Ўзбек тили – олтой тиллари оиласининг туркий тиллар туркумига киради. Ўзбек тили сўзга бойлиги, мусиқийлиги ва оҳангдорлиги билан ажралиб туради. Маълумки, ўзбек (туркий) тилидан темурийлар давлати, Олтин Ўрда, шайбонийлар, аштархонийлар, ўзбек хонликлари фойдаланган. Бухоро ва Хоразм Республикалари, Туркистон Мухторияти, Туркистон АССР, Ўзбекистон ССРнинг расмий тили бўлган.
Дунё аҳолисининг катта қисми сўзлашадиган тиллар рўйхати бўйича 2015 йил ўзбек тилшунос олими А.Абдуазизов тузган 40 та тилдан иборат рўйхатга кўра: 975 миллион нафар сўзлашувчисига эга хитой тили биринчи ўринни, инглиз тили иккинчи ўринни, ҳинду тили учинчи ўринни ва ўзбек тили 34-ўринни эгаллаган. Мазкур рўйхатда ўзбек тили туркий тиллар орасида турк тилидан кейин иккинчи ўринни, МДҲга аъзо давлатлар орасида эса рус ва украин тилларидан сўнг учинчи ўринни эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ, ўзбек тили давлат тили ҳисобланади. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган ва 1995йил 21декабрда такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 10 апрелда имзоланган ЎРҚ-615-сон Қонунга кўра 21 октябрь – Ўзбек тили куни деб эълон қилинди. Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 2019 йил 21 октябрда давлат раҳбаримизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5850-сон Фармони давлат тил сиёсатининг жадаллашувига сабаб бўлди.
Диёримизда ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ ва инглиз тилларида матбуот нашрлари, телерадио кўрсатув ва эшиттиришлари мавжуд. Таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади. Бу кўрсаткич билан МДҲ давлатлари ичида ягона ҳисобланади. Барча дарслик ва қўлланмалар ўз мамлакатимизда тайёрланади. Ўзбек мактабларида она тили, рус тили ва бир хорижий тил, рус мактабларида она тили, давлат тили ва бир хорижий тил, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман мактабларида эса она тили, давлат тили, рус тили ва бир хорижий тил ўқитилади.
1989 йили Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, ҳеч қанча вақт ўтмай, бетакрор юртимиз миллий мустақилликка эришиши туфайли она тилимиз жаҳон тиллари орасида эгаллаган ўз ўрнини мустаҳкамлади, унда сўзлашадиган одамлар сони йилдан йилга кўпайиб борди. Ҳозирги вақтга келиб, ўзбек тилида сўзлашадиганлар сони ошиб бормоқда.
Ўзбек тилида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Россия Федерацияси, Хитой, Туркия каби давлатларда яшовчи халқ вакиллари сўзлашади. Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 13, Қирғизистоннинг 15, Қозоғистоннинг 4, Туркманистоннинг 6 фоиз аҳолиси ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари, Афғонистон, Туркия, Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Швеция, Латвия, Украина, Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз она тилимизда мулоқот олиб борадилар. Бугунги кунда Тожикистонда 2 миллионга, Афғонистонда 3 миллионга, Қирғизистонда 1 миллионга, Қозоғистонда 600 мингга, Туркманистонда 300 мингга, Россияда 300 мингга, Покистонда 70 мингга, Туркияда 50 мингга, АҚШда 20 мингга яқин ва Хитойда 13 минг нафар ўзбеклар яшайди.Ўзбек тили Афғонистонда пушту ва дарий тилларидан кейинги учинчи расмий тил саналади. Афғонистоннинг шимолида жойлашган 8 та вилояти аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади.
Тилимиз йўқолиб кетмасдан бугунги даражага етиб келиш йўлида заҳматкаш халқимиз катта машаққатларни бошидан кечирди. Кўп қурбонлар берди. Нафақат ўзининг фарзандларини, балки халқимизнинг миллий тараққиёти, тили ва адабиётининг ривожи йўлида жон куйдирган машҳур адибимиз Абдулла Қодирийдек фидойи ўғлонлари ҳамда бутун бошли жадидчилар каби зиёли қатламини қатағон этилишига гувоҳ бўлган.
Ҳозирги вақтга келиб , ўзбек тили гўзаллиги, жозибадорлиги ва латофати туфайли дунёнинг кўпчилик мамлакатларида, айниқса, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ ва Европа иттифоқининг баъзи давлатларида ҳам ўрганилмоқда. Масалан, Туркияда ўзбек тили дарслари ўқитилади. Чунки бу давлатда ўзбек тилига чет тили сифатида эмас, қардош тил сифатида қаралади. Ҳозирги кунда Туркиянинг 14 университетида Замонавий туркий тиллар ва адабиётлар факультети кадр тайёрлайди. Тожикистон ва Қозоғистоннинг нуфузли олий ўқув юртларида ҳам ўзбек тили филологияси ва адабиёти факультетлари мавжуд. Ҳаммасида ўзбек тили, ўзбек адабиёти, ўзбек халқ оғзаки ижоди каби дарслар ўқитилади.
“Миллий тикланишдан-Миллий юксалиш сари” шиори остида “Янги Ўзбекистон”ни қуриш жараёнида тилимизнинг давлат ва умумхалқ ҳимоясидалиги ва унга ғамхўрлик масаласи давлат дастурларида, маънавий-маърифий тадбирларда ўз аксини топмоқда.
Бугунги таҳликали замонда ва глобаллашув шароитида она тилини эъзозлаш, уни ҳурматини жойига қўйишда барчамизга муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ўрнак ва ибрат намунаси бўлишига барча асослар мавжуд. Давлатимиз раҳбари хориждаги элчининг ўзбек тилини билишини мамлакат обрўсини белгилайдиган асосий мезон сифатида эътироф этиб “Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?” деган сўзлари давлат тили сиёсатининг қай даражада мустаҳкам эканлигидан далолатдир. Маърифатпарвар аллома Алихонтўра Соғуний ўз она тили қадрига етмаслик ва унга аҳамият бермасликни ўз она тилидан абадий ажрамоқликка, миллий ҳиссиётларини йўқотишга тенглаштирган ҳамда бу ишни инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят деб ҳисоблаган.
Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги юртимизда ва халқаро миқёсда кенг нишонланди. Унинг нуфузини оширишга қаратилган махсус фармон қабул қилинди. Ҳукумат тузилмасида давлат тилини ривожлантириш департаменти жудаям самарали фаолиятини бошлади. Ҳар бир вазирлик, идоралар ва ҳокимликларда раҳбарнинг давлат тилида иш юритиш бўйича маслаҳатчилари лавозим жорий этилди.
Ўзбекистонда тил ранг-баранглиги ва жозибадорлигига кенг аҳамият берилмоқда, бошқа миллатларга мансуб аҳолининг тили ҳам камситилмади. Уларнинг ривожланишига кенг имкониятлар яратилди. Ўзбек тилига Давлат мақоми берилиши, республика ҳудудида яшовчи миллат ва халқларнинг ўз она тилини эркин қўлланишига тўсқинлик қилмаслиги ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берилган.
Қорақалпоғистон Республикасида ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ тилига ҳам давлат тили мақоми берилган. Шундан келиб чиқиб, қорақалпоқ тилини ўрганишга бўлган эътибор кучайиб, қорақалпоқ тилининг янада бойиши, мукаммал бўлиши учун кенг имконият ва шароитлар яратилган. Қорақалпоғистонда 1 декабрь – қорақалпоқ тили куни деб белгиланган. Қорқалпоғистон Республикасидаги ўзбек мактабларида қорақалпоқ тили, қорақалпоқ мактабларида ўзбек тили ўрганилмоқда.
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Аҳолининг 80 фоиздан ортиғи ўзбек тилида сўзлашади. Шунингдек, тожик, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, туркман,уйғур,татар, рус ва бошқа тилларда сўзлашувчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Мозийга қараб иш тутсак ўзбек адабий тили тарихи қуйидаги 4 та ривожланиш босқичини ўз ичига олади:
Қадимги туркий тил даври – милоддан олдин то Х асрларгача бўлган давр. Қадимги халқ оғзаки ижоди намуналари, VI-VII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой ёдгорликлари шу даврда яратилган. Буюк аждодимиз Билга Ҳоқон 711 йилда ўз битиктошида бу тилда “Эй туркий элим. Сен ўзингни англа, ўзлигингга қайт, шундай юксаласан!” дея авлодларга васиятнома қолдирган.
Эски туркий тил даври – Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону-луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Носириддин Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий” асарлари, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикматлари” ХI-ХIV асрларда ёзилган.. Ўзбек тили ХI асрдан бошлаб мустақил тил сифатида шаклланди ва ХIII асрда эски ўзбек адабий тили шаклланиб бўлди.
Эски ўзбек адабий тили даври – Мавлоно Атойи, Юсуф Саккокий, Сайфи Саройи, Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Турди Фароғий, Махмур, Гулханий, Муқимий, Зокиржон Фурқат, Завқий ва бошқа кўплаб ижодкорларнинг асарлари яратилган, “Шайбонийнома”, “Нусратнома”, “Абдулланома”, “Алпомиш” “Ўғузнома”, “Манас”, “Гўрўғли”, “Қирққиз”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби халқ оғзаки ижодига мансуб асарлар ўзбек тилида кенг тарқалган ХV асрдан ХIХ асрнинг иккинчи ярмигача бўлган вақт.
Ҳозирги ўзбек адабий тили даври – “Туркистон вилояти газети” нашр қилина бошлаган 1870 йилдан, яъни ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан ҳозиргача. Шу даврда яратилган асарлар ҳозирги ўзбек адабий тили намуналаридир.
Шубҳасиз ўзбек тили ривожланишида ўзбек адабиётининг асосчиси, сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёс. Улуғ Навоий бобомиз ўзбек тилшунослигига оид “Муҳокамат-ул-луғатайн” асарини ёзган. Унда қиёсий тадқиқот услуби орқали ўзбек тилининг бошқа нуфузи баланд тиллардан кам эмаслигини аниқ мисол ва илмий асослар билан очиб берди. Бундан ташқари, нотиқлик, суҳбат одоби, тинглаш ва нутқ маданиятига оид “Маҳбуб ул-қулуб” асарини ёзган. “Назм ул-жавоҳир” ва бошқа кўплаб рисолаларида сўзнинг буюк қудрати ва нутқ маҳоратига оид бетакрор мерос қолдирган.Тилшунослик ва нотиқликка оид қарашлар “Хамса”, “Чор девон”, қатор ғазал ва рубоийларида ҳам ифодаланган.
Заҳматкаш ва жафокаш халқимиз тарихда 4 маротаба ўзбек тилининг араб,лотин, кирилл, яна лотин ёзувидаги имлосига алмаштирилди. 1928 йилгача ўзбек тилининг араб ёзувига, 1928 йилдан 1940-йилгача лотин ёзувига асосланган алифбосида ёзилган. Сталиннинг буйруғига кўра 1940 йилдан кирилл ёзувига ўтилган. 1993 йилдан лотин ёзувига асосланган алифбо киритилган ҳамда 1995 йилда эса лотин ёзувининг бошқа кўринишига алмаштирилди. Бу ёзув ҳозирда таълимда қўлланилмоқда. Иш юритиш ҳалигача кирилл имлосида амалга оширилмоқда. Аслида 2005 йилдан бошлаб тўлиқ лотин имлосига ўтишимиз қатъий белгиланган эди.
Аччиқ тажрибадан, имло алмашиши натижасида миллатининг саводхонлик даражасини кескин пасайишига, авлодлар ўртасида узилиш келтириб чиқишига, катталар ўз авлодларининг ёзувини ўқий олмаслиги ва ёш авлод аждодлар меросини эгаллай олмаслигига сабаб бўлди. Она тилимиз- ўзбек тили жаҳон майдонида ўзини сақлаб қолди. Шоир Мирзо Кенжабек ёзгандек, ҳар қандай синовларга барқарор туриб берди.
Кўксим ичра бир шарор ўзбек тили,
Этгай оламни баҳор ўзбек тили.
Қолди Ёфасдан азиз ёдгор бўлиб,
Парчаланмас бир диёр – ўзбек тили!
Неча имло ўзани ўзгардию,
Оқди мангуликка ёр ўзбек тили.
Токи олам барқарордир, то абад,
Олам ичра барқарор ўзбек тили!
БМТ, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра инновация, замонавий янги техника, технология ва фанга тегишли адабиётларнинг 80 фоизи лотин ёзувида чоп этилади. Илғор ривожланган давлатлар қаторига қўшилишимиз учун тезкорлик билан лотин имлосига тўлиқ ўтишимиз мақсадга мувофиқдир. Она тилимизни дунёга таълим йўли билан, тилимизнинг математик моделини яратган ҳолда интернет ва компьютер тилига айлантириш йўли билан ёйишимиз муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбек тилимиз қонун билан мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган давлат рамзи сифатида давлат тили этиб белгиланган ва муқаддас тимсолга айланган.
Зеро, шундай экан тилимиз ҳам оёқ ости қилинмасдан, ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир ватандошимиз томонидан қадрланиши, тилимиз қалбимиз тўридан ўз ўрнини топиши керак. Она тилимизни ҳурмат қилиш ҳар биримизнинг фарзандлик, фуқаролик ва инсонийлик бурчимиздир.
ТИИ Тиллар кафедраси
катта ўқитувчиси Фахриддин Ерназаров