islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

АБУ ҲАФС УМАР НАСАФИЙНИНГ “АҚОИДИ НАСАФИЙ” АСАРИНИНГ ФОРСЧА НУСХАСИ “БАЁНИ ЭъТИҚОДИ АҲЛИ СУННА ВА ЖАМОА” ХУСУСИДА

Сўнгги йилларда Имом Мотуридий ҳаёти ва мотуридия таълимотини ўрганиш соҳасида жадал ишлар олиб борилиб, чуқур тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили турк ва ўзбек исломшунос, манбашунос олимлари томонидан халқаро илмий анжуман ва семинарлар мунтазам ташкил этилаётган бўлса, бошқа тарафдан, Миср диёрида ҳам аҳли сунна ва жамоа олим ҳамда ёш тадқиқотчилари томонидан ушбу таълимот имомлари, улар ёзган манба ва асарларини чуқур таҳлил қилиб, қайта нашр қилиши ишлари тобора кенгаймоқда. Хусусан, Эронда ҳам аҳли сунна ва жамоа тарафдорларидан иборат олимлар ва тадқчиқотчилар бу йўналишда сермаҳсул ишлар эълон қилиб боришмоқда. 2021-йил март ойида “Маркази мажози баййинот” нашриёти томонидан чоп этилган доктор Муҳаммад Умар Жўёнинг Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафийга тегишли “Ақоиди Насафий” китобининг Эрон Миллий кутубхонасида сақланган асл қўлёзма нусхаси юзасидан қилган тадқиқоти бунга яққол мисол бўлади.

Шунингдек, А. Аллоқулов “Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид” асари ва унинг шарҳлари таҳлили” деб номланган диссертация ишида: “Изланишлар шуни кўрсатадики, ҳақиқатда ЎзРФАШИ асосий фондида “Ақоид”нинг 87 та қўлёзмаси мавжуд”, деб келтиради. Аммо тадқиқотчи томонидан Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид” асарининг асл форсча нусхасининг борлиги ва у Бурҳониддин Марғионий томонидан ривоят қилингани ҳақида муносабат билдирилмаган.

Муҳаммад Умар Жўёнинг таъкидлашича, бу форсча рисолани аниқлаб, биринчи марта нашрга тайёрлаган киши Муҳаммад Хонсорий бўлиб, бу ҳақда у 1917-йилда мақола чоп эттирган. Аммо мазкур мақолада муаллиф бу форсча нусха Бурҳониддин Марғиноний томонидан ривоят ва нақл қилингани ҳақида фикр билдирмаган ёки чуқур тадқиқ қилмаганини таъкидлайди. Мазкур эронлик доктор Муҳаммад Умар Жўёнинг рисоласига таяниб, ушбу мақоламизни ўзбекзабон тадқиқотчилари эътиборига ҳавола қилишни лозим топдик.

Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 537/1143) аҳли сунна ва жамоа ҳамда мотуридия таълимоти йўналиши имомлари орасида пешқадам ақида имомларидан биридир. У ислом билимларидан фиқҳ, ақида, ҳадис, тафсир, калом, адабиёт ва тарихнависликда етук даражаларга эришган. Унинг дастлабки машҳур устозларидан усулул фиқҳ бобида пешво Фахрул ислом Абу Юср Паздавийдир. Мотуридия таълимотида Абу Мансур Мотуридийдан кейинги ўринда турвчи катта ақида имоми Абу Муин Насафий кабилардан дарс олган. Бу зот илм олган устозлари силсиласида Абу Ҳанифадан етиб келган шажараси ўн бешинчи ўринда туриши таъкидланади.

Абу Ҳафс Умар Насафий китоблари орасида ақида йўналишида – “Ақоиди Насафий” китоби бўлиб, машҳурлик ва мўътабарликда “Фиқҳи акбар” ва “Ақоиди Таҳовий” китоблари қаторида ва баробарида туради ҳамда бу ақида китобига шу кунга қадар юзга яқин шарҳ ва ҳошия ёзилган. Энг машҳур шарҳлардан Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳи Ақоиди Насафий” асаридир.

Тафсир илмида “Ат-Тайсир фи ат-тафсир” асарини араб тилида, Қуръони карим маъноларини форс тилига таржима қилиб, уни сажли насрда кўчирган. Ушбу таржимаси “Тафсири Насафий” номи остида бир неча маротаба чоп этилган.

Фиқҳ бобида Имом Кархийнинг “ал-Усул” асарига “Шарҳи мадорил усул” деб номланган шарҳ ёзган. Шунингдек, шу кунларда 3 та асари қайта нашр қилиниб келинмоқда. Улардан биринчиси “Манзума фил хилофиёт” деб номланган. Бунда ҳанафий мазҳаби имоми Абу Ҳанифа, шогирдлари Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад Шайбоний ҳамда Имом Шофиъий билан Имом Моликлар ўртасидаги турли масалалардаги ҳар хил қарашларини ўз ичига олган 2669 та байтдан иборат назм тузган. Бу манзумасига ўндан ортиқ шарҳлар ёзилган бўлиб, улар ичида энг машҳур шарҳ – Абул Баракот Ҳофизиддин Насафийнинг (ваф. 710/1311) “Ал-Мусаффо фи манзуматил хилофиёт” деган асаридир. Иккинчиси, “Ҳасрул масоил ва қасрул далоил” асари бўлиб, бу назмда ёзилган биринчи асарига муаллифнинг ўзи томонидан ёзган шарҳдир. Учинчи асари эса, “Тилбатут талаба фил истилоҳотил фиқҳия”дир. Муаллиф бунда ҳанафий фиқҳида учрайдиган фиқҳий истилоҳ, яъни атама ва махсус терминларга изоҳ ва шарҳлар битган тоинки ёш талабаларга қўлланма бўлсин учун. Ушбу асари асрлар давомида Мовароуннаҳр, Хуросон, Ироқ, Туркия, Шом ва Ҳинд диёридаги турли мадраса талабалари орасида қўлма-қўл бўлиб, дарслик сифатида ўқитилган.

“Ақоиди Насафий” асарининг форсча нусхалари ҳақида. Имом Бурҳониддин Марғиноний нақл қилишича, Абу Ҳафс Насафий ушбу ақидага доир китобини Султон Санжар Салжуқий (ваф. 1157)нинг илтимосига жавобан ёзган. 1141-йил вафотидан икки йил олдин, умрининг охирида ушбу асарни ёзиб бўлганда, ўша даврдаги барча Самарқанд олимлари буни тасдиқлаб, ўз муҳрларини босиб беришган.

“Ақоиди Насафий” асари аҳли сунна ва жамоа олимлари наздида жуда мўътабар ва ақида илмида таянч манбалар сирасига киради. Барча табақот, маноқиб ва тазкира йўналишидаги асарларда “Ақоиди Насафий” асарини Имом Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафийга нисбат беришган. Аммо айрим тарихий манба ва автобигорафик асарларда Абу Муин Насафийга нисбат беришган. Зеро, бу кишининг “ат-Тамҳид ли-қавоид ат-тавҳид” асари борлиги баъзиларни чалғитган. Шунингдек, баъзилар Абул Фазл Муҳаммад Насафий (Бурҳониддин Насафий ваф. 687/1288)га нисбат беришган, чунки бу киши ҳам калом илмида аҳли сунна ва жамоага мансуб бўлиб, кўплаб илмий асарлар ёзган. Аммо у ашъарий йўналишига мансуб бўлган.

Саъдуддин Тафтазонийнинг ўз шарҳида очиқ ишора қилгани ва Котиб Чалабий ўзининг “Кашфуз зунун” асарида ақида илми йўналишида ижод қилган насафлик олимларни яхши фарқлагани ва ёзган асарларини ажрата олгани сабаб бошқа насафлик олимлар ичидан “Ақоиди Насафий”ни фақат Абу Ҳафс Насафийга нисбат берган.

“Ақоиди Насафий”нинг “Баёни эътиқоди аҳли суннат ва жамоат” деб номланган бу форсча нусхасини ўз шогирди Имом Бурҳониддин Марғиноний томонидан нақл ва ривоят қилган. Ушбу асар муқаддимасида Бурҳониддин Марғиноний қуйидагиларни ёзади: “1141-йилда Султон Санжар Салжуқий Самарқандга келди. Сейстон вилояти ҳокими Амир Абулфазл унга ҳамроҳ эди. Султон Санжар Самарқанднинг уламолари, қози ва шайхлари билан бўлган мажлисда ўтирганида Сейстон вилояти ҳокими Амир Абулфазл ўтирган катта имом, уламолардан аҳли сунна ва жамоа эътиқоди бўйича бир рисола ёзиб беришни илтимос қилди. Рисола ёзилганда барча Самарқанд уламолари ушбу рисолага розилигини билдириб, имзо қўйишларини ҳам хоҳлади. Сўнг Сейстон ҳокими Амир Абулфазл ушбу рисолани ўз юртига олиб боришини, кимки бу рисолада ёзилган эътиқодга зид гапирса жазога тортишини айтди. Ўтирган Самарқанднинг барча имом ва уламолари бунга розилик билдиришди ва ҳамма бир овоздан бу рисолани Имом Абу Ҳафс Насафий ёзишига ишора қилиб, тайёр бўлса тасдиқлаб имзо чекишларини таъкидлашди”.

Ушбу муқаддимани келтираркан эронлик тадқиқотчи Муҳаммад Умар Жўё ўша даврдаги Султон Санжар ҳукмронлиги пайтида Эрон ҳудудларида ҳанбалийлар ва карромийларнинг таъсири ва тарафдорларининг кўпайгани, шу сабабдан ҳам Сейстон ҳокими айни шу илтимос билан Самарқанд вилоятидаги катта уламолардан эътиқодга доир ишончли бир манба ёзишларини хоҳлаган, деб изоҳ қолдирган.

Имом Бурҳониддин Марғиноний томонидан нақл ва ривоят қилинган Абу Ҳафс Насафийнинг ушбу “Баёни эътиқоди аҳли суннат ва жамоат” асарининг асл форсча қўлёзма нусхаси Теҳронда “Эрон ислом шўроси кенгаши” кутубхонасида 11-13613-инвентар рақам остида сақланади.

Асл қўлёзмада Бурҳониддин Марғиноний рисола охирида имзо чеккан Самарқанд уламоларидан ўн бир нафарининг исм шарифларини келтиради. Жумладан, шайхул ислом Жалолиддин Али бин Исмоил Сабжоний, қозикалон Имомиддин Али бин Абдулваҳҳоб, Деҳқони Имоми Зоҳид Шамсиддин Муҳаммад бин Наср бин Мансур Маданий, қозикалон Алоуддин Умар бин Усмон Ифринкадий, қози Садриддин Муҳаммад Навқадий, шайхул ислом Зайниддин бин Аҳмад бин ал-Фараж бин Абдулазиз бин Абул Ҳайсам Соғуржий ва шайхул ислом Алоуддин Муҳаммад бин Абдулҳамид Усмандий Самарқандийни ҳам зикр қилган.

Шунингдек, Имом Марғилоний айтадики, мен ушбу рисоланинг форсча нусхасини ғанимат билиб, мусаннифи Абу Ҳафс Насафийга кўрсатиб, ўқитдим ва баъзи жойларини тўғирлаб ҳам берди.

Эронда сақланаётган ушбу нусха 795/1393-йилда бухоролик Хўжа Порсонинг ўз қўли билан кўчирилган нусха саналади. Бу нусха дафтарча шаклида бўлиб, ичида 4 та рисолани жамлаган. Шунинг иккинчи тартибда бошланадиган рисоласи айни шу “Ақоиди Насафий” рисоласидир. Дафтардаги тўртинчи рисола Имом Абу Мансур Мотуридийнинг шогирди Ҳаким Абулқосим Ишоқ Самарқандий Ҳанафийга тегишли рисоладир.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Ҳафс Нажмиддин Насафийнинг “Ақоиди Насафий” асарининг асл форсча бўлган ушбу қўлёзмасидан бир нусхасини Ўзбекистонга олиб келиш, уни ўзбек тилига тўлиқ таржима қилиш, шу кунгача арабча нусхадан таржима қилинган турли матнлар билан солиштириш зарурдир.

PhD Насриддин Мирзаев

315160cookie-checkАБУ ҲАФС УМАР НАСАФИЙНИНГ “АҚОИДИ НАСАФИЙ” АСАРИНИНГ ФОРСЧА НУСХАСИ “БАЁНИ ЭъТИҚОДИ АҲЛИ СУННА ВА ЖАМОА” ХУСУСИДА

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: