Абдур Раҳмон 135 (ҳижрий) йилда Андалус тахти салтанатига ўтириб, у мамлакат ободлиги йўлида кўп хизмат қилди, масжидлар ва мадрасалар қурдирди, каналлар ва йўллар очдирди[1]. Мамлакат тижорати ва зироатини таракқий қилдирди. Шундай қилиб, Андалус мамлакатида ҳам бир Ислом салтанати таъсис қилинди. Андалус подшоҳлигининг энг катталари Малик Абдур Раҳмон Солисдирки, 291 (ҳижрий) йили подшоҳ бўлиб, Андалус қитъасини илм ва маданият соҳасида дунёдаги энг олий мамлакатлар қаторига қўшди. У замонларда Фарангистон одамлари Андалусга келиб, мусулмон мадрасаларида илм ва фан ўрганиб, қайтиб кетар эдилар. Шу сабабли олам тарихининг билувчилари Андалус мусулмонларини Фарангистон устозлари, деб атаганлар. Андалус давлати 422 (ҳижрий) йилга қадар шу тариқа шавкатли ва қудратли бўлиб турган[2]. Сўнгра, қўзғолонлар, фитналар, подшоҳлар андишасизликлари натижасида мамлакат парча-парча бўлди ва ҳар парчаси бир амирнинг қўлига ўтди. Ва насронийлар уларнинг ўзаро ихтилофларидан фойдаланиб, баъзи вилоятларни эгалладилар.
Иш шу жойга етдики, Андалуснинг охирги подшоҳи бўлган Абу Абдуллоҳ ас-Сағир замонида Андалус олти қисмга бўлиниб, бир қисмигина унинг қўлида қолган, бошқалари эса, насронийлар қўлига ўтган. Андалус насронийларининг Фердинанд исмли подшоҳи Абу Абдуллоҳ ас-Сағир шаҳарларини ҳам аста-секин эгаллаб, пойтахти Гранадани ҳам қўлга киритди.
Абу Абдуллоҳ чора топмай, тожу тахтини Фердинандга топшириб, баъзи нарсаларини, қариндошлари ва аёлларини олиб кўчиб кетган. Ушбу тариқа Андалус ҳукумати 870 (ҳижрий) йили ўша ернинг насронийлари қўлига ўтган.
Мусулмонлар Андалусда ҳукмрон бўлган замонларда ул ернинг насронийлари кўп осуда ва роҳатда бўлганлар. Уларга ҳеч қандай зулм ва жабр қилмаганлар. Лекин Ислом ҳукумати у ерда тугатилгандан сўнг ва мамлакат Фердинанд қўлига ўтгач, Ислом аҳли учун зулм ва мурувватсизлик дарвозалари кенг очилди. Уларни зўрлик ва жабр билан насронийликка ўтказдилар, уларнинг додларини сўрамаганлар. Масжид ва мадрасаларни вайрон қилдилар.
Мусулмонларнинг баъзиларини ўлдирдилар, баъзиларини ўтда ёқдилар, қолганларини хийла қилиб, мамлакатдан чиқариб юбордилар. Шундай қилиб, мусулмонлар у ерда кўрган зулмларини ҳеч қайси ғолибдан кўрмаганлар. Шу сабаб бўлиб Андалусда мусулмонлар зўрлик билан барҳам топдилар[3].
Мусулмонлар ерлари Валид ибн Абдумалик даврида анча кенгайди[4]. Унинг ўзи ва авлодлари бутун халифаликни абадийлаштиришга эришдилар. Айни шу умавийлар замонида ҳамма жойда араб ёзуви, фиқҳ, тарихшунослиги ва меъморчилиги жорий этилди.
Улар даврида янги маданият келиб чиқди. Лекин, ҳали кўзга кўринарли бунёдкорлик фаолияти учун имконият йўқ эди. Бироқ зийрак ва билимга чанқоқ араблар ўзларининг кучли хоҳишларини қондириш борасида қўл қовуштириб, кимдандир мурувват кутиб ўтиришни ёқтирмас эдилар. Шунинг учун ҳам замоналаридан мамнунлик руҳида ўзларига керак бўлган ҳамма ишларни амалга оширардилар.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев.
(Муҳаммад Хузарийнинг “Давлатул Умавийя” китоби асосида тайёрланди)
[1] Муҳаммад Хузарийбек. Давлатул Умавийя. – Байрут: Дорул қалам, 1987й. – Б.149.
[2] Муҳаммад Хузарийбек. Давлатул Умавийя. – Байрут: Дорул қалам, 1987й. – Б.139.
[3] Islom.uz интернет тармоғидан олинди
[4] Муҳаммад Хузарийбек. Давлатул Умавийя. – Байрут: Дорул қалам, 1987й. – Б.141.