Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 2-курс талаба қизларига Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” китобини хатм қилгани учун ижоза шаҳодатномалари берилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев қадим тарихга эга шаҳарлар Бухоро, Самарқанд, Термизга ташрифини, дастлаб ўша ердаги улуғ алломалар Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий мақбараларини зиёрат қилишдан бошлайди. Зиёрат чоғида уламолар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлган суҳбатда илм-маърифат ривожига яратилаётган шароитлар ва диний эркинликлар ҳақида сўз юритилади.
Шавкат Мирзиёев 2023 йили Сурхондарёда Ҳаким Термизий мақбараси зиёратида соҳа ходимлари ва мутахассислари Ҳаким ва Имом Термизийлар, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний, Абу Муин Насафий ва бошқа буюк алломаларимиз меросини тизимли ва чуқур ўрганиши кераклигини қайд этди. Алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, бунинг аҳамияти ва маънавиятини халққа етказиш асосий вазифа экани таъкидланди.
Ана шундай вазифаларни ижроси ўлароқ Термизий алломалар, хусусан буюк муҳаддис бобомиз Абу Исо Термизий ва унинг “Сунан”лари Тошкент ислом институтида “хатми кутуб” методи асосида талабаларга чуқурроқ ўргатилмоқда ва таълим якунида шу китоб бўйича мутахассисликни тасдиқловчи муҳаддислар силсилавий ижозаси берилмоқда.
ТИИ проректорлари Тоҳир Эвадуллаев ва Соатмурод Примов, ”Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров ва бошқа ўқитувчилар иштирок этган тадбирда, устозлар ҳадис илми, унинг аҳамияти, “Сунани Термизий” асарининг институтда ўқитилиши, муаллиф Имом Термизийнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва тақволари, талаба қизларнинг “хатми кутуб”даги жонбозликлари, ижоза масъулияти, Термизий алломалар меросини ўрганишга Давлат раҳбари, ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани, бундан унумли фойдаланишнинг аҳамияти борасида сўзладилар.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Нилуфар Саидакбарова устозлигида 2-курс талаба қизлари 1 йил мобайнида “Сунани Термизий” асарини “хатми кутуб” методи асосида ўқиб тугатдилар.
Бошқа фанларда бўлгани каби ҳадис илмини ўрганишда ҳам етакчиликка интилаётган қизларга ижоза берилиб, илмий силсилага муносиб ва илмлари бундан-да зиёда бўлишини Аллоҳдан сўраб устозлари томонидан дуо қилинди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Термизий алломалар ва уларнинг меросини ўрганишга давлатимиз томонидан улкан ишлар амалга оширилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шеробод туманидаги Исо Термизий мақбараси обод қилинди. 2017 йил 14 февралда давлат раҳбарининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор асосида Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилди. Унда ислом дини, жумладан, ҳадис илми, Исо Термизий ҳамда термизий алломалар мероси чуқур ўрганилмоқда. Сўнги 2023 йилнинг ўзида Туркия, Россия, Қозоғистон, Жазоир, Беларусия, Саудия Арабистони, Малайзия каби давлатлардаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди, 300дан ортиқ маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари ўтказилди, 30га яқин дарсликлар ва ўқув қўлланмалари нашр этилди, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланди, ОАВда 1 200 дан ортиқ чиқишлар, мақолалар эълон қилинди.
Имом Термизийнинг “Сунан Термизий” асарининг 4 жилди Ҳанафий мазҳаби ва Мотуридий ақидасига мувофиқ тарзда шарҳ этилиб, ўзбек кутубхонларга маънавий туҳфа сифатида тортиқ қилинди. Шунингдек, “Буюк Термизийлар” рукни остида 20 та Термизий алломаларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ёритиб берувчи халлқчил рисолалар нашр этилиб, халқнинг маънавий хазинасига айлантирилди.
Хайрли ишларнинг давоми сифатида 2020 йили Сурхондарёда Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлади. Келажакда шу вилоятда Имом Термизий номидаги олий диний таълим муассасаси очиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Имом Абу Исо Термизий ҳижрий 209, милодий 824 йили Термиз яқинидаги Буғ, ҳозирги Шеробод тумани ҳудудида жойлашган қишлоқда туғилган. Ҳижрий 279, милодий 892 йилда шу ерда вафот этган.
ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Т.Азимов