Тинчликнинг энг катта неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим а.с.нинг Макка ҳаққига қилган дуоларида бунинг тасдиғини кўрамиз. У оятда Маккага тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. Бу ҳақида шундай дейилади:
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُمْ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ قَالَ وَمَنْ كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلًا ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ (126)
“Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара;126)
Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш шу жойда тинчлик бардавом бўлсин дейишни ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади.
Тинчлигини йўқотган юрт худди юлдузини йўқотган осмон каби зимистонга айланади. У юртнинг қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлару, анҳорлари бўлмасин, у худди харобага айланган, биров ундан манфаат ва фойда ололмайдиган саҳрога ўхшаб қолади. У юртда на роҳат ва на хотиржамлик бўлади. Бугунги кунда атроф мамлакатларда бўлиб турган беқарорликлар бунинг ёрқин далилидир.
Аксинча тинчлиги бор юрт эса гарчи саҳро бўлиб, ундан гиёҳ унуб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ерда истиқомат қилаётганларга ўзининг ана шу тинч ватани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади.
Демак, ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъий назар, қайси касб, қандай мартаба, қанча обрўли бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтождир.
Чунки хавфсираган киши хотиржам тунамайди, хотиржам тонг оттирмайди, хотиржам яшамайди. Доим қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи ва касбида хавфсираб юради.
Тинчлик бўлса инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади, Раббиларига эса хотиржамликда ибодат қиладилар. Бунга барчамиз гувоҳ бўляпмиз.
Харим ан-Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?”. У: “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётдан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берди.
Тинчлик – барча давлатлар ва барча жамиятларнинг талаб қилган асосий мақсадидир. Тинчлик учун қанча ҳаракатлар, қанчалар харажатлар қилинади.
Бу неъмат ўта қадрли неъмат бўлганлиги сабабли Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида бандаларига бу неъматни алоҳида таъкидлаб зикр қилади:
أَوَلَمْ يَرَوْا أَنَّا جَعَلْنَا حَرَمًا آمِنًا وَيُتَخَطَّفُ النَّاسُ مِنْ حَوْلِهِمْ
Яъни, “Улaр ўзлaрининг aтрoфлaридaги oдaмлaр қирғингa учрaб тургaн бир пaйтдa, биз (Мaккaни) oсoйиштa ҳaрaм қилиб қўйгaнимизни кўрмaдилaрми?!” Анкабут – 67
Қурайш сурасида ҳам Аллоҳ таоло Макка аҳлига берган икки катта неъматини эслатади:
فَلْيَعْبُدُوا رَبَّ هَذَا الْبَيْتِ (3) الَّذِي أَطْعَمَهُمْ مِنْ جُوعٍ وَآمَنَهُمْ مِنْ خَوْفٍ (4)
Яъни, “Мaнa шу уй(кaъбa)нинг пaрвaрдигoригa ибoдaт қилсинлaр! зeрo, (У) улaрни oчликдaн (қутқaриб) тaoмлaнтирди вa xaвф (вa xaтaр)дaн xoтиржaм қилди.” (Қурайш;3-4)
Тинчлик неъмати
وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَحِيمٌ
- Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ҳа, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари сонсиз-саноқсиздир. Уларнинг баъзилари юқоридаги оятларда эслатиб ўтилди. Аслида эса, агар инсонлар ўзларига берилган неъматларни ҳисоблашга уринсалар, санаб саноғига ета олмайдилар. Шундай сон-саноқсиз неъматнинг шукрини ҳеч ким адо қила билмайди. Агар Аллоҳ ҳамма неъматлари учун тўла-тўкис шукрни талаб этса, бандаларга жуда қийин бўларди).
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра”
жоме масжиди имом-хатиби
Суфиев Жаъфархон