islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўрта Осиё хаттотлиги куфий ёзуви тарихи

Инсониятнинг бош мақсади, аввало, яратган Парвардигорини таниш, шу йўлда Пайғамбар кўрсатмаларига оғишмай амал қилиш, ҳаётнинг машаққатли синовларидан муваффақиятли ўтиш, ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни вояга етказиб, она заминнинг бундан-да обод, бундан-да кўркамроқ бўлишини таъминлашдан иборат бўлиб, унга илму-маърифат орқалигина эришилади. Бу йўлдаги дастлабки босқич хат ёзишни ўрганишдан бошланади. Илм олишнинг асосий воситаси ва дастлабки босқичи ҳам хат ёзишдир.

Аллоҳ таоло Ўз Каломи шарифида: “У (Аллоҳ) қалам билан илм ўргатгандир“, – дея марҳамат қилган (Алақ сураси 4-оят)[1]. Расуллулоҳ (с.а.в.): “Илмни китобат (ёзиш) билан боғлаб (мустаҳкамлаб) қўйинглар”, дедилар (Табароний ва Ҳоким ривояти)[2]. Аждодларимиздан шундай нақл қолган: “Илм ов қилиб тутилган жониворга ўхшайди, уни китобат (ёзиб қўйиш) билан боғлаб қўйилади”[3].  Яна бир манбада эса “Ёдланган нарса (илм) учади, ёзилгани эса қолади”[4], деб келтирилади. Дарҳақиқат, илмни ўрганиш ва уни келажак авлодга етказиш учун албатта уни қоғозга муҳрлаш, шу билан бирга ёзганда ҳам санъат даражасига етказиш керак.

Инсоният тараққиётида, тамаддунида ёзувнинг пайдо бўлиши мислсиз юксалиш омили бўлди. Инсон ҳаётида хатнинг нақадар улуғ бир аҳамиятга эга эканлигини ХI асрда яшаб ўтган Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг машҳур “Қутадғу билиг” асарида: “Битиб қўймасайди доно қаламим, Қоронғу қоларди мозий олами” [5], деб таъкидлайди.

Дарҳақиқат, илм эгаллаш, уни асраш ва кейинги авлодларга тўлиқ етказиш ҳар бир илм олувчининг муқаддас бурчи.  Зеро, илм омонатдир. Шу сабабли аждодларимиз олган илмларини ёдда сақлаш билан бир қаторда уни ўзларидан кейингиларга етказиш мақсадида китоблар ёзиб қолдирганлар. Китоблар тушунарли бўлишида ҳуснихат қонун-қоидаларига жиддий аҳамият берганлар. Неча ўн асрлардан буён илму ирфон муаллифларнинг қўлёзмалари ёки улардан кейинги моҳир хаттотлар томонидан кўчирилган китоблар орқали бизгача етиб келди. Ҳамма замонда ҳам ҳуснихатга жуда катта эътибор берилган. Бу анъана то бугунги кунгача давом этиб келмоқда. Аждодларимизнинг бебаҳо меросларини ўрганиш, улар қолдирган асарлар билан халқимизни таништириш эса катта шарафдир.

Хаттотлик ва китобат санъати машриқзамин аҳолисининг узоқ асрлик маданий-тарихий меросида алоҳида ўрин эгаллайди. Марказий Осиё халқи томонидан ислом динининг қабул қилиниши араб ёзувининг ҳам кириб келишига сабаб бўлди. Натижада араб ёзуви VII асрдан бу халқ учун илм-фан ва давлат ишларида ягона расмий ёзув сифатида ўрин олади.

Араб ёзувининг 100 дан ортиқ тури мавжуд. 28 ҳарфдан иборат бўлган араб алифбосининг дастлабки шакли хатти маъқалий бўлиб, тик чизиқлар билан  ифодаланган. Аммо узоқ истеъмолда бўлиб, шуҳрат қозона олмаган.

Араб ёзуви кенг тарқала бошлангач, уни ўрганиш ва ривожлантиришга киришилди. VII асрдан бошлаб унинг ўрнини араб ёзувининг энг қадимийси ва энг машҳури ҳисобланган хатти куфий эгаллайди[6]. Бу хатнинг пайдо бўлиш тарихи халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) даврига бориб тақалади. Унинг даврида Қуръони карим бир неча нусхада кўчиртирилди. У зот Қуръонни асл нусхадан кўчиришни буюрдилар. Шулардан бир нусхаси Куфа шаҳрига юборилган. Кейинчалик Ироқ, Хуросон, Ўрта Осиё мана шу Куфа шаҳрига юборилган Қуръондан нусха кўчирганлари учун у “Куфий Қуръон” ва “Куфий хати” деб атала бошлади[7].

Араблар фатҳ қилинган ерлардаги девонларни араблаштирув ва тартибга солишдан аввал барча мусулмонлар учун ўқишга осон бўлган ёзувни танлаш устида бош қотирадилар. Оқибатда куфа аҳли ўрганган хат турининг аниқ ва чиройлироқ бўлгани сабаб бошқа шаҳарларда жорий хат турларидан  кўра ушбу хат турини танлайдилар. Шундай қилиб, куфий хати давлатнинг барча ноҳияларида қўлланиладиган ёзув турига айланиб қолди. Бу хат нуқталардан холи бўлиб, ўзининг соддалиги ва безаклардан холилиги билан ажралиб туради.

Бу ёзув тури геометрик шаклларга асосланган бўлиб, ёзувида фақат тўғри ва доиравий чизиқлар қўлланади. Бу хат туридан асрлар давомида бошқа турли хил араб хатлари вужудга келган. Ҳар асрнинг куфий хати турлича ўзгариб, турли вилоятларда унинг турли хил шакли қўлланганлиги ҳамда у ишлатилган аср ва минтақага қараб, унга турли номлар берилган (масалан, V аср куфийси, VII аср куфийси, мамлуклар куфийси, андалус куфийси). Шу зайлда ундан етмишдан ортиқ шу турдаги хат тарқалади[8].

Сўнгра хатти маъқалий ва куфий хати асосида хат санъати ҳақидаги барча рисолаларда хабар қилинишича, араб ёзувининг санъаткорона яратилган олти хил асосий услуби майдонга келган:

I.ثلث – сулс хати – тўрт баҳраси текис, икки баҳраси юмалоқдир. Сулс – бир нарсанинг учдан бир ҳиссаси ёки учинчи ҳиссаси, демакдир. Сулс хати дейилишига сабаб шуки, бунда қаламнинг учинчи ҳиссаси ишлатилади ёки сулс хати таълимида қаламнинг учдан бир ҳиссаси кўпроқ ишга солинади.

  1. 2. نسخ – насх хати ихтирочиси машҳур санъаткор хаттот Ибн Муқлаъ ҳисобланади. “Насх”нинг луғавий маъноси “ўчириш, бекор қилиш” демакдир. Бу хат турлари олдингиларидан фарқли ўлароқ геометрик шаклларга эмас, балки нафис оғма шаклларга асосланган.

3.محقق  – муҳаққақ – бир бўлак қисми текис бўлиб, қолган бўлаклари юмалоқ шаклдадир.

  1. ريحاني – райҳоний хати – муҳаққақдан келиб чиққан. Муҳаққақ ва райҳоний хатининг ихтирочиси Ибн Баввоб бўлган.
  2. توقيع – тавқеъ хати –хатнинг ярми текис, ярми юмалоқроқ чизиқдан ташкил топган бу ёзув тури маъқалий ва куфий хатларига ўхшайди. Тавқиъ дейилишига сабаб шуки, илгари қозилар қозихона ҳужжатларининг бошига ёзиладиган сўзларни шу хат билан ёзганлар.
  3. رقاع – риқоъ хати – кўпчилик ҳарфлари бир-бирига қурама қилиб ёзилади. Риқоъ “руқъа” сўзининг кўплиги бўлиб, қоғоз парча, мактублар демакдир. Тавқеъ ва риқоъ ихтирочиси маълум эмас .

 Айрим олимлар таълиқ хатини ҳам бу олти хат ёнига қўшиб, асосий хат услубларини етти тур қилиб кўрсатадилар.  Юқоридаги хат турлари хаттотлар тилида “Ал-Хутут ас-сабъа” (“Етти хат”) деб юритилади. Хаттотман, деган ҳар бир инсон шу хатларни билиши зарур бўлган[9].

Таълиқ хатининг ихтирочиси Абулъол номли шахс деб кўрсатганлар. Текшириб кўрилганда Абулъол ихтиро этган таълиқ хатининг график асослари куфий хатидан келиб чиқиб, бу хат форсий матнларни ёзиш учун ихтиро қилинган. Кўпчилик олимларнинг фикрича, муҳаққақ биринчи услуб, райҳоний хати ундан келиб чиққан. Сулс учинчи услуб, насх хати ундан келиб чиқарилган. Бешинчи услуб ҳисобланган тавқеъ хатидан сўнгги олтинчи хат риқоъ келиб чиққан. Бу хат услубларини қуйидаги чизмада кўриш мумкин:

Мазкур хатларнинг ҳар бири алоҳида ўринларда қўлланилган:

муҳаққақ — қасида ва шеърлар ёзишда;

 сулс — илмий асарлар ва хат йўл-йўриқларида;

 райҳоний ва насх — қисса ва хабарларда;

тавқиъ — буйруқ ва фармонларда;

 риқоъ — мактубларда ишлатилади.

Бу олти асосий услубнинг ҳар бири ингичка ва йўғон қаламларда ёзилиши натижасида яна ўн икки хил хатни ташкил этган.[10]

Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш (матн кўчириш) билан хаттотлар шуғулланган. Хаттотлар саройларда, айрим амалдорлар ҳузурида гуруҳ бўлиб ишлаган. Хаттотлик санъатига бағишланган кўплаб рисолалар ёзилган. Муҳаммад бин Ҳусайн ат-Тиббий, Мир Али Табризий, Султон Али Машҳадий, Мир Али Хисравий, Мунис Хоразмий ва Аҳмад Дониш ўз даврининг машҳур хаттотлари бўлишган.

Истиқлол туфайли унутилаёзган китобат санъати бир гуруҳ хаттотларимиз томонидан қайта тикланди. Бунда Ҳ.Солиҳ, С.Бадалбоев, А.Мирсоатов, Т.Зуфаров, А.Шомуҳамедов ва бошқаларнинг хизматлари катта. Ҳ.Солиҳ 1998 йили Истанбулда ўтказилган халқаро хаттотлар беллашувида “Девоний” хат услуби бўйича кучли ўнликдан жой олган. 1999 йили у хаттотликда янги тарз, яъни нақшин безак ёзувининг алифбосини кашф қилгани учун Лоҳурдаги халқаро хаттотлар беллашувида “Парвин рақам” унвонига сазовор бўлган. Бугунги кунда А.Мансуров, И.Маматов, С.Бадалбоев, Ғ.Ҳақбердиев каби хаттотлар ҳам бу санъат турининг ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

ТИИ Тиллар кафедраси

ўқитувчиси Абдуллаев Алишер


Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Мир Убайд Бухорийнинг мўъжизавий хати билан кўчирилган Қуръони карим // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Тошкент: 2006. 4-сон.
  2. Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари (Настаълиқ хати қоидалари). – Тошкент: Мовароуннаҳр. 2008, –Б. 4.
  3. Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад ибн Айюб ат-Табароний. Ал-Мўъжам ал-кабир. 699-ҳадис Имом Бурхониддин Зарнужий. Таълимул мутаъллим. – Байрут: 2017. – Б.117
  4. Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. – Тошкент: Фан. 1971, –Б.22.Муҳаммадхон Бадриддинов. Хат хазиналар калити. – Наманган: –Б.2.
  5. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. –Тошкент: Hilol, 2017. – Б. 507.
  6. Ҳамиджон Хомидий ва Маҳмуд Ҳасаний “Машриқзамин ҳикмат бўстони” Тошкент: Шарқ,  – Б. 15.
400400cookie-checkЎрта Осиё хаттотлиги куфий ёзуви тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: