Барчамизга аёнки, собиқ иттифоқи даврида дастлаб дин ва диндорларга бўлган муносабат оғир аҳволда эди. Уларга нисбатан сиқув, сургун ва қатл каби жиноятлар содир этилган. Лекин, шундай вазиятда ҳам муқаддас динимиз қадриятларини сақлаб, давом эттириш ва мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини имкон қадар қаноатириш йўлида кўплаб динимиз фидойилари ўз хизматларини аямадилар. 1943-йилдан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил этилгандан сўнг бу борада бир қанча имкониятлар пайдо бўлди. Диний назорат Ўрта Осиё республикаларининг ҳар бирига ўз вакиллари (қозилар)ни тайинлаш, масжидларни қайта очиш ва уларга имомлар тайинлаш ҳамда диний соҳада кадрларни тайёрлаш мақсадида ўрта ва олий даражадаги таълим муассасаларини ҳам ташкил этиш ва уларда таълим-тарбия берадиган муносиб устозларни ҳам тайинлаш ишларини амалга оширган.
Собиқ иттифоқ даврида дастлаб фақат биттагина 1945-йили қайта ташкил этилган Бухородаги “Мир Араб” мадрсаси диний таълим муассасаси сифати фаолият юритган. Кейинчалик 1956-1961 йилларда Тошкентдаги Бароқхон мадрасаси ҳам фаолият кўрсатган. 1971-йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ҳам ўз фаолияти бошлаган. Бу таълим даргоҳларида кўплаб динимиз фидойи устозлари талабаларга таълим-тарбия, илм берганлар.
Даҳрийликка асосланган сиёсат даврида соф ислом маърифатини ёйишга ҳаракат қилган, миллат озодлигини орзулаган жонкуяр, фидойи дин арбоблари: қози ва устозларни зикрини келтиришни мақсад қилдик.
Муродхўжа Солиҳхўжаев (Солиҳхўжа ўғли) 1943-1948 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. Дастлабки Ўзбекистон қозиси. У шарқ тиллари, ислом тарихи, калом ва фиқҳ илмларининг чуқур билимдони бўлган. Илм ва таълим фидоийси, ўз тақдирини юртимиз тарақийёти билан боғлаган ватанпарвар инсон бўлганлар. 1917-йил Тошкентда Мусулмон ўқитувчилар қурилтойи бўлиб ўтган. Унда Мусулмон ўқитувчилар кенгаши тузилади ва унга Муродхўжа Солиҳий раис этиб сайланган. Диний назоратдаги фаолиятлари давомида тарихий ёдгорликларни тиклаш ва таъмирлаш, Мир Араб мадрасасини очилишида, хорижий давлатлар вакиллари, дин, илм ва маданият арбобларини қабул қилиш, расмий учрашувлар ва музокаралар ўтказишга масъул бўлган. Диний-қамарий тақвим чоп этилишида ташаббускор ва бош бўлган[1].
Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (Бобохон ўғли) 1943-йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати масъул котиби, маълум муддатдан сўнг (тахминан 1944 ёки 1945 йилдан) Ўзбекистон қозиси ва 1948-йилдан то муфтий бўлгунга қадар диний назорат раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. Мир Араб мадрасаси фаолияти қайта тиклашда ва Тошкент ислом институтининг очилишида хизматлари беқиёс. Ушбу институтнинг дастлабки йилларида Зиёвуддин домла тафсир фанидан талабаларга дарс берган. Қуръони каримнинг катта ва кичик ҳажмдаги нашри унинг ташаббуси билан амалга оширилган (1968-йили). Кўплаб чет элда ва ўзимизда ташкил этилган халқаро анжуман ва конференциялар иштироки ва сўзлаган нутқлари ҳамда кўплаб олий даражадаги халқаро мукофотлар[2] билан тақдирланганлиги тарих саҳифаларида битилган[3].
Фозилхўжа Содиқхўжаев (Фозилхўжа домла) 1943-йилда Ўзбекистон қозиси этиб сайланган дастлабки кишилардан. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосарларидан бўлган. У кишига шариат қозиси деган диний унвон берилган. Ўз маҳалласидагилар тўғридан-тўғри Қози домла деб ҳам аташган. Кўплаб масжидлар очилишида, Мир Араб, Бароқхон мадрасалари ва Тошкент ислом институтининг ташкил этилиши ва улардаги ўқув жараёнларининг мукаммал кўринишга келишида хизматлари катта[4]. 1956 йилдан Бароқхон мадрасасида тафсир ва ҳадис илмидан дарс берганлар. Тошкент ислом институтининг дастлабки ўқув йилларида фиқҳ илмидан талабаларга дарс бера бошлаган. Сўнг маълум вақт давом эттирганлар.
Олимхонтўра Шокирхонтўра ўғли 1943-1966 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Қирғизистон бўйича вакили ва қозиси бўлган. 1914-йилда Туркистон уламолари томонидан нашр қилинган “Ал-Ислоҳ” журналининг тасис этилиши ва нашр этилишида хизматлари катта бўган.
Муҳаммад Солиҳ Бобокалон ўғли 1943-1946 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Тожикистон бўйича вакили ва қозиси бўлган.
Абдулғаффор Шамсутдинов 1943-1952 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Қозоғистон бўйича вакили ва Қозоғистон республикасининг биринчи қозиси ҳамда Олмата шаҳри бош имом-хатиби бўлган[5].
Баширхонтўра Исъҳоқов 1948[6]-1955 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Тожикистон бўйича вакили ва қозиси этиб тайинланган[7]. Бухородаги Мир Араб мадрасасининг биринчи мудири (1945-1946 йиллар)
Абдурашид Мусобек ўғли (Қози Абдурашид Фарғоний) 1947-1978 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Тожикистон бўйича вакили ва қозиси бўлган. Диний назорат фатво ҳайъати аъзоси бўлган. Ўзининг “Абдурашид қози домла” битикли фатво берганда босиб берадиган муҳри бўлган. Ўта моҳир хаттот бўлганлар[8].
Анна Эшон 1943-йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Туркманистон бўйича вакили ва қозиси этиб сайланган[9].
Садуакас Ғилмоний 1952-йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Қозоғистондаги вакили ва қозиси этиб тайинланган.
Шайх Исмоил махдум Соттиев 1957-1975 йилларда диний назорат раисининг биринчи муовини ва Ўзбекистон қозиси лавозимда фаолият олиб борган. Араб, форс тилларни мукаммал билган. Шарқ халқлари тарихи, маданияти ва адабиётини чуқур ўрганган. Бундан ташқари табобат, фалсафа ва астрономия оид манбаларнинг ҳам билимдони бўлган[10].
Шайх Исмоил махдум диний таълим соҳасини юксалишига ўз ҳиссасини қўшган. Хусусан, 1946 йилдан Мир Араб мадрасасида таълим-тарбия ва ўқув ташкилий ишларни йўлга қўйиш ишларига бош бўлган. 1951-1952 ўқув йилининг бошида мадраса мудири этиб тайинланган[11]. 1956-йилда Бароқхон мадрасани очилган ва мудир этиб тайинланади 1971-1975 йилларда Тошкент ислом институтида дастлаб ҳадис илмидан, сўнгра эса фиқҳ, тафсир ва наҳв фанларидан дарс берган.
Абдуғани Абдуллаев (Шайх Абдуғани Абдуллоҳ) 1975-1989 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раис ўринбосари, Ўзбекистон қозиси бўлган. 1961-1965 йилларда Мир Араб мадрасасида тафсир, ақоид, ҳадис фанларидан ва Тошкент ислом институтининг дастлабки йилларида араб мамлакатлари тарихи ва араб адабиётидан талабаларга дарс берган.
Шайх Юсуфхонтўра Шокиров 1975-1997 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раис ўринбосарларидан бўлган. Бароқхон мадрасаси ва Тошкент ислом институтининг очилишида хизматлари беқиёс. Бу икки даргоҳдаги биринчи мударрислардан бўлган. Бундан ташқари Мир Араб мадрасаси ва Тошкент Ислом институтида дастлабки йилларида балоғат ва мантиқ илмидан, кейинг фаолияти давомида араб адабиёти, тафсир, ҳадис фанларидан талабаларга дарс берган[12].
Абдуллажон Калонов Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Тожикистондаги вакили ва қозиси бўлган.
Кимсанбой Абдураҳмонов 1990-1992 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Қирғизистондаги вакили ва қозиси бўлган. 1992-йилда Мустақил Қирғизистон диний бошқармаси раиси, биринчи муфтий этиб сайланган[13].
Луқмон Турсунов ва Шермуҳаммадхон Исъҳоқий 1943-йилда сайланган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати аъзолари ва диний назорат қозилари бўлган.
Шафоат ҳожи Азим Рўзадор ўғли Холиқназаров Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати Қирғизистон вакиллиги Ўш вилояти қозиси бўлган. Кейинчалик Қирғизистон қозиси ҳам бўлган. Бу киши ҳозирда ЎМИ раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг боболари бўлади[14].
Ҳожи Акбар Муҳиддинхонов (Ҳожи Акбархон домла) 1946-1947 йилларда Мир Араб мадрасаси бош мударриси – мудири бўлганлар. Домла форс, араб, рус тилларини яхши билган. Хорижлик талабаларга диний илмларни рус тилида дарс берганлар.
Абдулҳамид махдум Чустий 1947-1950 йилларда Мир Араб мадрасасида бош мударрис – мудири бўлганлар.
Ғуломжон Изомий 1946-йилдан Мир Араб мадрасасида илмий мудир ва мударрислик қилганлар. Биринчилардан бўлиб мадрасада ўқитилаётган хатоба, қироат, тафсир фанлари бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқади. Хаттотлик ва мусиқа соҳасида, айниқса нотага туширишда моҳир бўлган.
Кароматхон Ҳасанов (Кароматхон эшон) 1945-1957 йилларда Мир Араб мадрасасида мударрислик қилган. 1957-1961 йилларда Бароқхон мадрасасида форс тили ва адабиётидан дарс берган.
Абдураҳим қори Рафиқов 1946-1949 ва 1953-1961 йилларда Мир Араб мадрасасида Қуръон қироат, сарф, наҳв каби фанлардан дарс берган.
Шаҳобиддин қори Мўминов 1950-1951 ва 1957-1958 йилларда мадраса мудири, 1951-йилдан сал камумрини охиригача талабаларга қироат илми, араб тили грамматикаси ва муҳоварадан дарс берган. Шаҳобиддин қори ўз даврида этти қиротда ижоза олган машҳур Қуръон олимларидан бўлиб, бизни диёрларда биринчилардан Қуръон тиловатида арабий қироатни жорий қилган. Авваллари форсий қироатда тиловат қилинган[15].
Иброҳим махдум Соттиев 1950-1951 йилларда Мир Араб мадрасасида мударрислик қилган. Юқорида зикри келган Исмоил махдум домланинг акалари бўлади.
Шоикром қори Шоисломов 1944-1947 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида котиб ва ҳисобчи бўлиб ишлаган. 1953-1955 йилларда Мир Араб мадрасасида араб тили ва адабиёти фанидан дарс берган. 1959-1961 йилларда Бароқхон мадрасасида ўқув бўлими бошлиғи ва ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1975-1990 йилларда Тошкент Ислом институтида дарс берган.
Сирожиддин домла Зиёвуддинов 1956-1959 йилларда Бароқхон мадрасаси очилганидан бошлаб ўқув ишлари бўлими мудири ва хаттотлик санъати, мумтоз адабиёт, ислом тарихи фанларидан дарс берган. 1959-1965 йилларда Мир Араб мадрасасида илмий мудирлик ва мударрислик қилган.
Сулаймон қори Ҳамидхўжаев 1958-1960 йилларда Бароқхон мадрасасида мударрислик қилган.
Абдулатифхон махдум (ёки афанди) Султонмаҳмудов 1959-1960 йилларда Мир Араб мадрасасида араб тилидан дарс берган. 1963-1968 йилларда мударрис ва илмий мудир, 1968-1972 йилларда мудир бўлган. 1991-1994 йилларда Наманган шаҳридаги “Мулла Қирғиз” ўрта-махсус ислом билим юртида тафсир илмидан дарс берган.
Шамсиддинхон Бобохонов 1974-йилдан Тошкент Ислом институти проректори, 1975-йилдан институт ректори лавозимларида ишлайди, дарс ҳам беради. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг 3-раиси бўлиб хизмат қилган (1982-1989 йиллар). Бир қанча халқаро ва республика миқёсидаги ташкилотлар, Иордания қироллик академиясининг ҳақиқий аъзоси, Абу Али ибн Сино халқаро мукофоти (1985-йил) ва “Халқлар дўстлиги” ордени билан мукофотланган. Кўплаб илмий ва оммабоп китоблар, рисолалар ва мақолалар муаллифидир[16].
Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилдан институтда тафсир, ҳадис илми ва араб тили фанидан дарс берганлар. 1987-1989 йилларда ректорлик лавозимда ҳам фаолият олиб борганлар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг тўртинчи ва охирги раиси ва мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси бўлиб хизмат қилган (1989-1993 йиллар). Собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати, бир қанча халқаро ва республика миқёсидаги ташкилот, уюшма ва кенгашлар, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академиясининг аъзоси бўлган. Диний илмларни ривожлантириш йўлида самарали ижод қилган олим ҳам эдилар. Ўзбек ва рус тилларидаги кўплаб илмий ва оммабоп китоблар, мақолалар муаллифи ва интернет сайтлар ташкил қилган[17].
Мухторжон Абдуллаев (Мухторжон домла) 1958-1961 йилларда Мир Араб мадрасасида араб тили грамматикаси – сарф ва наҳв фанидан мударрис, 1962-1965 ҳамда 1988-1991 йилларда мадраса мудири ва мударрис бўлганлар. 1984-1988 йилларда Тошкент Ислом институтида хорижлик талабаларга дарс берганлар. Мустақил Ўзбекистоннинг иккинчи муфтийси бўлиб хизмат қилган (1993-1997 йиллар). Ўзлари нақшбандия тариқати вакили ҳам бўлганлар.
Минҳожи қори Абдуллаев 1960-1962 йилларда Мир Араб мадрасасида мудирлик ва мударрислик қилган.
Асрорқул Мавлонқулов 1965-1967 йилларда Мир Араб мадрасасида дастлаб ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари, кейинроқ қисқа муддат мудир ва 1971-1975 йилларда Тошкент Ислом институти[18]нинг илк раҳбари бўлиб фаолият олиб борган.
Бир қизиқарли маълумот, дастлаб бу маскан имомларни малакасини ошириш курси бўлиб ташкил этилган. Асрорқул домланинг тадбиркорликлари ва узоқни кўра билишлари мисоли: ўша йили Тошкентда Дўрмонда Яман, Сурия, Марокаш, Тунис давлатлари муфтийлари ва собиқ Иттифоқдаги уламо ва қозилар конференцияга йиғилишади. Табиийки, меҳмонлар бу масканга келадиган бўлган. Бир кун олдин домла машҳур хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳни чақириб, мадраса дарвозаси пештоқига “Маъҳад ул исломий бисмил Бухорий” деб лавҳга ёзиб, илиб қўйишини сўрайди. Эрталабгача ёзилиб, илиб қўйилади. Анжуман иштирокчилари мадрасага келиб, дарвоза ёнида суратга тушадилар ва ушбу ном дунё матбуоти орқали тарқалади. Ўшанда Асрорқул домла: “Ёзилган нарсани тасдиқлатиш осонроқ”, – деган эканлар. Шу билан Имом Бухорий номи берилган Ислом институти пойдевори қўйилган. Дунёга шу ном билан маълум бўлганидан кейин, ўша вақтдаги ҳукумат ҳам хақларо миқёсдаги обрўси эътиборидан тасдиқлаб беришга бир жиҳатдан мажбур бўлган[19].
Абдуқаюм домла Иброҳимов 1950-йилдан тахминан 1954-йилгача Мир Араб мадрасасида мударрислик қилган. Фароиз илми билимдони бўлганлар. Домла суҳбатлари асносида латифаларни кўп ишлатганликлари учун “Афанди ҳожи” ҳам дейишган.
Муҳаммадхон махдум Мулла Исъҳоқ қори Маҳжурий 1950-1954 йилларда Мир Араб мадрасасида дарс берган. Қатағон йилларида ўз юртидан мажбурий кўчиши сабабли ўзига Маҳжурий (юртидан қувилган) тахаллусини танлайди.
Муҳаммадамин Абдураҳмонов 1916-1929 йилларда Марғилондаги Хонақоҳ мадрасасида мударрис, 1952-йилдан Мир Араб мадрасасида тафсир, балоғат, наҳв, сарф каби фанлардан дарс берадиган. Тошкентдаги Бароқхон мадрасаси очилганида ҳам бу ердаги биринчи мударрислардан бўлган.
Сафо қори Алиқориев 1956-1961 йилларда Бароқхон мадрасасида дарс берган.
Асқар домла Мирзаҳмедов 1958-1962 йилларда Мир Араб мадрасасида фиқҳ ва форс тили фанларидан дарс берган. Касбдош ва шогиртлари ҳурматлаб Қози Асқар деб аташган.
Авазхон домла Ҳайдаров 1966-1967 йилларда Мир Араб мадрасасида мударрис ва 1975-1981 йилларда мудирлик ўринбосари, кейин мудир бўлган.
Абдураҳмон қори Раҳматуллаев Мир Араб мадрасасида 1972-1975 йилларда дастлаб мударрис, кейинчалик мудир бўлган.
Шайх Абдулазиз Мансур (Абдулазиз Мансуров Дадажон ўғли) 1976-1979 йилларда Мир Араб мадрасасида мударрислик қилган. Тошкент ислом институтида бир неча йиллар тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, балоғат фанларидан дарс берган. Узоқ йиллар Ўзбекистон мусулмонлар идорасида фатво ва масжидлар бўлими, нашрёт мудири ва муфтий ўринбосари каби лавозимларида фаолият олиб борган. Кўплаб илмий ва оммабоп китоблар, мақолалар ва “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” муаллифидир.
Садриддин қори Абдураззоқов 1978-1989 йилларда Мир Араб мадрасасида қироат фанидан мударрислик қилган.
Салоҳиддин қори Муҳиддинов 1978-2002 йилларда Тошкент Ислом институтида фиқҳ, ислом тарихи, мазҳаблар тарихи, тафсир ва ҳадис фанларидан дарс берган.
Илҳомжон домла Ишонжонов 1976-1991 йилларда Тошкент Ислом институтида араб тилидан дарс берган.
Абдуқаҳҳор Шоший Ғаффоров 1982-1986 йилларда Мир Араб мадрасасида мудир, мударрис ва 1986-1987 йилларда Тошкент Ислом институтида раҳбарлик қилган.
Фозил қори Ёсин ўғли Собиров 1982-1984 йилларда Мир Араб мадрасасида дарс берган. Маҳоратли воиз ўлароқ машҳурдир.
Зоҳиджон Отахонович Қодиров 1982-1990 ва 1992-1995 йилларда Тошкент Ислом институтида тафсир, ислом тарихи ва адабиёт фанларидан дарс берган. Шу йиллар орасида маълум йиллар институт проректори (1987-1989 йиллар) ва ректор (1989-1990, 1993-1995 йиллар) лавозимида фаолият олиб борган.
Лутфулло қори Нодиров 1987-1992 йилларда Мир Араб мадрасасида ва 1992-1994 йилларда Тошкентдаги “Абулқосим” мадрасасида мудирлик қилган.
Ғуломқодир домла Мирзаёқубов 1994-1996 йилларда Тошкент Ислом институти ректори ва бир неча йил талабаларга дарс берган.
Абдурашид қори Баҳромов 1979-1981 йилларда институтда дарс берганлар. Мустақил Ўзбекистоннинг учинчи муфтийси бўлиб хизмат қилган (1997-2006 йиллар).
Дўстмуҳаммад домла Насриддинов узоқ йиллар Тошкент Ислом институти ва Кўкалдош мадрасасида тафсир, ҳадис, ақоид, балоғат, наҳв ва сарф фанларидан дарс берган. Толиби илмлар домлани “Мукаммал сарф дарслиги” китобининг муаллифи ўлароқ танийдилар.
Шундай мураккаб шароитда қанчадан-қанча зиёлилар қатағонга учраган оғир бир вазиятда уламоларимизнинг муқаддас динимизни сақлаб қолиш йўлидаги уринишларидан ибратланиш маҳбубдир.
ТИИ талабаси Нишонов Нодирбек
[1] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 34-35, 92-95 б. \ “Шайх Зиёвуддинхон ибн эшон Бобохон”. Шамсиддинхон Бобохонов. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2001. – 41 б.
[2] “Шайх Зиёвуддинхон ибн эшон Бобохон”. Шамсиддинхон Бобохонов. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2001. – 78 б.
[3] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 34-35, 71-74 б. \ “Шайх Зиёвуддинхон ибн эшон Бобохон”. Шамсиддинхон Бобохонов. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2001. – 41-51 б.
[4] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 99-100 б.
[5] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 446 б.
[6] 1946-йилда қози этиб тайинланганлиги ҳақида маълумотлар келган. 1943-йил деган маълумот ҳам бор.
[7] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 447-448 б. \ 1946-йилда қози қилиб тайинланган деган маълумот ҳам келган. – 119 б.
[8] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 146-147 б.
[9] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 34 б.
[10] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 102-103 б.
[11] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 122 б.
[12] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 106 б.
[13] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 449 б.
[14] Андижон вилояти, Бўстон (Бўз) тумани собиқ бош имом-хатиби Абдулаҳад домла Ҳожиев суҳбатларидан олинди.
[15] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 121 б.
[16] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 77-81 б.
[17] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 82-83 б.
[18] Дастлаб бу маскан Тошкент оилй мадрасаси деб номланган. 1974-йилдан ҳозирги ном билан номланган.
[19] “Ўзбекистон уламолари”. H.Yoълдошхўжаев, I.Qayumova. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2015. – 134-137 б.