islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Камолиддин Баёзийнинг ҳаёт йўли

Абу Ҳанифанинг илмий-манавий меросини ўрганишга бағишлаб асарлар яратган олимлардан бири XVII асрларда фаолият кўрсатган таниқли олим Камолиддин Баёзий (1634-1687) ҳисобланади. У ўзининг “ал-Усул ал-мунифа ли-л-имом Абу Ҳанифа” (“Имом Абу Ҳанифанинг мукаммал усуллари”) номли асарида, айниқса, ушбу асар шарҳига бағишлаб ёзилган “Ишорату-л-маром мин иборат ал-Имом” номли асарида Абу Ҳанифанинг таълимотини бевосита унинг қаламига мансуб асарларига таянган ҳолда шарҳлайди. Бу борада унга Абу Ҳанифанинг машҳур “Ал-фиқҳ ул-акбар” (“Буюк фиқҳ”), “Ал-фиқҳ ул-абсат” (“Оддий фиқҳ”), “Ар-рисола”, “Ал-олим вал мутаъаллим” (“Устоз ва шогирд”), “Ал-васиййа” (“Васиятнома”) каби асарлари асосий манба ва асос бўлиб хизмат қилади. Шу фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, Абу Ҳанифа таълимотини ўрганишга бағишланган Камолиддин Баёзийнинг “Ишороту-л-маром мин иборат ал-Имом” (“Имом Абу Ҳанифанинг сўзларидан кўнглига мос кўрсатмалар”) номли асарини ўз тадқиқотимиз учун мавзу сифатида танладик.

Камолиддин Баёзий ҳижрий 1044/1634 йили Истанбулда асли босниялик Баёзий Ҳасан Афанди оиласида таваллуд топади. Отаси Баёзий Ҳасан Афанди Истанбулнинг таниқли қозиларидан бўлиб, унинг исмига нисбатан Баёзийзода деб аталган. “Ишороту-л-маром”га ёзилган сўзбошида Муҳаммад Зоҳид Кавсарий бу асарнинг қадр-қиммати ва улуғлиги хусусида сўз ютириб, Камолиддин Баёзийни “қозининг ўғли қози”дея таърифлайди. Шундан биламизки, унинг отаси ҳам ўз вақтида қозилик вазифасида ишлаган ва у қози оиласида ўсиб-улғайган.[1]

Бўлажак олим бошланғич таълимни Истанбул мадрасаларида олиб, кейинчалик мустақил фаолият юрита бошлайди, ҳатто Шайхулислом Абу Саиддан ижозат олади. Дастлаб Адирна ва Истанбулнинг турли мадрасаларида мударрислик қилади, шунингдек, Саҳни-Самон ва Сулаймония мадрасаларида бир қанча вақт дарс беради. Шундан сўнг бир неча йиллар давомида Ҳалаб, Бурса, Макка ва Истанбул қозиликларида ишлаган Камолиддин Баёзий 1680-йили Румели ҳарбий судьяси вазифасига тайинланади. Камолиддин Баёзий Истанбул шаҳрининг Чубукли маҳалласидаги ҳовлисида 1687 йилда вафот этади. Қабри Ускудар Дивитчизода даргоҳи яқинидаги оилавий мақбарасида жойлашган. Кўриниб турибдики, бу алломанинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ маълумотлар жуда кам сақланиб қолган.

Калом ва фиқҳ илмлари соҳасида чуқур билимга эга бўлган Камолиддин Баёзий билан Мулла Чалабий номи билан танилган Муҳаммад ибн Али ал-Омидий илмий мавзулардаги баҳс-мунозараларда иштирок қилади. Шуниси диққатга сазоворки, Камолиддин Баёзий эътиқодий масалаларда асосан Абу Ҳанифа ва имом  Абу Мансур ал-Мотрудийнинг (870-944) қарашларига суянади ва ўз асарларида уларнинг фикрларига алоҳида аҳамият қаратади. Айни пайтда у Абу Ҳанифанинг илмий таълимотини пухта ўрганиш оқибатида ақидавий масалаларга бағишланган калом илмига оид рисолаларини шарҳловчиси сифатида Истанбул илмий муҳитининг эътиборига тушади.

Камолиддин Баёзийнинг фикрига кўра, динни чуқур ўрганиш ва ҳар томонлама етарли билимга эга бўлиш учун дастлаб ақоид илми ва унинг асосларини билиш лозимлигига эътиборни қаратади. Шунингдек, Камолиддин Баёзий  ўрта асрнинг икки йирик мутакаллими ҳисобланган Абу Мансур Мотуридий ва Абу-л-ҲасанАшъарий (873-935) таълимотларини кенг таҳлил ва тадқиқ қилиш натижасида шу икки таълимот  ўртасида элликка яқин фарқли қарашлар мавжудлигини аниқлаб,  улардан ўттиз олтитасини ўзининг “Ишороту-л-маром” номли асарида келтиради. Шунингдек, у илоҳий динлар турли замонларда пайғамбар ва илоҳий китоби билан бир-биридан фарқланиб турса-да, аммо моҳияти ва эътиқод асослари бир эканлиги, эътиқодда насхнинг мавжуд бўлмагани ва фақатгина фаръий ҳукмларнинг ўзгарганига мазкур асарида алоҳида эътибор қаратади.

Мавриди келганда айтиш керакки, Камолиддин Баёзий сўзиг кўра, ислом динининг асл мазмун-моҳиятини соф ва тоза сақлаш учун курашган буюк зотлардан бири, ҳанафия мазҳабининг асосчиси имом Аъзам Абу Ҳанифа (699-767) фиқҳ илми билан бир қаторда узоқ муддат калом илми билан, бошқача айтганда, ақидавий масалалар билан ҳам жиддий шуғулланиши,  ҳидоят йўлидан адашган ҳар хил фирқа ва гуруҳларнинг хато қарашларига раддиялар билдириши бугунги кун назари билан қараганда ҳам алломанинг нақадар кенг қамровли олим бўлганининг белгисидир.  Шу боисдан ҳам мазкур таълимот асрлар давомида кўп олимлар томонидан ҳар томонлама чуқур ўрганилган ва у хусусда кўплаб асарлар яратилган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа асарларида илгари сурилган ғояларни ўрганиш ва уларни давр нуқтаи назаридан шарҳлаб, тарғиб этишда шубҳасиз XVII асрда яшаб фаолият кўрсатган олим Камолиддин Баёзий (1634-1687)нинг 8та асари мавжуд бўлиб, айнан “Ишорату-л-маром мин иборат ал-Имом” номли асарида имом Аъзам Абу Ҳанифанинг “Ал-фиқҳ ал-акбар”, “Ар-рисола”, “Ал-фиқҳ ал-абсат”, “Китоб ал-олим вал мутаъаллим”, “Ал-васиййа” каби асарларида келтирилган қимматли фикр ва қарашларини кенг кўламда шарҳлаб,  уларнинг ҳаётий, амалий жиҳатларини кўрсатиб, ўз хулосаларини баён қилиши билан бизнинг кунимизда ҳам ўз қадр-қимматини сақлаган асар сифатида ардоқлидир. Шундай бўлишига қарамасдан, мазкур асар асрлар давомида илмий муҳит эътиборидан четда қолиши сабабли узоқ вақт тадқиқотчилар эътиборини тортмади.

Айни пайтда Камолиддин Баёзий ўз даврининг етук хаттотларидан бири сифатида танилган бўлиб, машҳур ҳаттот Дарвеш Алидан хаттотликдан дарслар олади.

Камолиддин Баёзий диний соҳада етарли билимни эгаллагандан кейин ўзи ҳам бу борада ўзи яшаган даврнинг талаби ва тақозосидан келиб чиққан ҳолда бир қанча асарлар ёзишга киришади.Унинг ўз даврида ёзиб қолдирган асарлари рўйхатини кўздан кечирадиган бўлсак, асосан Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг илмий фаолиятига қизиққани, кўпроқ алломанинг ақидавий таълимоти ва қарашларига илмий асосда ёндашиб, теранроқ кириб боришга ҳаракат қилганини кузатиш мумкин. Бунга Камолиддин Баёзийнинг “Ишороту-л-маром” асарини ёзиш муносабати билан келтирган сўзбошисида бу асарни ёзишдан мақсади ва унинг асосий тадқиқий омилларига тўхталади ва Абу Ҳанифани аҳли сунна вал жамоанинг аввалги мутакаллими сифатида алоҳида эътироф этиб, аҳли суннага ёрдам бериш мақсадида бир қанча рисолалар яратгани ва уларда кўпроқ хавориж, шийа, қадарийя ва даҳрийя фирқаларини билан мунозарага киришганини келтиради.[2]

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси

Исмоилов Абдулбосит

[1] Камолиддин Баёзий. Ишоратул маром. Муҳаммад Зоҳид сўзбошиси. –Байрут: Дорул кабир, 2007. –Б.3.

[2] Камолиддин Баёзий. Ишоратул маром. Муҳаммад Зоҳид сўзбошиси. –Байрут: Дорул кабир, 2007.–Б. 19.

315500cookie-checkКамолиддин Баёзийнинг ҳаёт йўли

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: