Бугунги кунда замонавий ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг шиддат билан ривожланиши, коммуникация ва ахборот технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайиши, услуб ва воситаларнинг такомиллашувига туртки бўлиб, маънавий таҳдидлар глобал муаммога айланди. Бу долзарблик Ер юзининг турли минтақалари халқларининг онги ва қалби турли ғояларни синаш майдонига, бошқача айтганда мафкуравий полигонга айлантирилаётгани билан ҳам белгиланади. Замонавий воқелик инсон қалби ва онги учун бўлган курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада юқорида қайд этилганидек, дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, фарзандларимиз маънавиятига тажовуз солаётган таҳдидлар қаторида, динни ниқоб қилиб, диний қадриятларимизни оёқости қилишга уринаётган мутаассиб сиёсий ислом тарафдорлари ҳамда диний экстремистик ҳаракатларининг фаолияти жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бундай кучлар ёшлар онги ва қалбини забт этиш мақсадида ҳар қандай қабиҳ йўллардан фойдаланишга уринмоқда. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этаётган, жамиятга ҳар томонлама зарар етказаётган бундай ҳаракатлар ёш авлод орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда. Шундай экан, ХХI асрда қабоҳат ўчоғига айланган диний экстремизм ва ҳар хил шаклу шамойилдаги мутаассибликка йўғрилган бузғунчи уринишларга қарши ҳаётимизда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақидаги чуқур таҳлилий маълумотларни ёш авлодга етказиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, бунда “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёйев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, – деб таъкидлади.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Жиҳодий жамоаларнинг мафкурасида «такфир», яъни «кофирга чиқариш» тамойили муҳим ўрин тутади. «Такфир» – мусулмонни иймонсизликда айблаш демакдир. Жиҳодчилар ўзига эргашмаган мусулмонларни «кофир», яъни «динсиз» деб асоссиз ҳукм чиқаради. Ҳадисда «Кимки мўмин кишини «кофирсан» деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади» дейилади. Яъни, мусулмонман, деган инсонга «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи ҳеч бир инсонга берилмаган.
“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарихий-жорий вазиятдан келиб чиқиб Маккани тарк этиб, Мадинага боришларига қиёсан, Ислом дини йўлида мусулмонларнинг яшаб турган ерларини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетиши назарда тутилади.
Ҳозирда Ислом дини ақидасини очиқдан очиқ бузиб, шариатга мутлақо зид равишда муайян гуруҳларнинг ғараз мақсадларни кўзлаётган кимсалар “ҳижрат килмаганлар кофир”, “кофир юртда яшаш куфр” деган сохта ва бузуқ даъволар билан ватандошларимизни айниқса, ёшларимизни алдаб, хориждаги жангарилар тайёрланадиган марказларга жўнатишга ҳаракат қилмоқда. Аслида эса, ислом таълимотига мувофиқ, Ўзбекистон каби мусулмон мамлакатдан “ҳижрат” қилинмайди.
«Жиҳод» сўзи “Жидду-жаҳд”, яъни инсон ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, ҳаракат килиши маъносини англатади.
жиҳод “эълойи калиматуллоҳ” (“Аллоҳнинг калимасини олий қилиш”) учун, исломни азиз қилиш учун, куфр қоидалари ва расм-русумларини маҳв қилиш учун муқаррар қилинган. Динни ҳақорат қилиш учун эмас, исломни ва мусулмонларни хор қилиш учун эмас. Шунга биноан, фақиҳлар жиҳоднинг фарз бўлиши учун бир қанча шартларни ёзганлар”.
Шунинг учун, Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳи фақат хоҳиш-истак билангина жиҳод фарз бўлиб қолмаслигини таъкидлайдилар:
“Уларнинг энг биринчиси шуки, омонлик ва муҳофаза қилинган жой бўлсин. То кофирларнинг ёмонлигидан нажот ҳосил бўлсин. Эҳтиёж тушган вақтда корга ярайдиган бўлсин. Агар ислом аҳлига кофирлар устидан ғалаба қилиш хоҳиш-истаги аниқ ғолиб бўлса ҳам ЖИҲОД ФАРЗ ЭМАС!”.
Шунингдек, дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтахид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод килмокда.
Шаҳид — ислом динига кўра, Аллоҳнинг ризоси йўлида фидоийлик қилган, иймон- эътиқоди, номуси, Ватан озодлигини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган ва жаннатга киришликка шаҳодат (ваъда) қилинган киши, демакдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шунингдек, ички касалликлар хуружи ва вабо (ўлат) билан ўлган, сувда чўккан, девор босиб қолиш ва бошқа айрим сабаблар билан фожиали ўлим топган кишиларга ҳам шаҳидлик мақоми берилади, деб таъкидлаган.
Афсуски, ёшлар муайян қисми экстремистик оқимларни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда одам ўлдириш, аҳоли корига ярайдиган маиший биноларни вайрон қилиш ва кўнгли тусаган бошқа жиноятларни содир этишни гўёки “жиҳод”, бу разил ишларни амалга ошираётган шахсларни эса “мужоҳид” санайдилар, уларнинг сафига қўшилишни эса мусулмонлар учун фарз ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар.
Халқаро террористик ташкилотларнинг манфур мақсадларидан бири – ўз сафига турли йўллар билан қўшилган ёшларни жанговор тайёргарликдан ўтказиб, Ватан, оила туйғуларини сўндириб, ўз юртига, ўз ватандошларига қарши қўпорувчилик ишлари олиб боришга йўналтиришдир.
Диний экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солади. Жумладан, диний экстремистик оқим таркибига кириб қолган шахс:
– оиласи, қариндош-уруғлари ва яқин инсонларидан маҳрум бўлади;
– жамиятдаги ижтимоий мавқеини йўқотади, чуқур илм олиш, яхши касб эгас бўлиш ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш имкониятларидан айрилади;
– ён-атрофига, воқеа-ҳодисаларга, ўз шахсий муносабатлирисиз, барча жараёнларга фақат бузуқ ақидалар асосида нигоҳ ташлашга мажбур бўлади;
– умри қамоқда ёки ўзга юртларда хор-зор ва саргардонликда ўтади, ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги инсоний мажбуриятларини бажара олмайди.
Ўз навбатида, экстремистик ғоя ва ёт ва носоғлом қарашларнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва тадрижий ривожланишга зарарли таъсири қуйидагиларда акс этади:
– Кишининг экстремистик оқимга аъзо бўлиши унинг қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини – оилаларда парокандаликни юзага келтиради, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;
– жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий-диний, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавиятга катта зарба берилади;
– экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиш орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” сусайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;
– терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади.
Шундай экан бугунги кун талабидан келиб-чиқиб, ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим масканларини вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчидир.
ТИИ проректори
У.ХОДЖАЕВ