islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбалари

Ҳанафий   фиқҳининг   йирик манбаси бўлган ушбу “Шарҳул виқоя”  асарига  тўла  киришишдан олдин,  асар  таълиф   этилгунга   қадар бўлган   мазҳабимиз   тарихи ва мўътабар манбаларнинг шаклланиш жараёнига бир назар ташласак.  Чунки ҳар қандай манба нимагадир асосланиб,   унга   таянган ҳолда таълиф этилади. Юқоридаги маълумотлардан  маълум бўладики, ушбу асар ҳам ўзидан олдинги манбаларга  беихтиёр  боғлиқдир.

       Абу   Ҳанифа  р.а.   мазҳаббошимиз    тобеинлардан   бўлганлар.  У   зот Куфада  Анас  ибн  Молик р.а. ва бошқа саҳобаларни кўрганлар.  Куфа шаҳрига   Умар ибн Ҳаттоб р.а. асос солганлар ва у ерга Абдуллоҳ ибн Масъуд    р.а.ни    шаҳар  аҳлига  таълим  бериш  учун   юборганлар.  Бу  ҳақида   у  зотнинг  ўзлари  шундай  дейдилар:  “Эй  Куфа  аҳли,  мен   сизлар  учун  ўзимдан   кўра   Абдуллоҳни афзал билдим.  У илмга тўла каниф кабидир”.  Али р.а. халифа этиб тайинланганларидан сўнг Куфага келадилар ва  шаҳардаги   фақиҳ  олимларнинг  кўплиги  у  кишини  ҳайратга   солади ҳамда Ибн Масъуд р.а.га қарата: “Сиз бу шаҳарни илм ва фиқҳга тўлдирибсиз”, дейдилар. Ўша вақтда у зотнинг шогирдлари ва шогирдларининг   шогирдлари   тўрт   минг нафар бўлган.  Шаҳарда истиқомат  қилувчи  саҳобалар  сони  эса  бир  минг  беш  юз нафарни ташкил  этган.

      Абдуллоҳ    ибн  Масъуд  р.а.нинг   Куфадаги  шогирдларининг   машҳури Алқама  бўлган.  Алқаманинг  шогирди  эса  Иброҳим   Нахаий.   Нахаийнинг шогирди   Ҳаммод  ибн  Абу  Сулаймон.  Абу   Ҳанифа   р.а.  эса  Ҳаммод р.а.га шогирд бўлганлар.  У  кишининг  устозлар силсиласи шу тариқа Абдуллоҳ  ибн  Масъуд  р.а.га   туташади.

       Абу   Ҳанифа   р.а.   фиқҳий  масалаларни  таҳқиқ  қилиб,  унинг   машҳур   далилларини   синчиклаб ўрганиб чиққанларидан сўнг, шогирдларига  фиқҳий масалаларни тадвин қилиб, китоб шаклига келтиришни   буюрадилар. Фиқҳни тадвин қиладиган шогирдлари қирқ нафар бўлиб,   уларнинг энг кўзга кўрингани Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний  р.а. эдилар.   У   киши тасниф этган китобларда ўзига хос ажралиб турувчи кўплаб жиҳатлари борлиги туфайли мазҳабни нақл қилишда унга суянилади.  У зот тадвин этган китоб “Зоҳир ривоя”деб номланган.  У   ўз  ичига  қуйидаги  китобларни  жамлаган:

  1. “Мабсут”;
  2. “Жомеъул кабир”;
  3. “Жомеъус сағир”;
  4. “Зиёдот”;
  5. “Сиярул кабир”;
  6. “Сиярус сағир”.

Ушбу   китобларнинг   барчасида   ҳанафий   мазҳабидаги   машҳур  ва

мутавотир  ривоятлар   нақл   қилинган.  Фуқаҳолар  ёд олиш,  дарс   бериш ва   шарҳлар  ёзишда айниқса,  икки  жомеъ  ва  “Мабсут”га   жиддий  аҳамият  қаратганлар. Ҳатто   уларнинг   баъзилари:   ”Кимки “Мабсут” ни ва мутақаддимларнинг мазҳабини ёд билса, у ижтиҳод аҳлидандир”, деганлар. Муҳаммад ибн Ҳасан р.а. 189-ҳижрийда вафот этадилар.  У  кишининг   таълифотлари   ҳижрий   II   асрга  тўғри   келади.

      Ҳижрий  III  асрда   Хассоф   р.а.  (вафотлари  261-й.)   “Нафақот”, ”Адабул   қозий”  каби   китоблар   таълиф    этдилар.

 Ҳижрий  IV асрда  ҳанафий мазҳабида Имом Муҳаммаднинг китоблари   асосида   суғорилган   бир   қанча   мухтасар   асарлар  юзага келди.   Шулар   жумласидан   Ҳоким   Шаҳиднинг “Ал-Кофий” асари.  Мусанниф унда Имом Муҳаммад р.а.нинг “Зоҳир ривоя” асарларидан такрорий   ўринларини   тушириб   юбориб,   ушбу   китобни   ёзганлар.  Бу асарнинг   машҳур   шарҳларидан   бири   Имом Сараҳсийнинг “Ал-Мабсут” асаридир.   Ва   яна   шу  асрда    тадвин   қилинган   мухтасар асарлардан Имом   Таҳовийнинг “Мухтасарут Таҳовий”,  Имом Кархийнинг “Мухтасарул   Кархий”  асарларидир.   Қолаверса,   ушбу  асрда   ҳанафий  мазҳабининг кибор   уламолари   томонидан  фатво берилган фиқҳий масалалар   борасидаги   фатволар   ва  навозиллар   тўпламлари  яратилди.   Айнан  шу   даврда   ватандошимиз   Абу  Лайс  Самарқандий   “Мухторотун   навозил” ҳамда   “Муқаддима”   каби   китоблар   тасниф   этдилар.

  Ҳижрий   V   асрда   эса   Имом   Қудурий   р.а.  ўзларининг  машҳур “Мухтасарул   Қудурий”   асарини   таълиф   эттилар.  Бу  асар  ҳам  ўзидан олдин   ёзилган   асарлардан   нафас олган.  Унинг иборалари енгил бўлганлиги боис уламолар ундан ёд олиш,  дарслик сифатида қўллаш ва шарҳлар ёзишда кенг фойдаланганлар[1].

         Ҳижрий VI асрда  Самарқандий “Туҳфатул фуқаҳо” номли асар ёзганлар. Шогирдлари    Алоуддин    Косоний   эса унга “Бадойеъус санойеъ”   номли  шарҳ    ёзганлар.  Қолаверса, бу   асрда   ҳам  Абу    Ҳафс Насафий   “Манзуматул хилоф”,   Абул   Қосим  Самарқандий “Фиқҳун нофеъ”, Ғазнавий “Муқаддима” асарлари ёзилган. Ҳаттоки, Имом Марғилоний     ўзларининг     шоҳ   асарлари   бўлмиш   “Ҳидоя”ни   айнан  шу   даврда   ёзганлар.

Ҳижрий  VII  асрда  ҳанафий   мазҳабидаги   тўрт  йирик   матн   асарлар   ёзилган.  Улар  “Виқоя”,  Имом   Насафийнинг   “Канзуд дақоиқ”, Ибн  Саотийнинг  “Мажмаъ”,  Мавсулийнинг   “Ал-Мухтор”   асарлари.  Абдулҳай   Лакнавий   р.а.  айтадиларки:   “Мутааххир  уламоларнинг мана шу   тўрт   китобга  нисбатан  эътиборлари  кучли  бўлган.   Ушбу   тўрт асарга    “Мухтор”, ”Канз”, ”Виқоя”, ”Мажмаъул баҳрайн” деб ном берганлар.    Уламоларнинг     баъзилари  ҳанафий  мазҳабидаги  суяниладиган   матнлар учта,   улар   “Виқоя”,  ”Канз” ,  ”Мухтасарул  Қудурий” дир   деганлар.

Уламолар матн китобларига жиддий эҳтимом билан қараганларининг   боиси, матнлардаги маълумотлар шарҳлардан муқаддам   турган.    Шарҳлардаги    маълумотлар    эса,  фатво   китоблардаги    маълумотлардан   муқаддам   турган.    Аммо шарҳларда фатвога далолат қиладиган масалаларга йўлиқилса, шарҳ ва фатводаги маълумотлар   матнлардаги   маълумотларда   муқаддам   қўйилган.   Негаки, очиқ-ойдин   тасҳиҳ   қилинган   масалалар  илтизомий   тасҳиҳ қилинган масалалардан   устун  бўлган.

          Мана  шу  тўрт  матн  соҳиблари   ўз   асарларида   мазҳаббошимиз   Абу  Ҳанифа р.а. нинг сўзларини алоҳида айтиб ўтишга ва мазҳаб ичидаги рожиҳ (кучли)  қавлни баён қилишга иттифоқ қилганлар. Шунингдек, мусаннифлар ўз матнларида ибораларни ниҳоятда қисқа ифодалаш билан бирга кўплаб масалаларни жамлаганлар. Баъзиларида топилган   маълумотлар  баъзиларида  учрамаслиги  ҳам  мумкин.

          Ҳижрий VIII асрда Ал-Кокийнинг “Уйунул мазҳаб”, Содруш шарийъанинг “Мухтасарул виқоя”, Ибн Ваҳбоннинг “Қайдуш шароид ва назмул  фароид”  асарлари  дунё  юзини  кўрди.

         Ҳижрий IX асрда Ибн қози Самована “Латоифул ишорат”,  Мулла Хусрав  “Ғорорул  аҳком”  номли  китобларини  ёзганлар.

         Ҳижрий  Х  асрда   Тороблусийнинг   “Мавоҳибур Роҳман”, Умосийнинг   “Махзанул   фиқҳ”, Ибн Камол Пошонинг “Ислоҳ”, Ҳалабийнинг  “Мултақол абҳар”  номли  китоблари  дунё  юзини  кўрди.

         Ҳижрий  XI  асрда  Темиртоший   “Танвирул  абсор”  китобини  таълиф этади.   Муаллиф   ўз   асарида   мўътамад  матнлардаги  масалаларни зиёдалар  ва  таржиҳлари   билан  жамлайди.  Кавокибий   ҳам   “Фароидус сания”  номли   асар  ёзган ва унга кейинчалик   “Фавоидус  самия”  номли шарҳ   ҳам   битилган.

          Ҳанафийлик    фиқҳи  ва  унда  китобларни  тадвин   қилиш  даври  узоқ асрлар   давомида   шаклланди  ва  сайқал  топди.  Биз  бахс  юритаётган “Шарҳул виқоя”   асари   ҳам  ана  шу мўътабар  манбалардан  озуқа  олган ҳамда фиқҳий масалаларнинг мағзини ўзида жамлаган етук шарҳ ҳисобланади.  Юқорида  мазҳабимизга  оид  йирик  асарларни  номма  ном саналгани  ҳам  бежи  эмас.  Негаки,   ушбу   асардаги   маълумот ва масалалар  негизи ана шу китобларга бориб тақалади. Юқорида айтганимиздек, бу асар “Виқоятур ривоя” га шарҳ ўлароқ ёзилган. Шубҳасиз, матн  ва  шарҳ  соҳибларининг  китоб  таълиф  этишда  ўзига  хос  ва    бир-биридан   фарқланувчи   жиҳатлари  бўлган.  Эндиликда  матн  ва шарҳдаги   бошқа  манбалардан  фақланиб,   ажралиб  турадиган томонларини кўриб чиқамиз. Чунончи, Бурҳонуш шарийъа “Виқоя” масалаларини  “Ҳидоя” дан   жамлаганлар   ва  унга   баъзи   масалаларни илова қилганлар.  Шунингдек, мусанниф “Виқоя”да “Ҳидоя” соҳиби сароҳатан айтиб ўтмаган,  унга  фатво  берилган  масалаларни  келтириб ўтганлар.  Яна  мусанниф  ўз  асарларида   “Ҳидоя”  соҳиби  тасҳиҳ   этган ва фатвога ихтиёр берган масалаларида ўз фикрларини билдирганлар. “Шарҳул    виқоя”  нинг  баъзи  ўринларида  “Ниқоя”  даги  масалаларни  ҳам учратиш   мумкин.  Асар  соҳиби  ўзлари   маъқул  топган   ўринларда  ундаги керакли   масалаларни  айтиб ўтганлар.  “Шарҳул  виқоя” “Виқоя” учун ёзилган   шарҳларнинг  ўртачаси  ҳисобланади.  Шориҳ ундаги ўз қарашларини   бошқа   манбаларда учрамайдиган усуллар билан изоҳлаганлар.  Шу  билан  бирга  кўнгиллари  тўлмаган  баъзи  масалаларнинг  иллатларига саволлар   келтириш   билан   кифояланганлар  ва   имкон   қадар   ҳанафий фиқҳи  масалаларини  ақл  тарозиси  билан  ўлчаб,   уни   қўллаб-қувватлашга жиддий  эътибор  қаратганлар.  Масалага   хилоф   чиққан  томоннинг, айниқса,   Имом   Шофеъий р.а.нинг   келтирган   ҳужжатларининг   заифлигини ақлий   ва   нақлий   йўллар   билан очиб берганлар.   Шу   туфайли   Содруш шарийъа   ўз   замонасида   “ақлий  илмлар  имоми”  номини   олган.

 “Шарҳул виқоя”да   “Ҳидоя”да   келтирилган   далиллар   мўъжаз  тарзда ёритилади.  Мусанниф   матнда  келтирилмаган   фатвога   тегишли масалаларни    шарҳда   баён    қилганлар  ҳамда баъзи ўринларда Абу Ҳанифа р.а.нинг сўзларига нисбатан  Имомайннинг гапларини таржиҳ қилганлар.

                                4-курс талабаси
Шавкатжон  Халилов

 

[1] Доктор  Салоҳ  Муҳаммад  Абул  Ҳож. Мунтаҳан ниҳоя ала шарҳи виқоя . – Байрут : 2006. –Б.  56.

86970cookie-checkҲанафий мазҳабининг мўътабар манбалари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: