islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИНСОН НEГА ЙИҒЛАЙДИ?

Инсон дунёга келган экан, ҳаётда турли воқеа-ҳодисалар ва турли ҳолатларга рўбарў бўлади.Уларнинг инсонга таъсири ҳам турлича, баъзан ҳаётдан мамнун, баъзан эса маҳзун бўлади. Ана шу ҳаёт тўлқинларида сузиб бораётган инсон умри давомида жуда кўп бора кўз ёш тўкади, йиғлайди. Лекин, инсон йиғисининг сабаблари ҳам турлича бўлар экан. Баъзилари таҳсинга лойиқ, баъзилари эса аксинча, Аллоҳ ундан паноҳ берсин. Уламолар йиғини бир неча турга бўлган эканлар. Улар қуйидагилар:

1. Меҳрибонлик ва юмшоқ кўнгиллик йиғиси;

2. Хавфсираш ва қўрқув йиғиси;

3. Муҳаббат ва шавқ йиғиси;

4. Шод-хуррамлик йиғиси;

5. Оғриқдан йиғлаш;

6. Маҳзунлик йиғиси;

7. Заифлик ва руҳий беқарорлик йиғиси;

8. Мунофиқлик йиғиси;

9. Бошқалар учун йиғлаб бериш;

10. Мувофиқлаштирилган йиғи.

Энди ушбу йиғи турларига қисқача шарҳ бериб, мисоллар билан ёритсак:

  • Меҳрибонлик ва юмшоқ кўнгиллик йиғиси. Кишининг юмшоқ кўнгиллигидан, бировга раҳми келиб йиғлаши бунга мисол бўлади. Уларнинг кўнгиллари нозик бўлгани боис атрофдаги воқеа ҳодисадан тез таъсирланиб кўз ёш тўкадилар. Ўз ўрнида буни фазилат деб аташ ҳам мумкин деб ўйлайман. Чунки бундай юмшоқ кўнгилли инсонлар ҳар доим ҳам топилавермайди.
  • Хавфсираш ва қўрқув йиғиси – инсон энди бўладиган кўнгилсизликдан хавфсираб йиғлаши мумкин. У қўрққан нарса ҳали содир бўлмаган бўлса-да инсон қўрқиб йиғлайди. Аммо, ҳамиша яхши гумонли бўлган яхши. Шунингдек, охират қайғусида, амалларининг озлиги ва нуқсонли экани, гуноҳлари борлигини ва кўплигини ўйлаб, эртаси учун қайғуриб йиғлаши ҳам йиғининг ушбу турига мисол бўлади. Бундай қўрқув инсон ўзини ислоҳ қилишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, охиратини ўйлаб йиғлаш таҳсинга лойиқ. Зеро, Аллоҳ истаса уни ана шу кўз ёшлари туфайли уни мағфират қилади. Мана шу кўз ёшлари эса қиёмат кунида унинг юзидаги нур бўлади.
  • Муҳаббат ва шавқ йиғиси – Инсон қалби муҳаббат билан тўлганда кўзларига ёш олади. Мана шу муҳаббат ва шавқ йиғиси бўлади.
  • Шод-хуррамлик йиғиси – инсон бир нарсадан қаттиқ севинганида  кўз  ёш қилиши йиғининг ушбу турига киради. Бунга ҳожатманд кишининг  ҳожати раво бўлганида севинчдан йиғлаши ва абитуриентларнинг ўқишга қабул қилинганларидаги йиғиларини мисол қилиш мумкин.
  • Оғриқдан йиғлаш – инсон тана аъзоларидан бирортасида оғриқ кучли  бўлганидан йиғлаши оғриқдан йиғлашга киради. Бунда ҳиссиётлар рол  ўйнамайди, балки инсон оғриқдан азоб чекканидан йиғлайди.
  • Маҳзунлик йиғиси – содир бўлган кўнгилсизликдан йиғлаш демакдир.  Йиғининг ушбу тури билан хавфсираб, қўрқиб йиғлаш ўртасидаги фарқ-маҳзунлик йиғиси содир бўлган, амалга ошган кўнгилсизлик таъсирида бўлади, хавфсираб, қўрқиб йиғлаш эса энди келиши мумкин бўлган ёмонликдан қўрқиб, унинг амалга ошишини хоҳламасдан, ундан омонда бўлишидан ҳотиржам бўлмасдан хавфдан йиғлашдир.
  • Заифлик ва руҳий беқарорлик йиғиси – кайфият тушганда йиғлаш ҳам йиғининг ушбу турига киради. Чунки инсон муаммога йўлиққанда уни бартараф этишга уриниши керак. Акс ҳолда унинг ўтириб йиғлаши заифлик йиғиси бўлади. Яқин инсони вафот этиши каби ҳоллардаги йиғи эса маҳзунлик йиғисига киради. Чунки, бунда инсоннинг сайъ-ҳаракати билан боғлиқ натижа йўқ.
  • Мунофиқлик йиғиси – буни йиғининг энг ёмон тури дейиш мумкин. Қалби қотган ҳолда, сиртида кўздан ёш тўкиб йиғлаш мунофиқлик йиғисидир. Бундай кўз ёш тўкувчи инсон ўзи инсонлар ичида энг қалби қаттиғи бўла туриб ён-атрофдагиларга ўзининг камтарлиги ва тавозесини кўз-кўз қилади. Аллоҳ ундан паноҳ берсин.
  • Бошқалар учун йиғлаб бериш – жаноза маросимларида аёллар пул эвазига йиғлаб беришлари бунга мисол бўлади. Улар Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: “Бировнинг ғами учун йиғлаб кўз ёшини сотади”.
  • Мувофиқлаштирилган йиғи – Инсонлар бошларига тушган нарса учун йиғлаб ўтирганларини кўриб, улар нега йиғлаётганларини билмаган ҳолда уларга қўшилиб йиғлаш йиғининг ушбу турига киради. Бунда инсон бошқаларни йиғлаётганларини кўради ва қўшилиб йиғлайверади, сабаб эса аҳамиятсиз.

Хулоса қилиб айтганда, йиғининг ҳам турлари бор бўлиб, уларнинг баъзиларидан сақланиш, баъзиларини эса ўзимизда шакллантиришимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Интернет манбалари асосида
Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта-махсус
ислом билим юрти мударрисаси Г. Кенжабой

62300cookie-checkИНСОН НEГА ЙИҒЛАЙДИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: