islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қозиюл қузот ва қози шогирдлари

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари ичида ўн тўрт нафари “қози ал-қузот” ва оддий қозилар бўлганлар. Ҳанафий мазҳабининг ривожланиши, исломий мамлакатларга тарқалишида мана шу қозиларнинг ҳиссаси катта бўлгани шубҳасиз. Улар қуйидагилардир:

  • Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий (731-798). Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бош шогирди. У 166/782 йилдан бошлаб Бағдодда ўн олти йил бош қози бўлиб турган. У ислом тарихида илк қози ал-қузот бўлган ҳанафий олимидир.

2) Ҳасан ибн Зиёд ал-Луълуъий ал-Куфий (ваф. 204/819). Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг учинчи шогирди. У 194/809 йилда Кўфага қози қилиб сайланган, лекин озгина муддат ишлаб, истефога чиққан.

3) Асад ибн Амр ибн Омир ибн Абдуллоҳ ад-Қушайрий ал-Бужалий (ваф. 188/804). Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга илк бор устоз дея мактуб ёзган ҳанафий олими. Восит шаҳрида бир муддат қози бўлган, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан сўнг Бағдод қозилигини эгаллаган. Ҳорун ар-Рашид (786-809) билан биргаликда ҳаж зиёратига борган.

4) Абу Исмат Нуҳ ибн Зайд ибн Жаъуна ал-Марвазий (ваф. 173/790). Халифа Мансур (754-775) даврида Марвга қози этиб таъйинланган. Узоқ муддат қозилик қилган, у қози этиб сайланганидан сўнг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ унга ваъз-насиҳатлар қилиб мактуб йўллаган.

5) Абу Муҳаммад Нуҳ ибн Дуррож ан-Нахаъий ал-Кўфий (ваф. 182/799). Кўфада уч йилча, кейин Бағдодда қозилик қилган Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларидан бири. Унинг тўрт ўғли бўлган, тўртови ҳам қозилик қилган.

6) Офият ибн Язид ал-Авдий (ваф. 170/787). Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиборли шогирдларидан бири. Бағдодда қози-аскар бўлган. Муҳаддислардан Абу Абдурраҳмон ан-Насоий (830-915) уни ҳадис ривоятида ишончли, деган.

7) Али ибн Забён ал-Абасий (ваф. 192/808). Қармисин деган жойда вафот этган Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бу шогирди асли кўфалик бўлиб, Бағдодда етти йилча қози ал-қузот бўлган.

8) Али ибн Ҳармала ал-Куфий (ваф. 199/815). Бағдодда Ҳорун ар-Рашид (786-809) даврида “қози ал-қузот” бўлган. Аввал Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кейин Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан сабоқ олган.

9) Абу Зайд Ҳаммод ибн Далил (VIII аср). Мадоин шаҳрида қозилик қилган. Муҳаддислардан Ибн Ҳиббон (885-965) уни ишончли, деган, Абу Довуд (817-889) эса ундан битта ҳадис ривоят қилган.

10) Абу Абдуллоҳ ал-Қосим ибн Маън ибн Абдурраҳмон ал-Ҳузалий ал-Куфий (ваф. 175/792). Куфада қозилик қилган. Муҳаддислар уни ишончли деб, ундан ҳадислар ривоят қилганлар.

11) Яҳё ибн Закариё ибн Абу Зоида (738-800). У Ҳорун ар-Рашид (786-809) даврида Мадинада қози бўлган, тўрт ойча Мадоинда ҳам қозилик қилган. У Куфада фиқҳ соҳасида биринчи китоб ёзган олим сифатида ҳам танилган[1].

Муаррих Абдулқодир ибн “Абул Вафо ал-Қурайший (1297-1373) ўз асарида “ўн икки нафар қози” дея мана шу ўн бир нафарининг номини санаган, холос[2]. Лекин ўз вақтида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан дарс олиб, унинг мазҳабига амал қиладиган кейинчалик қозилик вазифаларида ишлаган қуйидаги олимлар ҳам борлиги маълум:

1) Абу Ҳонеъ Нўъмон ибн Абдуссалом ибн Ҳабиб ат-Тамимий ан-Найсобурий (ваф. 183/800). Исфаҳонда бир муддат қози бўлган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ, Суфён ас-Саврий (716-778) ҳамда Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ(728-775)дан таълим олган.

2) Абу Али Умар (Амр) ибн Маймун ибн Баҳр ал-Балхий (ваф. 171/788). Балхда йигирма йилдан кўпроқ қози бўлган. Унинг ўғли ҳам Нишопурда қозилик қилган. Муҳаддислардан Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (824-892) ундан битта ҳадис ривоят қилган.

3) Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд ат-Термизий (VIII аср). Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бири, Термизда бир муддат қозилик қилган. Ишончли ровий сифатида Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (824-892) ва Абу Абдурраҳмон ан-Насоий (830-915) ундан ҳадис ривоят қилганлар[3].

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ устозига ўринбосар бўлганидан то умрининг охирига қадар шогирдларига илм ва фиқҳ ўргатдилар. У зотдан беҳисоб муҳаддис ва фақиҳлар дарс олди. У зотга бошқа имомларга бўлмаган даражада кўплаб асҳоблар ва шогирдлар  насиб этди.

Тадқиқотчилар у зотнинг шогирдлари 800 нафардан ошишини айтишса-да, энг асосий ва машҳурлари 36 нафардир. Улардан 28 нафари қозиликка лаёқатли, 6 нафари фатво беришга муносиб, 3 нафари эса – Абу Юсуф, Зуфар ҳамда Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳлар қози ва фатво арбоби эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзи шогирдларини шу тартибда баён қилгани нақл қилинади. Бу рўйхатга Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний киритилмаган. Чунки у Абу Ҳанифадан уч йилдан сал кўпроқ сабоқ олди, устози вафот этганда 18 яшар эди. Бунда қозилик учун керак бўладиган билимини олиб улгурмаганди. Албатта, шунга қарамай Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг барча фиқҳий ва қозиликка алоқадор фикрлари Шайбоний асарларида ўз аксини топган.

Хулоса ўрнида қўйидаги фикрни айтиш мумкин. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг илм халқлари жуда катта, забардаст фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим ва тасаввуф аҳли намоёндаларини ўзида жамлаган. Шунинг учун ҳам масалалар ҳеч бир шубҳасиз ҳар томонлама пухта кўрилган ва охирги хулосани имом Абу Ҳанифа тасдиқлаганлар.

Шундай булса, мазкур олимлар ичида тўрт мужтаҳид имом Зуфар, Абу Юсуф, Муҳаммад ва Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳлар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фиқҳини китоб қилиб, мазҳабини бошқа ўлкаларда ҳам кенг ёйишга беқиёс ҳисса қўшишган дейиш тўғри бўлади.

4-курс талабаси
Авазбек Жумабоев

[1] Ибн Ҳанаий Алауддин Али ибн Амруллоҳ Ҳумайдий “Тобақот ал-ҳанафия”. Боғдод, “Дар ал-фикр ал-арабий” нашриёти. 2005.  Б. 128.

[2] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф.  Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти. 2005. Б. 147.

[3] Ҳабиб Аҳмад ал-Кироний “Абу Ҳанифа ва асҳабуҳу”. Байрут, “Дар ал-фикр ал-арабий” нашриёти. 2003. Б. 201.

88450cookie-checkАбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қозиюл қузот ва қози шогирдлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: