islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Aллоҳ таоло сифатларининг турли эътиборлардан тақсимланиши

Aллоҳни таниш билан инсонни юксак даражаларга кўтарилади. Aллоҳнинг Ўзи Китобида таърифлагани каби исм ва сифатлари билан таниймиз. Тўғри, Aллоҳнинг ҳеч бир сифати бизга ва биз кўриб, эшитиб юрган нарсаларга асло ўхшамайди. Шунинг учун Aллоҳ сифатлари билан танишиб чиқишнинг дастлабки шарти, яратилган махлуқотларнинг бутун сифатларини Aллоҳнинг Зоти покидан четлаштиришдир. Бошқа сўз билан айтганда, Aллоҳни табиат оламидаги чекланган мавжудотларнинг ҳеч бирига ўхшатмасликдир. Мана шу ерга келганда, бу масаланинг ўта нозиклигини тушуниб етамиз. Зеро биз табиат қўйнида туғилиб, унинг қўйнида униб-ўсганмиз ва доим табиат билан алоқада бўлиб, унга боғланганмиз. Шу боис, биз ҳар бир нарсани тушуниш учун табиатдаги мавжудотлар билан таққослаб, уларни кўз олдимизга келтириш мумкин эмас. Шунинг учун эҳтиётлигини тутиб, Aллоҳ таолонинг сифатларини махлуқотлар (яратилганлар) сифати билан қиёсламаслигимиз лозим.

 Бу илм معرفة الله Aллоҳни таниш илми бўлгани учун фақатгина Aллоҳ суйган бандаларигагина насиб қилади ва чуқур англаб етиш учун қийинчиликларга дуч келиш мумкин. Уламолар бундай тўсиқларни олиб, Aллоҳнинг сифатларини гуруҳ-гуруҳга бўлиб чиққанлар. Сўфи Оллоёр ҳазратлари ўзларининг “Маслакул муттақин” асарларида Aллоҳ таолонинг сифатларини қуйидагича баён қиладилар[1]:

Субутийдур Анинг саккиз сифоти,

Сифат зоти эмас, на ғайри зоти.

Аллоҳ таоло зотида собит бўлган сифатлар саккиздир. Лекин ул зотий сифатлар Зотининг айни эмас, Зотидан бўлак ҳам эмасдир. Буни ўзингга намуна билиб, кўнгилни боғла. Зеро, бу бобда кўп баҳслар бордир. Кўп зеҳнлиларнинг оёқлари тойиб, хароб бўлганлари бордир.

Ҳаёту илму қудрат ҳам басар, самъ,

Иродаву калом, таквиндур, эй шамъ.

Олдинги байтда зикр қилинган субутий сифатларнинг биринчиси – ҳаёт, иккинчиси – илм, учинчиси – қудрат, тўртинчиси – басар, бешинчиси – самъ, олтинчиси – ирода, еттинчиси – калом, саккизинчиси – тақвиндир. Бу ерда “эй шамъ” – чироғим маъносидадир.

Ҳаёт Улким, тирикдур, ўзга бўлмас,

Улар ҳар зи-нафс, ҳаргиз Ул ўлмас.

Ҳаётнинг маъноси шулки, Аллоҳ таоло доим тирикдир, Унга ҳеч қачон ўлим йўқ. Барча жондорлар ўлиб, фоний бўлишади, аммо Аллоҳ ҳаёт қолур.

 Уламолар мўтабар китобларда кўпинча сифатлар борасида гап кетганда авваламбор феълий ва зотий сифатларга бўлинган тақсимотни келтирадилар. “Бадъул аъмолий” асари муаллифи Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мавзуйимизга доир мавзуни ўзининг қуйида байтида шарҳлаб айтадилар:

٦ – صِفَاتُ الذَّاتِ وَالأفعال طرا قَدِيمَاتٌ مَصُونَاتُ الزَّوَالِ

Маънолар таржимаси:

Зотий ва феълий сифатларнинг барчаси қадимдир ва заволдан сақлангандир.

Назмий баёни:

Зотий феълий сифатлар бари баркамол,

Ибтидосиз, интиҳосиз доим бэзавол.

Қурьон ва суннатда баён қилинган Аллох таолонинг сифатлари иккига бўлинади:

  1. Зотий сифатлар;
  2. Феълий сифатлар.

Хаёт, илм, калом, кудрат, эшитиш, кўриш ва ирода каби сифатлар зотий сифатлар бўлади. Ушбу сифатлар Аллох таолонинг зотига тааллуқли бўлганидан зотий сифатлар деб аталган.

Аллоҳ таолонинг хоҳишига тааллуқли бўлган яратиш, ризқ бериш, истиво килиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, ғазабланиш ва хурсанд бўлиш каби сифатлар феълий сифатлар ҳисобланади. Мотуридийларда эса зотий сифатлар ҳам, феълий хам барчаси кадим хисоблангани сабабли қадимлигини исботлаш учун уларнинг ўрталарини ажратишга эхтиёж ҳам йўқдир. Фақатгина зотий сифатлар деганда Аллоҳ таоло бир сифат билан сифатланиб, унинг зидди билан сифатланиши жоиз бўлмаган “кудрат”, “калом” ва “ирода” сингари сифатлар тушунилади. Феълий сифатлар деганда эса Аллоҳ таоло бир сифат билан сифатланиб, унинг зидди билан ҳам сифатланиши жоиз бўлган “рахмат” ва “ғазаб” сингари сифатлар тушунилади[2].

Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эса, ўзларининг “Сунний Aқидалар” китобида Aллоҳ таолонинг исм ва сифатларини қуйидаги тартибда келтирадилар: “Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ва гўзал исмлари ҳақида келган оят ва хадисларни атрофлича ҳамда чуқур ўрганиб, йигирмата сифат борлигига иттифоқ қилганлар ва уларни тўртга тақсимлаганлар.

  1. Нафсий сифат.

Бунда фақат зотга далолат қилувчи, зиёда маънони билдирмайдиган собит сифат ирода қилинган.

Аллоҳ таолонинг нафсий сифати битта бўлиб, «вужуд» сифатидан иборатдир.

  1. Салбий сифатлар.

Бунда Аллох таолога нолойиқ бўлган сифатини йўқ қилишга далолат киладиган сифатлар кўзда тутилган.

Салбий сифатлар бештадир:

  1. Қадимийлик.
  2. Боқийлик.
  3. Янги пайдо бўладиганларга муҳолифлик.
  4. У Зотнинг Ўз-Ўзидан қоим бўлиши.
  5. Ягоналик.

Ушбу сифатларнинг ҳар бири Аллоҳ таолога нолойик бўлган сифатларнинг манфий эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам улар «салбий сифатлар» деб аталган.

  1. Маънолар сифатлари.

Бунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотида қоим бўлган ва унга муайян ҳукмни лозим қилган сифатлар кўзда тутилган. Мисол учун, илм сифати у билан сифатланган шахснинг олим бўлишини тақозо қилади.

Маънолар сифатлари еттитадир:

  1. Кудрат.
  2. Ирода.
  3. Илм.
  4. Ҳаёт.
  5. Эшитиш.
  6. Кўриш.
  7. Калом.

Аллох таоло ушбу сифатларнинг маъноси ила сифатлангандир. У Зот Кодир, Мурид – ирода килувчи, олим, тирик, эшитувчи, кўрувчи ва гапирувчидир.

  1. Маънавий сифатлар.

Бу тоифадаги сифатлар ўзидан олдинги маънолар сифатларининг узвий натижасидан бошқа нарса эмас. Бошқача килиб айтганда, маънавий сифатлар маънолар сифатларининг собит бўлишидан келиб чиққан ҳукмлардир. Маънавий сифатлар еттитадир:

  1. У Зоти таолонинг қодир бўлмоғи.
  2. У Зоти таолонинг ирода қилувчи бўлмоғи.
  3. У Зоти таолонинг олим бўлмоғи
  4. У Зоти таолонинг ҳаёт (тирик) бўлмоғи.
  5. У Зоти таолонинг эшитувчи бўлмоғи
  6. У Зоти таолонинг кўрувчи бўлмоғи
  7. У Зоти таолонинг гапирувчи бўлмоғи.

Ушбу етти сифат ўзларидан олдинги етти сифатга боғлиқдир. Уларнинг «маънавий сифатлар» деб аталиши юкоридаги маънолар ила сифатланишнинг бўлаги эканидандир[3].

Демак, уламоларнинг Aллоҳнинг исм ва сифатлари борасидаги бундай тақсимотлари У зотни янада кўпроқ танишингизга ёрдам беради ва бошқа фирқалар билан далилланишда ҳам қўл келади. Aллоҳ таоло бизга шундай нодир ва қимматли маълумотларни мерос қилиб кетган уламоларимизни икки дунё даражаларини олий қилсин.

ТИИ 403-гуруҳ талабаси

Саҳоба Мухаммадодилова

 

[1] Мадрасаларда махсус ўқитилган ушбу асарни толиби илмлар қисқача “Маслак” деб атаганлар ва бу асар туркей тилга ҳам таржима қилинган ва қўлёзма ҳолда тарқалган.

[2] Aбдулқодир Aбдураҳим “Эътиқод дурдоналари”.Т.: “Шарқ”, 2016. 111-112-б

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Суннъий ақидалар” Ҳилол-нашр. Т.: 2021

383910cookie-checkAллоҳ таоло сифатларининг турли эътиборлардан тақсимланиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: