Эндиги навбатда зикрлар билан ошно бўлиш қаторида аҳлуллоҳлар билан бирга бўлишга урининг. Чунки уларнинг мажлисларига қатнашиб, хутба ва панд-насиҳатларини эшитишдан кўра нафс ислоҳига ёрдам берадиган кучли восита йўқ. Шубҳа йўқки, бирга бўлиш шахсиятни шаклланишида бевосита таъсир кўрсатади. Зеро, инсон дўстининг динидадир. Уларнинг олдиига боришга фурсат бўлмаяпти ёки фаразан, солиҳ кишиларни топа олмаяпсиз, дейлик. Бу пайтда сизга тавсия шуки, китоблар ўқишда давом этинг. Ҳасан Басрий ёки Ибн Сирин каби зотлар ҳаётлари, улар ҳақидаги ҳикоялар билан танишинг. У китобларда нафс ислоҳига ёрдам берувчи нурни топасиз, тазкия йўлини тутиш сиз учун осонлашади. Шунда ибратланиб, динингиз ва хулқингиз яхшиланади. Қуръони каримнинг услуби ҳам шундай. Чунки унда инсонлар ибратланиши учун ўтган пайғамбарлар қиссалари бир неча бор келтирилади.
Дунё сабаблар олами. Шу боис Аллоҳ таоло бу дунёда қонуният ўрнатган. Хоссатан, инсониятда ҳам жорий бўлган одатлар қўйилган. Жумладан, нафс тузалиши, қалб покланиши, тақво ҳосил бўлиши учун инсон аҳлуллоҳлар билан бирга бўлиши, уларнинг маслаҳат ва тавсиялари асосида олдинга юриши ҳам Аллоҳ инсон учун жорий қилган қонунларидандир. Шунинг учун Аллоҳ таоло махлуқотининг ҳидоят топиши учун пайғамбарлар юборган. Уларнинг мартаба эътиборидан аввалгиси, лекин замон жиҳатидан охиргиси пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло бир неча оятларда у зотни тўртта мақсадни амалга оширувчи расул қилиб юборганини айтиб, бандаларига миннат қилган. Жумладан, қуйидаги оятда бундай марҳамат қилади:
لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِّنْ أَنفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِن كَانُوا مِن قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ
“Албатта Аллоҳ мўминларга буюк инъом қилди – уларга ўзларидан бўлган (яъни, инсон жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган элчини юбордик. Харчанд улар (Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келишидан) илгари очиқ хато – залолатда эдилар”[1].
Аллоҳ таоло Китоб ва Ҳикматни ўргатиш ёнида поклайдиган дея тазкияни зикр қилди. Тазкия – нафсни поклаш, қалбга жойлашиб, ўрнашиб олганини инсоннинг ўзи ҳам сезмайдиган ботиний разолатлардан уни халос қилиш демакдир. Шунингдек, оят саҳиҳ илм ва тўғри ҳикматнинг ўзи кишига фойда бера олмаслигини, уни кўзланган мақсадга етказа олмаслигини, балки амал кераклигига ҳам далолат қилмоқда. Ҳа, амрларга бўйсуниш ва наҳийлардан қайтиш лозим.
Киши қанчалик илм соҳиби бўлмасин, қалбда уни ҳақ ишга амал қилишдан чалғитиб турадиган баҳоналар бўлади. Масалан, ярамас нафсни дам олдириш баҳонаси, кўпинча, бомдод намозига туришдан тўсиб қолади. Озроқ дам олиш баҳонаси дўстлар билан узоқ суҳбатлашиб ўтиришга ундаб, жамоат намозига чиқмасликка сабаб бўлади. Шаҳват баҳонаси Аллоҳ ва расули рози бўлмайдиган назарларга олиб келади. Катталик баҳонаси мусулмонни паст санашга, уни ғийбат қилиш ва ёмонлашга бошлайди. Шу каби ички разолатлар, нафсий макр-ҳийлалар илм билан амал қилишга тўсқинлик қилади.
Нафсни мана шу кирликлардан поклаш тазкия дейилади. Пайғамбарларнинг вазифаси шу тазкия эди. Улар қалб ва нафсда руҳий жарроҳлик амалёти ўтказганлар. Эрта-ю кеч улар билан бирга бўлиб, уларнинг амалларини кўрган, баъзан халқ билан ва баъзан Холиқ билан қилган муомалаларига шоҳид бўлган кишилар қалбида Аллоҳ томонидан нур пайдо бўлиб, зулматларни тарқатиб юборади. Аллоҳ таоло гўзал услуб билан бундай марҳамат қилади:
قَدْ جَاءَكُم مِّنَ اللَّهِ نُورٌ وَكِتَابٌ مُّبِينٌ
“Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур ва Очиқ Китоб келди”[2].
Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам китобдан истифода олиши учун икки нурга эҳтиёжи сезади. Биринчиси, кўз нури бўлиб, у билан кўради. Иккинчиси, атроф ёруғлиги ҳисобланиб, бу унга китобни ёритиб туради. Шунингдек, илоҳий китобдан тўлиқ фойда олиш Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатма ва тавсиялари воситасида амалга ошади.
Уламолар эса бу ишни у зотдан мерос қилиб олганлар. Шунинг учун бу меросхўрлар воситасида амалга ошириладиган руҳий жарроҳлик амалиётлари ҳам қалб оламини бутунлай ўзгартириб юборади. Бу пайтда ёмон моддалар балоси ўраб олган қалб иймон ҳаловати ва Аллоҳга яқинлик ҳисси безаган қалбга айланади.
Масалан, жоҳилият даврида одамлар қалбига сингиб кетган моддиятга ўчлик авж олган эди. Кейин эса улар ислом билан шарафланиб, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлиш бахтига муяссар бўлдилар. Шу билан улардаги қалб моддият кирликлари ифлослаган бир парча этдан ислом ва тавҳид нури безаган марказга айланди. Кўринишга интилиб, гўзалликка фитналаниб юрган у қалблар руҳиятни нафсга устун қўя бошладилар. Мушрика аёл билан бирга бўлишдан тийилдилар. Беникоҳлик у ёқда турсин, ҳатто уларни никоҳлаб ҳам олишдан тўхтадилар. Чунки улар Аллоҳ таолонинг қавлини устун кўрдилар:
وَلَا تَنكِحُوا الْمُشْرِكَاتِ حَتَّىٰ يُؤْمِنَّ ۚ وَلَأَمَةٌ مُّؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ
“(Эй мўминлар), то иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, (озод) мушрика аёлдан – гарчи у сизга ёқса-да, – иймонли чўри яхшироқдир”[3].
Умар розияллоҳу анҳу жасурлик ва фаттиққўлликда зарбулмасал эди. У кишини бирортаси эшитганида қўрққанидан қалтирарди. Лекин, мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам қўлларида руҳ жарроҳлиги амалиётидан ўтганидан кейин мулойим инсонга ўзгарди. Ҳатто, Мадина кўчасида бир кампир ҳам уни тўхтатишга ботинадиган, бошқа бири одамлар орасида унга дўқ қила оладиган тавозели инсонга айланди. Ҳа, ҳаққа бўйсунувчи ажойиб инсон бўлди қолди. Тарих у киши ҳақида шундай гапни қолдирди: “Аллоҳнинг чегараси олдида тўхтаб турувчи эди”. Яъни у киши Аллоҳ белгилаб қўйган чегарада юрди. Ундан нарига ўтмади.
Хулоса шуки, таълим ва тазкия бошқа-бошқа нарса. Унга етиб бориш йўллари ҳам фарқли. Таълим мактаб, мадраса ва олийгоҳларда ўргатилса, тазкия бирга бўлиш, яъни аҳлуллоҳларни лозим тутишга эҳтиёж сезади. Агар киши тавфиққа аҳд қилиб, солиҳ инсон билан бирга бўлса, мана шунинг ўзи уни тазкияга йўналтиради. Қаранг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш қўпол ва золим аъробийларни жаҳолат ва залолат кирликларидан қандай халос қилди. Уларни пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсонга айлантирди. Бирга бўлиб, саҳоба бўлишнинг фазли уларни ҳар қандан улуғ-улуғ номлардан беҳожат қилди. Зеро, қош-кўзи қораларга сурма не ҳожат?! Гўзал инсон учун гўзаллаштирувчини нима кераги бор?!
Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ
“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!”[4]
Бу оят тақвога эришишда, ҳозирги замондаги ҳар хил тоифа инсонлар орасида шаҳват ва моддият зулматлари ичида тақво тақозо этган амалларни бажаришда бирга бўлишнинг таъсир доирасини очиқ айтмоқда. Тажрибамиздан ўтган, шунингдек, бошқалар ҳам тажриба қилган иш шуки, солиҳларни лозим тутиш инсонни бу алдамчи дунёдан ажралиб, абадий дунёга қайтишга ўргатади. Шоир бежиз айтмаган: “бир муддат авлиё суҳбатида бўлиш етмиш йил бериё тоат қилишдан афзал”.
Маълум бўлдики, илм соҳиби аҳлуллоҳ билан бирга бўлишга ҳарис бўлса, илм уни тавозега элтади. Қуруқ илм ўз соҳибида такаббурлик сабабларини пайдо қилади. Шунинг учун шаръий илмга интилган ёки уни ихлос билан Аллоҳ розилигини истаб, охиратга захира бўлишини хоҳлаган киши аҳлуллоҳлар мажлисларида ҳозир бўлишга қасд қилсин. Шунингдек, дунё ишларидан кўра охират амаллари ғамида юрганларни, ҳидоят ва тақво томон йўл олганларни дўст тутсин. Шунда унинг амали ва бу йўлда қилган хатти-ҳаракатлари натижа бериб, Аллоҳ айтган қуйидаги оят остига киради:
إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ
“Албатта Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқур”[5].
Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
асар ва мақолалари асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов
[1] Оли Имрон сураси 164-оят.
[2] Моида сураси 15-оят.
[3] Бақара сураси 221-оят.
[4] Тавба сураси 119-оят.
[5] Фотир сураси 28-оят.