islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳасан ибн Зиёднинг ҳаёти ва илмий мероси

Ҳанафий фиқҳ мактаби вакили, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тарбиялаган мужтаҳидлардан бири Ҳасан ибн Зиёддир. У кишининг кунялари Абу Али эди[1]. Марварид сотиш билан шуғулланганлари учун мужтаҳид олим “Луълуъий” нисбаси билан  ҳам машҳур саналади. Милодий 734 йилда (ҳижрий 116 йил) Куфа шаҳрида туғилиб, 819 милодий санада (ҳижрий 204 йил) вафот этди[2].

Кичкиналигидан илм олишга қизиқиб, киришган Ҳасан ибн Зиёд кўп йиллар давомида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг илм халқаларига боради ва калом, фиқҳ ва ҳадис илмидан таълим олади. У зот барча нақлий ва ақлий илмларни ўрганиб, мужтаҳид даражасига эришади. Ҳасан ибн Зиёд Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ каби мутлоқ мужтаҳид бўлмасалар-да, мазҳаб ичида жуда кучли саналган ижтиҳод эгаси эди. Ҳасан ибн Зиёд жуда ақлли, зеҳнли, барча Ироқ олимларининг сўзларини ёд олган эди. У устозидан илм-фан ўрганиб, кейинчалик кўплаб шогирдлар тарбиялади. Жумладан, Муҳаммад ибн Сабаъ ал-Қодий, Муҳаммад ибн Сува ибн ас-Салжий, Шуъайб ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳлар каби ҳанафий олимларни санаш мумкин. Куфада узоқ вақт таълим олиб илм ўргатганларидан кейин у Куфа аҳлига Ҳафс бин Ғиёс раҳматуллоҳи алайҳдан кейин қозилик қилади. Аммо кейин у бу лавозимдан ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. У ўз ҳаётини Исломга бағишлаб, зуҳд йўлини танлади.

Ҳасан бин Зиёд ҳаёти давомида ибодат билан машғул бўлди, ҳаромдан тийилди ва Ислом буйруқларига риоя қилишда жидду жаҳд қилди. У зот ўта мулойим ва парҳезкор эди. Ҳизматкорларига ўзи еган нарсалардан едирар, ҳудди ўзи кийган кийимлардан берар эди[3].

У ўзи билан бирга яшайдиган яқинларига эрталаб бомдод намозига тараддуд кўрар экан, барча тайёр бўлгунича ҳикоялар айтиб берар эди. Кеча-ю кундузини бекор сарфламайдиган Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ бомдод намозидан сўнг илм мажлиси ташкил қилиб, турли масалалар айтардилар. Бу ҳолат тушликка қадар давом этарди.

Пешиндан олдин баъзи уй ишларини бажарар ва хайр-эҳсон қилишга одатланган эди.

Пешин намозидан кейин ҳам одамларнинг саволларига жавоб берар эди ва то кечқурун блгунча шаръий масалалардан таълим берар эди.

Аср, шом ва хуфтон намозларини ўқиб бўлгач ўйига қайтиб, кечанинг учдан бир қисмига қадар яна илм билан машғул бўлар эди. Сўнгра ибодатлар қилиб, озгина дам олиб яна мазмунли ибодат ва илм суҳбатларига бой кун тартибини бошлар эди.

Ҳанафий мазҳабининг фуруъот масалаларида асос бўлган иккинчи табақа манбалари «Наводир» деб юритилади ва улар ҳам мазҳаб асосчиларидан ривоят қилинган фиқҳий масалалардан ташкил топган. Бироқ, «Наводир» «Зоҳирур ривоят» китобларида тилга олинмаган қарашларни баён қилади. Ундан ташқари, «Наводир» масалалари «Зоҳирур ривоят» каби машҳур ёхуд мутавотир санад билан ривоят қилинмаган балки, оҳод (якка шахслар) йўли билан нақл қилинган.

Мазкур китоблар гоҳида «Ғайри зоҳири ривоят» деб ҳам юритилади. Шунинг учун ҳам баъзан фиқҳий китобларимизда «наводир» китобларидаги масалалар зикр қилинса, «Фий ғайри зоҳирир-ривоя» «Зоҳирур ривоятдан бошқасида (келган)» деган қайд билан тилга олинади. Бинобарин, китоблар ичида асҳоблардан ривоят қилинган сўзлар ҳақида шундай ибораларга дуч келинса, бу «наводир» китобларидаги масалалар эканлигини билиш мумкин.

Ҳасан ибн Зиёд Луълуийнинг ал-Мужаррад асари мана шундай наводир асарлар сирасига киради. Мазкур ал-мужаррад асарида Ҳасан ибн Зиёд имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан фиқҳий масалаларни ривоят қилган[4]. Ҳасан ибн Зиёд ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан бевосита таълим олган шогирдларидан бўлиб, “Адабул қозий”, “Маъони-л-иймон”, “Ан-нафақот”, “Ал-харож”, “Ал-фароиз”, “Ал-васоя”, “Ал-амолий” каби бир қанча китоблар муаллифи ҳисобланади.

4-курс талабаси
Жумабоев Авазбек

[1] Фахрия Муҳаммад Али Бадр “Аҳкам ал-фиқҳийяту ал-латий холафа фийҳа ал-Ҳасан ибн Зияд ал-Луълуъий аиммату ал-мазҳаби ал-ҳанафий”.  Қуддус. Фаластин. “Муассасат ар-рисола” нашриёти. 2012. Б. 16.

[2] Фахрия Муҳаммад Али Бадр “Аҳкам ал-фиқҳийяту ал-латий холафа фийҳа ал-Ҳасан ибн Зияд ал-Луълуъий аиммату ал-мазҳаби ал-ҳанафий”. – Қуддус. Фаластин. “Муассасат ар-рисола” нашриёти. 2012. Б. 17.

[3] Фахрия Муҳаммад Али Бадр “Аҳкам ал-фиқҳийяту ал-латий холафа фийҳа ал-Ҳасан ибн Зияд ал-Луълуъий аиммату ал-мазҳаби ал-ҳанафий”.  Қуддус. Фаластин. “Муассасат ар-рисола” нашриёти. 2012. Б.  18.

[4] Ҳабиб Аҳмад ал-Кироний “Абу Ҳанифа ва асҳабуҳу”. Байрут, “Дар ал-фикр ал-арабий” нашриёти. 2003. Б. 161.

88390cookie-checkҲасан ибн Зиёднинг ҳаёти ва илмий мероси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: