Ҳозирги вақтда “Ихтилоф” сўзини жуда кўпчилик салбий маънода тушуниб қолган. Лекин аслида бу сўзни салбий маънода тушунишга ўрин йўқ. “Ихтилоф” ва “Хилоф” сўзлари қандай маъноларни билдиришини қуйида баён қилиб берамиз.
Бу икки сўз араб тилидаги калималардир. Ихтилоф сўзининг луғавий маъноси “ҳар-хиллик”, “турли-туманлик” дегани, хилоф сўзининг луғавий маъноси эса “зиддият”, “қарама-қаршилик” деганидир.
Ихтилоф – йўлнинг ҳар хил бўлиши баробарида мақсаднинг битта бўлишидир. Хилоф эса – йўлнинг ҳам мақсаднинг ҳам бир-бирига тескари бўлишидир. Ихтилоф далилга суянади. Яъни, айтилаётган ҳар бир гапнинг далили бўлади. Хилоф эса бирор далилга суянмаган калимадир. Ихтилоф раҳматнинг белгиси бўлса, хилоф бидъатнинг белгисидир.
Фаръ яъни, фиқҳ масалалардаги ихтилофларда турган кишилар бир-бирларининг ортларидан ношаръий гап-сўзларни қилмаслиги керак. Аксинча, улар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ҳатто баъзилари баъзиларининг ортидан намоз ўқимоқлари вожибдир. Саҳобалар, розияллоҳу анҳум, фаръий масалаларда ихтилоф қилсалар ҳам бир-бирларининг ортларида намоз ўқир эдилар. Тобеъинлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар ҳам шундай қилганлар. Зеро, Имом Табаронийдан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир”, деганлар.
Лекин, баъзи ёшларнинг, хусусан, улардан хорижда таълим олаётганларининг исломий билимлари заифлигидан фойдаланган залолатга бошловчилар, уларга фиқҳий мазҳаблар ихтилофини зулм ва бўҳтон билан эътиқодий масалаларга тенг қилиб кўрсатмоқдалар. Улар мазкур ихтилофларни фарқламай, шариатда қарама-қаршилик бор демоқдалар. Аслида эса ундай эмас. Юқорида келтирганимиздек, қарама-қаршилик – хилофдир, хилоф эса бидъат ҳисобланади.
Демак хулоса қиладиган бўлсак, умматнинг ичида шу хилдаги ихтилофлар бўлмаслиги мумкин эмас. Бу динимизнинг камчилиги ҳам, динимиздаги қарама-қаршилик ҳам эмас.
Чунки аслий далиллар кўпинча бир неча маънони ўз ичига олган бўлади. Шунингдек, далил ҳамма муҳтамал ҳодисаларни қамраб ололмайди. Чунки баъзи уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳимлар айтганларидек, далиллар чегаралангандир, ҳодисалар эса чегараланмагандир.
Бас, шундай экан, янги пайдо бўлган масалаларда ҳукмни жорий қилишда уламоларимиз қиёсга, ҳукмнинг иллатларига ва шариатнинг умумий мақсадларига қараганлар.
Бундай ҳолатда уламоларнинг фаҳмлари ва бир неча эҳтимолдан бирини устун қўйишлари билан бир масала бўйича чиқарадиган ҳукмлар ҳар хил бўлиши табиийдир. Улардан ҳар бирларининг мақсадлари бир, ҳақни қасд қилади ва уни излайди. Шундай экан, улардан ким тўғри топса икки ажр, ким хато қилса, бир ажр олади. Манашу ҳолатда уммат учун кенгчилик пайдо бўлиб, торчилик йўқолади.
Мазҳабларни тарк қилишга даъват қилаётган, одамларни янги ижтиҳодий йўлга мажбурламоқчи бўлаётган ва мавжуд фиқҳий мазҳабларга ва уларнинг имомларига таъна тошини отаётган тоифаларнинг тутган йўллари умматни тафриқага олиб борадиган энг катта хато ва хатарли йўл деб ҳисоблаймиз. Фиқҳий мазҳаблар ва имомларининг фазилатлари ҳақида билган киши учун Китоб ва Суннатга олиб борадиган энг тўғри йўл мазҳабга эргашиш экани маълумдир. Шуни билишимиз керакки, ҳозирги пайтда мўмин-мусулмонлар беҳуда, одамларни тафриқага солувчи даъватга эмас, балки, умматнинг келажаги ёшларнинг таълим-тарбияси борасида бирлашишга муҳтождир.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари
Хайруллоҳ домла Саттаров