Саййид Маҳмудхон Тарозий ҳам таъқибга олинди. Бир неча муддат Фарғона водийи шаҳарларида яшириниб юрди, бошпана излаб Андижонга ҳам келди. Ўша йиллари Абдулаҳад Азизов (шоир Анисий) у кишини кўрган ва суҳбатини олган. Унинг айтишича, йигирманчи йиллари Маҳмудхон Тарозий кундузлари қабристонда яшириниб ётар, тунда эса дўстлари уйига келиб, суҳбат қурар экан. Ўттизинчи йиллар бошида юртдан кетишга мажбур бўлди.

Саййид Маҳмудхон муборак ҳаж сафарига отланади. Ҳаж амалларини бажаргач, Ҳиндистонга келиб, Бомбайнинг мусулмонлар маҳалласида яшайди. У шаҳардаги маҳаллий масжидлардан бирига имом-хатиб этиб тайинланади. Бомбайда ўн йил истиқомат қилади. Бу орада етук тасаввуф олими ва муҳаддис бўлиб танилади, катта обрў қозонади. Ўша йиллари шеър ҳам машқ қила бошлайди.

Саййид Махмуд Тарозий Бомбайдалик пайтида Қуръони карим оятлари маънолари таржимасини бошлайди. У Қуръони карим маъноларини туркийнинг “ўзбек лаҳжаси”га ўгирган биринчи таржимондир. Карочи, Лоҳур, Лакнав, Мўлтон каби мусулмонлар яшайдиган шаҳарларда “Тўра соҳиб”, кейинчалик “Олтинхон тўра” тахаллуси билан машҳур бўлиб кетади. Ўша йиллардан бошлаб араб ва ўзбек тилларида ғазаллар, кўпроқ мусаддаслар ёзади. Карочидаги “Таржимони афкор” уюшмасининг раҳбари Аъзам Ҳошимий саъй-ҳаракати билан унинг мусаддас ва шеърлар тўплами 1953-йили биринчи марта “Мусаддасоти Маҳмудия” номи билан нашр этилади. Ушбу тўпламнинг сўзбошисида айтилишича, «Саййид Маҳмуд Тарозий ҳазратлари учун таърифга ҳожат йўқдур. Илму одоб соҳасидаги мақомлари барчага аёндур».

Ҳиндистонда бошланган ва Покистон давлатининг ташкил топиши билан тугалланган ҳарбий-сиёсий нотинчликлар муҳожирлар, жумладан, Саййид Маҳмудхон Тарозий – Олтинхон тўранинг ҳам оромини бузади ва ниҳоят, у Саудия Арабистонига келиб ўрнашади.

Олтинхон тўранинг 40 йилдан ортиқ давом этган сўнгги илмий-исломий ва адабий-маърифий фаолияти муқаддас шаҳарлар — Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада кечди. Асосий асарлари шу ерда яратилди ва улар туфайли катта обрў-эътибор қозонди.

Дастлаб Маккада хусусий мактаб очиб, ватандошларимиз болаларига, шунингдек, маҳаллий ёшларга ҳам дарс бера бошлайди. Ўшанда унинг кенг қамровли олим экани Арабистонда ҳам маълум бўлиб, ҳукумат томонидан Ҳарами шарифда дарс беришга таклиф қилинади. У кишининг олимлик истеъдоди, классик араб тилини чуқур билиши, нотиқлиги ҳақидаги хабар Саудия Арабистони подшоҳигача етиб боради. У зотнинг олимлик фаолиятини эътиборга олиб, Ҳарамга мударрисликка тайинлайди ва бир неча йил мана шу мартабали лавозимда хизмат қилади.

Домла Тарозий арабчани билмайдиган туркийзабон халқларга исломга оид илмий ва одоб-ахлоққа доир манбалар билан уларни ошно қилиш ва охир-оқибат бундай асарлар уларнинг севимли китоби бўлиб қолиши ҳақида кўпроқ ўйларди.

Ватандошларнинг эътироф этишларича, Олтинхон тўра Саудия Арабистонида яшовчи туркистонликларнинг маънавий раҳбари эди. Бу ёруғ кунларга етиб келгунча Олтинхон тўрага ўхшаш не-не мунаввар ватандошларимиз, юртдан ташқарида бўлса ҳам Ватан озодлиги йўлида захмат чекдилар, она юрт фироқида куйиб ёндилар. Олтинхон тўра бир гуруҳ ҳаммаслаклари билан биргаликда Туркистондаги оғир меҳнат шароити, пахта яккаҳокимлиги туфайли унга сепилган заҳарли моддалардан турли касалликлар тарқалаётгани ҳақида, умуман юртимизнинг умумжаҳон тараққиётидан орқада қолаётгани ҳақида Саудия Арабистони ва бошқа чет эл матбуотида, турли радио тўлқинларда чиқишлар қилиб турган.

У кишидан бир қанча фарзандлар қолди. Биринчи рўзғоридан Саидахон исмли қизи ва ўғли Муҳаммаджон ҳожи Янгийўлда истиқомат қиладилар. Отадан бир ярим яшар қолган бу қизи 1991-йили ҳаж сафарига бориб, отаси билан кўришди-ю, аммо гаплашишга муяссар бўлолмади: ота узоқ бетобликдан беҳуш ётган эдилар (қизи ҳаж амалларини бажариб юрган кунлари Олтинхон тўра қазо қилдилар. Эшитишимизча, Саидахон ҳам 1999-йили Янгийўлда вафот қилган).

Олтинхон тўранинг кейинги рўзғоридан Абдулқодирхон, Мунаввар қори, Усмонхон каби ўғиллари  ҳозирда Саудия Арабистонида истиқомат қиладилар. Улар гарчи ота юртини кўрмаган бўлсалар ҳам Туркистонни доимо ёдда сақлаб яшамоқдалар.

Олтинхон тўра Ватан мустақиллиги эълон қилинишидан атига икки ой илгари – 1991-йил 26-июн куни 98 ёшда Мадина шаҳрида вафот қилдилар. 1995-йил ноябр ойида туғилган юрти Жамбул шаҳрида у зотнинг 100 йиллик юбилейига бағишланган тантаналар ўтказилди.

Манбалар асосида ТИИ 4-курс талабаси 

Замонов Муҳаммаджон тайёрлади

311870cookie-checkҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎЗБЕКЧАГА ЎГИРГАН ИЛК МУФАССИР ОЛИМ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: