islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шавкат Мирзиёев:” Маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”

Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил бўйича Олий Мажлисга Мурожаатномасини кузатдилар.

Президент ўз сўзини аҳолимиз сони 36 млн.га етгани ҳақидаги маълумотдан бошлади: “Беҳисоб шукур, бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда.

Бизнинг энг катта бойлигимиз бу — аҳолимиз. Уларни асраб-авайлашимиз зарур.

Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш учун тинимсиз изланаяпмиз”.

Шавкат Мирзиёев 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилишни таклиф этди.

Мурожаатномани кузатган ўқитувчи ва талабалар айниқса илму маърифат билан боғлиқ маълумотларга катта қизиқиш билдирдилар.

“Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади.

Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишни мажбур қилиш керак”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Келаси ўқув йилидан барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бепул овқатланиш жорий этилади.

Шавкат Мирзиёев: “Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Бу борада етарли тажриба орттирдик.

Энди, келаси ўқув йилидан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади”.

Касб-ҳунар таълими билан қамров 200 мингга етказилади. 2023 йилда давлат грантлари учун 130 минг жой ажратилади. Бу жорий йилгидан 30 мингга кўпроқ. Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Келаси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади.

Шавкат Мирзиёев олий таълим тизимидаги коррупцияни танқид қилди. “Мана, олий таълимга ўқишга киришдаги коррупция йўқ бўлди. Лекин олий таълим муассасалари ичидаги коррурция ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

Ҳозир бир нечта ректорларни ишдан оляпмиз. Чунки ўргансак, талабаларнинг ўзи айтяпти, қай даражада коррупция кўплигини, дарсга келмасдан баҳо олишаётганини. Бу нима дегани?”, – деди Президент.

Дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсат изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Бундан кейин ҳам асосий эътиборимиз Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилади.

Миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилади.

“Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, – деди Президент.

Қадимий ва бетакрор тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозимлиги қайд этилди.

“Миллати, тили ва динидан қатъи назар, Ўзбекистонни ўзининг Ватани деб биладиган, унинг равнақи учун ҳисса қўшиб келаётган ҳар бир фуқаро бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ардоғида бўлади.

Миллатлараро дўстлик, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”, — Шавкат Мирзиёев.

“Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Лекин, такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми?

Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, — Шавкат Мирзиёев.

Тошкент ислом институти жамоаси Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасини кузатиб, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида ҳал қилувчи ўрин тутишини ҳисобга олиб таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилишини хулоса қилдилар.

ТИИ Матбуот хизмати

353530cookie-checkШавкат Мирзиёев:” Маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: