islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Балоғат фанининг шаклланиш ва ривожланишига ҳисса қўшган олимлар

Бани Умайя даврига назар солсак, нутқнинг барча кўринишлари гуллаган давр экани кўз олдимизга келади. Сиёсат борасида Бани Умайя ҳокимиятидан Зиёд ва Ҳажжожлар танилган. Шаъбий Зиёд ҳақида шундай дейди: “Минбарда Зиёд сингари эркин ва дона-дона сўзлайдиган нотиқни сира эшитмадим“. Молик ибн Динор Ҳажжож ҳақида шундай дейди: “Ҳажжожнинг нутқини эшитиб, ироқликлар унга нима қилгани ва у уларга нима қилганини эслаб, тўсатдан хаёлимга у ростгўй, унга ироқликлар зулм қилган бўлса керак, деган фикр келади. Чунки у нутқини халққа тўла ва равон етказиб бера олар эди“. Зайд ибн Ҳусайн ибн Али ширин сўз бўлганлиги боис инсонлар эътиборини ўзига тортар эди. Издиҳомларда нутқ сўзлайдиган нотиқлар орасида Саҳбон Воил ажралиб турган. У Муовия розияллоҳу анҳу олдида нутқ сўзлаган бўлиб, унинг бу нутқи ҳаддан зиёд чиройли бўганлиги учун “аш-шавҳаа“ деб номланган. Унга ўхшаган кишилардан яна бири Суҳор ал-Абдий бўлиб, унинг нутқидан завқ олган Муовия: “Балоғатни сизлар қандай номлайсизлар?“, деди.

У: “Балоғат ийжоздир“, деди. Муовия: “Ийжоз нима?“, деди. Суҳор: ийжоз – инсонларни ҳайратда қолдириш ва хато қилмасликдир“, деди. Ваъз-насиҳат нотиқлари ғоят болиғ (балоғатли) бўлишган. Уларнинг энг пешволари Ғайлон ад-Димашқий, Ҳасан ал-Басрий ва Восил ибн Атолардир. Ал-Жоҳизнинг айтишича, Аббосийлар давридаги адиблар Ҳасан билан Ғайлон сўзларини ёд олишар, ҳатто улар истаган маҳорат билан баён қилишар эди.

Ахмад Мустафо ал-Мароғий ўзининг “Улум ал-балоға“ китобида балоғат илмининг мустақил фан сифатида шаклланишида асосан уч омилнинг таъсири бўлганини санаб шундай дейди:

  • Аббосийларнинг илк ҳукмронлик даврида калом илми уламолари ва адабиёт намоёндалари ўртасида Қуръони карим маʼноларини талқин этиш хусусида турли ихтилофлар юзага келди. Баҳс ва мунозараларнинг шу қадар кескинлиги сабаб ҳар-хил мазҳаб ва оқимлар майдонга чиқди. Муаллиф ўз фикрида давом этиб яна қуйидагиларни ёзади: Булар орасида “ас-Саррофа“ оқимининг асосчиси Иброҳим ан-Низомнинг билдирган фикри бутун ислом оламини ларзага солди. Унинг: “Қуръон фасоҳат ва балоғат намунаси эмас,шунга ўхшашини араблар ҳам айтишга қодир“, деган гапи мусулмон уламолари томонидан қаттиқ танқид остига олиниб, унга қарши бир талай уламолар, жумладан, ал-Жоҳиз, ал-Боқилоний, Фахриддин ар-Розийлар ўзларининг раддиялари билан жавоб бердилар. Натижада балоғат илмига илк асос солинди.
  • Жоҳилият шеърияти тарафдорлари бўлмиш тил ва наҳв илми намоёндалари билан замонавий шеърият тарафдорлари бўлган шоир ва адиблар ўртасидаги ўзаро тортишувлар ва зиддиятлар бўлди.
  • Адабиёт арбоблари ўртасида гапни фасоҳат ва балоғат нуқтаи назаридан ифода этишдаги услублар қарама-қаршилиги. Бир гуруҳ адиблар: “Гапнинг содда ва равон бўлиши унинг гўзаллигидир“, – дея таъкидласалар, бошқалари: “Гап бадиятга асосланган бўлсагина гўзалдир“, – деб уқтирадилар; Шу ва шунга ўхшаш сабаблар балоғат илмининг дунёга келишига сабаб бўлди.

Тошкент ислом институти талабаси

 Қодиров Ҳошимжон

372410cookie-checkБалоғат фанининг шаклланиш ва ривожланишига ҳисса қўшган олимлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: