islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Анваршоҳ Кашмирийнинг ҳаёти ва илм талабидаги сафарлари

Буюк муҳаддис Аллома  Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий 1875 йил 26 ноябр (1292 ҳижрий йил 27 шаввол) шанба куни эрталаб Ҳиндистонинг Кашмир шаҳридаги Водвон қишлоғида дунёга келди. Оталари Суҳровардия тариқатидаги шайх, катта олимлардан эди. Онаси ҳам ўта ибодатли, солиҳа аёл еди.

Аллома 15 ёшларида Қуръон ўқишни бошлади. Икки йил ичида оталари қўл остида бир неча форсий  тилда ёзилган рисолаларни ўқиб чиқди. Сўнг форс тилида битилган насрий ва назмий китоблар, баён ва ахлоқ – одобга тегишли китобларни ўқиб – ўрганди[1].   Аломанинг шогирди Баннурий шундай дейди: “Мен устозим бундай деганини эшитганман: “Мен юртимизда кенг тарқалган форс тилидаги китобларни 5 йил давомида ўқиб-ўрганганман”.

Анваршоҳ бошқа болалар ўйин-кулгу билан ўтказадиган ёшлик даврини илму – маърифатни ҳосил килишга каратганлар. У зот жумъага ўтар кечадан ташкари ҳечам тунлари ухламасди, балки тунларини китоб мутолааси билан бедор ўтказарди.  Бордию мудрок босса, ўтирган ҳолда ухларди[2].

Анваршоҳ Кашмирийнинг илм талабидаги сафарлари.

Форс тили ва бу тилда ёзилган кўплаб асарларни ўқигач туғилиб-ўсган шаҳарлари Кашмир ва унинг атрофидаги шаҳарларда араб тилини ўрганишни  бошлади. Араб тилига тегишли   сарф (марфология), наҳв (грамматика) фанларини, мантик, фалсафа астрономия ва бошка билимларни эгаллади. Анваршох умрининг гуллаган даврларидаёқ илму маърифатда етук олим булди. Алломанинг шогирди Бадру олам (раҳимаҳуллоҳ) устозидан қуйидагиларни эшитган  экан: “Мен 12 ёшимда Кашмирда одамларга фатво берардим. 9 ёшимда эса наҳв (грамматика) ва фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) фанларида ёзилган шарҳ (изоҳ) китобларни ўқирдим[3].

Кейинчалик бу зот Ҳиндистоннинг энг гуллаган, ёрқин жойи – “Девбанд дорул  улум (универститети)”ига борди. Ҳақли равишда Девбанддаги бу университет Ҳинд ўлкасининг “Қуртуба (Кардоба)”си ва “Азҳар”и деб саналарди. Бу даргоҳ нақлий ва ақлий билимлар устаси, моҳир, дунёга машҳур уламолари ила чароғон эди. Анваршоҳ бу илм масканида шундай шахслар билан суҳбатда бўлдики, улар умумий билимлар соҳиби бўлишдан ташқари ўзларида орифлик, авлиёлик сифатларини жамлашганди. Шунингдек, улар ўткир фикрли, ўта сезгирликларидан ташқари ширинсухан, меҳрибон, виқор, суннат ва тақво, зуҳду парҳезкорлик соҳиби эдилар. Уларга Шайх Муҳаммад Девбандий[4] бошчилик қиларди.  Кашмирий бу улуғ устоздан ўзи интиқ бўлган ҳикматларни топди ва унинг зоҳирий ва ботиний илмлари булоғидан қониб-қониб ичди. Девбандда Анваршоҳ яна бир аллома, муҳаддис Муҳаммад Исҳоқ Маданийга шогирд тутинди. Ушбу икки буюк устозларидан ҳадиси шариф китобларини ўтказиб олди. Кашмирий: “Мен “Саҳиҳи Бухорий”ни,  “Сунани Абу Довуд”ни, “Жомеъут Термизий”ни ҳамда Марғилонийнинг “Ҳидоя” асаридан охирги икки жузъини Шайхимиз Маҳмуд (қуддиса сирруҳу)га ўқиб берган бўлсам, “Саҳиҳи Муслим”, Насоийнинг кичик сунанлари, ибн Можжанинг сунанларини Шайх Муҳаммад Исҳоқ Кашмирийга ўқиб берганман”[5].

Алломанинг ҳадис ривоят қилиш илмида ўта чуқур билим эгаси бўлгани ҳамда ақлли одамларни ҳайратга соладиган даражада тезда ёдлаб олиш қобилиятлари бўлгани Аллоҳ таолонинг у зотга берган катта инъоми эди. Бу зот тафсир ва ҳадис илмларида имом (пешво), усул  ва фуруъ илмларида нуфузли манба, дироят илмида пешқадам бўлиб,  табақот, тарих, сийар йўналишларини чуқур ўрганган эди.  Агар Имом Ғаззолий, имом Розий, ибн Дақийқул  Ийд, Ибн Таймийя, Ибн Ҳажар Асқалоний асрларида яшаганларида шак – шубҳасиз ўша муборак асрлар шодасидаги машҳур, олий даражадаги дур бўларди. Агар бирор китоб ўқиса ундаги маълумотлар 25 йилгача хотирасидан чиқмасди. Бу гапларни алломанинг кўпгина шогирдлари китобларида ёзиб қолдиришган. Хусусан, шайх, муҳаддис Ҳусайн Аҳмад Маданий бу маълумотларни устозининг ўз оғзидан эшитган.

Анваршоҳ кучли ёдлаш қобилияти борлиги билан бир қаторда китобларни мутолаа қилишда ҳам ўта тезкор бўлган. Таълим беришга киришган вақтининг ўзида ҳар куни Мисрда чоп этилган ”Муснаду Аҳмад” китобидан 200 бет мутолаа қилар эди ва санаддаги ровийларни чуқурроқ ўрганиб, муаммоли жойларини ечарди. Мана шундай жидду жаҳдни у зотнинг ҳанафий мазҳабидаги далиллар, ҳадисларни ўрганишида ҳам кўриш мумкин.Умрларининг охирида Исо(а)нинг ерга тушишлари борасидаги ҳадисларни жамлаш мақсадида яна бир карра ўқиган китобларини қайтиб ўқиб чиққанлар[6].

Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси 2-курс докторaнти, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Низомиддинов Ҳошимжон

[1] Абдулҳай Лакнавий.Нузҳатул хавотир. –Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.8. –Б.1198;

*Абул Фаттоҳ Абу Ғудда.Муқаддимату ала “Атасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ ли Анваршоҳ Кашмирий. –Байрут: Дорул қалам. 5 нашр, 1412. –Б.13.

[2] Аллома Анваршоҳ Кашмирий.Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ.–Байрут:Дорул қалам.5 нашр.1412. –Б.14.

[3] Кашмирий.Расоилу имом Кашмирий. –Каротиший:Идоратул Қуръон.1 нашр.1416.Ж.1. –Б.10.

[4] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 6.

[5] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 6.

*Аллома Анваршоҳ Кашмирий.Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ. –Байрут:Дорул қалам.5 нашр.1412. –Б.15.

[6] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 26.

382641cookie-checkАнваршоҳ Кашмирийнинг ҳаёти ва илм талабидаги сафарлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: