Ҳарис ал-Муҳосибий тасаввуф психологиясининг асосчиларидан бири сифатида баҳо берилади. Чунки у биринчилардан бўлиб ўз-ўзини англаш деб аталган мураккаб психологик тушунчани тасаввуфона шарҳлашга ҳамда ўша давргача йиғилиб қолган психологик билимларни тизимлаштиришга ҳаракат қилади.
Ҳарис ал-Муҳосибийга Фаридиддин Аттор шундай деб баҳо берган: “Шайх ҳазрат Ҳориси Муҳосибий, қаддасаллоҳу сирраҳул азиз, замонанинг шайхул машойихи эди. Фаросату воизликда беназир эди”.
Ҳарис ал-Муҳосибийнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида маълумотлар кам сақланиб қолган. Унинг Басрада араб оиласида таваллуд топганлиги ва шу ерда Хасан Басрийдан етиб келган зуҳд анъаналари билан танишганлиги, ҳадис илми бўйича илк сабоғини ҳам шу ерда олганлиги маълум. Кейинчалик у Бағдодга келади ва барча диний, шу жумладан фиқҳий билимларни мукаммал ўрганади. Маълумки, бу даврда ўз даврининг машҳур олими, шофеъий сунний мазҳабининг асосчиси Муҳаммад бин Идрис аш-Шофеъий (820 й.в.э.) Боғдодда истиқомат қиларди. Маълумотларга кўра, у шофеъий мактабида таълим олади. Ҳарис ал-Муҳосибий Бағдодда мударрислик фаолияти билан шуғулланади ва шунинг учун ҳам у бу шаҳарда кўплаб шогирд ҳамда ҳамфикрларга эга бўлади.
Ҳарис ал-Муҳосибий яратган асарларнинг структурасига эътибор берсак, асосан шогирдларнинг саволларига руҳоний устознинг берган жавоблари кўринишида ёзилганлигининг гувоҳи бўламиз. Шунингдек, унинг тўпламлари автобиографик характерда ёзилган. Уларда олим ва ориф ўзининг диний ҳақиқатни излаш жараёнидаги кечинмаларини, шахсий хулосаларини ҳамда нажот йўлларини баён қилади. Бироқ унинг айрим фикрлари ўша даврдаги машҳур фиқҳ олими, ҳанбалия сунний мазҳабининг асосчиси Аҳмад бин Ҳанбал (855 й.в.э.) томонидан танқид остига олинади ва психологик ўзини ўзи кузатиш, ўзини ўзи таҳлил қилишга бағишланган таълимоти бидъат деб эълон қилинади. Натижада Ҳарис ал-Муҳосибий Куфа шаҳрига кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Тарихий манбаларда кўрсатилишича, у Куфадан туриб Аҳмад бин Ҳанбалга қилган хатоларидан афсусланаётганлиги, адашганлиги ҳақида мактуб йўллайди, бироқ Аҳмад бин Ҳанбал унга ҳеч қандай реакция кўрсатмайди. Баъзи ғарб психологлари бу масалага нотўғри ёндашганлигини кузатса бўлади. Масалан, А.Д.Книш ўзининг “Мусулманский мистицизм” китобида бу ҳақда шундай деб ёзади: Аҳмад бин Ҳанбал “буни (Ҳарис ал-Муҳосибийнинг узрини қабул қилмасликни – Х.А.) Ҳарис ал-Муҳосибийга бўлган ҳасадидан қилган. Чунки у Аҳмад бин Ҳанбалга ўхшаб нотиқ ва кенг қиррали олим эди”.
Бизнинг фикримизча, бундай ҳолат улар ўртасидаги муносабатларни юзаки тушунтиришга киради. Бунинг икки томони мавжуд: биринчидан, Аҳмад бин Ҳанбалдай киши ҳасад қилиши ва ўз ҳасади билан бошқаларга зулм ўтказиши мантиқан нотўғри ва манбалар билан исботланмаган фикр; иккинчидан, бу мунозаранинг мазмун-моҳияти азалдан бўлиб келаётган “олимлар ва орифлар” ўртасидаги мунозара билан боғлиқ, яъни ҳулул масалалари билан боғлиқ.
Ҳарис ал-Муҳосибий умрининг сўнгги йилларини Боғдодда ўтказди ва у вафот этганида унинг шогирдларидан фақат тўрттасигина жанозада қатнашганлиги ҳақида айтилади.
Энди бевосита Ҳарис ал-Муҳосибийнинг тасаввуф таълимоти ва амалиётига, хусусан тасаввуф психологиясига қўшган ҳиссаси масаласини кўриб чиқишга ўтамиз. Маълумки, Ҳарис ал-Муҳосибийнинг аҳлоқий таълимотининг асосида муҳосабатун нафс, яъни ўз-ўзига ҳисобот бериш ётади. У ўзининг “Китабур риаййа ли-ҳуқуқ Аллаҳ” (“Аллоҳга нисбатан мажбуриятларни сақлаш китоби”) асарида ўз ўзини таҳлил қилиш жараёнини, Аллоҳга хизмат қилишга интилган ҳар қандай одам босиб ўтадиган йўлни мукаммал кўриб чиқади. Китобни ўқиган киши Ҳарис ал-Муҳосибийнинг инсон табиатини, унинг заиф томонларини чуқур билишлигини кузатса бўлади. У мазкур инсоний заифликларни бартараф этадиган ва Аллоҳга сидқидилдан хизмат қиладиган воситаларни таклиф этади. У инсон психологияси тўғрисида ёзар экан, юксак донишмандлик ва ҳақиқий устозга, пирга хос бўлган самимият сингари сифатларни намойиш этади.
Ҳарис ал-Муҳосибий инсон қалбининг чуқур жойларида яшириниб ётган яширин мотивларни тадқиқ қилиши натижасида зоҳидларга нисбатан анча илгарилаб кетди. Маълумки, зоҳидликда ўзлигини инкор қилиш, ихтиёрий фақирлик ва дунёвий муҳаббатини сўндириш сингари ҳолатлар ҳукмрон бўлган бўлса, Ҳарис ал-Муҳосибий ўз издошларини бу амалларни одамларга кўрсатиб қўйиш учун бажаришдан қайтарди. У риёни руҳоний покланиш ва комилликка интилиш йўлида асосий тўсиқ деб билди. Риёдан муттасил сақланиш “Аллоҳнинг дўстлари” – валиларга хос бўлган белгилардан бири ҳисобланади. Ҳарис ал-Муҳосибийнинг фикрига кўра, риёни аниқлаш ва ундан қутулиш учун ҳар қандай амалларни ҳоҳ у дунёвий бўлсин, ҳоҳ ухровий бўлсин бажариш жараёнида ўзининг ўй-фикрларини ва ниятини чуқур таҳлил қилиш талаб этилади. Фақатгина шундай ўзини ўзи таҳлил қилиш орқалигина Аллоҳга сидқидилдан хизмат қилиш мумкин бўлади. Ўзини ўзи таҳлил орқали инсон иккита мақсадга эришади: биринчидан, ўз гуноҳларига тавба қилади; иккинчидан, кибрнинг ёмонликларидан сақланилади. Ориф бу сифатларни Аллоҳдан қўрқув ва Аллоҳга умид сифатларидан келтириб чиқаради.
Ҳарис ал-Муҳосибийнинг тасаввуф психологиясига қўшган ҳиссасидан бири – айнан ўзини ўзи таҳлил жараёнини тасаввуф таълимоти ва амалиётига киритганида ётади. Бироқ у ҳали қўрқув ва умид зиддий жуфтлигидан ваҳдат тушунчасига етиб келмаган ҳолда тушунтирилади. Шундай бўлсада, шу ҳолнинг ўзиёқ Муҳосибийнинг тасаввуфга биринчилардан бўлиб ўзини ўзи таҳлил услубининг киритганлигини намойиш этади.
Хўжагелди Алимов
Тошкент ислом институти
Ижтимоий фанлар кафедраси доценти
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1.Имом Калобозий. Тасаввуф сарчашмаси / Арабчадан О. Мовлонқул ўғли, М. Отақул қизи тарж.; Маъсул муҳаррир, сўз боши муаллифи: Н. Комилов. – Т.: Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашр. 2002. – 144 б.
2.Фаридиддин Аттор. Тазкиратул авлиё. – Т. : “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 1997. – 175 б.
3.Ш.Бобохонов, А.Мансур. Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи.- Т. : “Мовароуннаҳр”, 1993. – 136-бет. – 127 б.
4.А.Кныш. Мусульманский мистицизм: краткая история/А.Д. Кныш; пер. с англ. М.Г. Романов. – СПб.: Издательство «ДИЛЯ», 2004 – С. 4 6 4.
5.С.Тримингем. Суфийские ордены в исламе. Пер. с англ., А.А. Ставинской, под редакцией и с предисл. О.Ф. Акимушкина. – М.: Наука. Главная редакция восточной литературы, 1989. – С. 328.