Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 19 декабрдаги топшириғига асосан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТда сўзлаган нутқи ҳамда ушбу махсус резолюцияни мазмун-моҳиятини англаш мақсадида, жорий йилнинг 21 декабръ куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Маънавият соати” ташкил этилди. Унда, институтнинг “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ў.Собиров 1-3 курс талабалари учун “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – тараққиёт ва барқарорликнинг муҳим омили” мавзусида маъруза машғулотини олиб борди.
Миллатлараро тотувлик ғояси – умумбашарий қадрият бўлиб, турли хил халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, шу жойдаги тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Дунёдаги барча давлатлар аҳолиси миллий таркибига кўра 2 гуруҳга бўлинади. Биринчиси моноэтник (аҳолиси асосан бир миллат вакилларидан иборат) ва иккинчиси полиэтник (кўпмиллатли) давлатлардир.
Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон аҳолиси миллий таркибига кўра иккинчи гуруҳга, аҳолиси кўп миллатли давлатлар қаторига киради. Ҳозир Ўзбекистонда 136 та миллат ва элатларнинг вакиллари яшайди. Ҳар бир миллатнинг умумий манфаатлари билан бирга ўз қадриятлари ҳам бор. Ўзбекистон каби кўп миллатли мамлакатда турли миллатлар манфаатларини уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бу масалага катта эътибор бериб келинмоқда.
Миллатлараро тотувлик жамиятда тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Диний бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.
Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Азал-азалдан она юртимизда ислом, христиан, иудийлик, буддавийлик каби дин вакиллари ёнма-ён яшаб келган. Асрлар мобайнида йирик шаҳарларда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб халқларнинг ўз диний амалларни эркин адо этиб келаетгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар орасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик масаласида улкан тажриба тўплаганидан далолат беради.
Ўзбекистонда яшаб фаолият кўрсатаётган турли дин вакилларининг маънавий дунёси, эътиқод эркинлиги учун истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб кенг йўл очилди. Ёш давлатимиз дин маънавий-маданий ҳаётнинг узвий қисми эканидан келиб чиқиб, унга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди.
Бугунги кунда мамлакатимизда турли эътиқодга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳити ўрнатилиши учун барча шароитлар яратилган. Ўтган 27 йил мобайнида бу йўналишда муайян натижаларга эришилди. Энг асосийси – бағрикенгликнинг муҳим омилларидан бири бўлган миллатлараро ва динлараро тотувлик тўла таъминланди. Бугун мамлакатимизда 16 диний конфессияга мансуб 2224 та диний ташкилот ва 140 га яқин миллий маданий марказлар фаолият кўрсатмокда.
Маърузада ҳозирги куннинг энг асосий вазифаларидан бири халқимизнинг диний эътиқодига зид бўлган зарарли оқимларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, анъанавий, маърифий, мўътадил ислом динини ёт ғоялар таъсиридан сақлашдан иборат эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди.
Тошкент ислом институти
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими
бошлиғи Ў.СОБИРОВ