Инсон зоти туғилишидан бошлаб меҳр ва эътиборга муҳтож қилиб яратилган. Айниқса, ҳозиргидек машаққат ва мусибатлар пайтида ҳар доимгидан ҳам кўпроқ тўғри йўл кўрсатувчи инсонларнинг кўмаги ва далдасига эҳтиёж сезади. Кимдир ота-онасининг тасаллисига, яна кимдир эса устозларининг панд-насиҳатларига суянади. Кимнингдир эса суянувчи инсони йўқ… Лекин ҳафа бўлишга ҳеч ҳам ўрин йўқ, чунки бизларга ота-онамиздан ҳам, жамики махлуқотлардан ҳам шафқатли бўлган бир инсон бор. У киши Аллоҳ таоло оламларга раҳмат қилиб юборган, токи умрларининг охиригача “Умматим, Умматим” дея гуноҳларимизнинг мағфират қилинишини Роббиларидан ёлвориб сўраган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зот асҳоблари билан бирга ўтирганда: “Биродарларимни соғиндим”, – дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?”, – дейишганда: “Сизлар менинг асҳобларимдирсиз, менинг биродарларим мендан кейин келиб, мени кўрмай туриб иймон келтирган умматларимдир”, – дея жавоб бердилар.
Демак, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ҳозирда яшаётган умматларини ҳам саҳобаларини севгандек севадилар, саҳобалари ҳақида қайғурганлари каби биз ҳақимизда ҳам қайғурадилар. Агарда биз Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан зийнатлансак, уларнинг суннати мутоҳҳараларига эргашсак, бу дунёда У зотни доим ёнимизда бўлган ҳолда топамиз, охиратда эса иншааллоҳ улар билан бирга бўламиз.
Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан асҳобларига кўрсатган меҳрибонликлари акс этган баъзи лавҳаларни келтирамиз.
Расулуллоҳнинг асҳобларини ҳимоя қилишлари ва уларнинг устидан истеҳзо қилинганда қаршиликлари:
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу арок дарахтининг шохларини тўплаётган эдилар. У кишининг оёқлари ингичка бўлиб, шамолда очилиб қолди. Шунда саҳобалар кулиб юборишди. Расулуллоҳ: ”Нега куляпсизлар?”, – дедилар. Саҳобалар: ”Оёқларининг ингичкалигидан”, – деб айтишди. Расулуллоҳ эса: ”Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, унинг оёқлари мезонда Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ келади”, – дедилар.
Расулуллоҳнинг асҳобларининг илм олишларига ҳарисликлари:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ Ҳажжатул Вадоъда шундай дедилар: “Мендан амалларингизни ўрганинглар, албатта мен бундан кейин яна ҳаж қиламанми ёки йўқми билмайман”.
Яхши ва ёмон кунларда Расулуллоҳнинг асҳоблари билан бирга бўлишлари:
Саҳл ибн Ҳаниф розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ мусулмонларнинг заифлари ёнига келиб уларни зиёрат қилар, касалларини бориб кўрар, жанозаларида қатнашар эдилар.
Расулуллоҳнинг асҳобларининг қайғусига шерик бўлишлари ва улар ҳақида қайғуришлари:
Қурра ибн Иёс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам агар ўтирсалар улар билан бирга саҳобалар ҳам ўтиришар, уларнинг орасида бир киши ҳам бўлиб, у кишининг кичик ўғилчаси орқасидан келса, ёнига ўтқазиб қўяр эди. Унинг ўғилчаси вафот этиб, маҳзунлик уни қуршаб олгани учун ҳалқага қатнашмай қўйди. Расулуллоҳ уни қидирдилар ва: “Фалончи қаерда?”, – деб сўрадилар. Саҳобалар: “Сиз кўрган ўғилчаси вафот этди”, – деб айтишди. Расулуллоҳ у кишини учратиб қолдилар ва ўғли ҳақида сўрадилар ва у кишини юпатгач, шундай дедилар: “Эй фалончи, қайси бири сен учун афзал, ўғлинг билан умр бўйи роҳатланишингми, ёки эртага жаннат эшикларидан бирининг ёнига борганингда ўғлингни сендан олдин жаннатга кириб, эшикни очиб турган ҳолатида топишингми?” У киши: “Эй Расулуллоҳ, албатта, ўғлимнинг мендан ўзиб кетиб, жаннат эшигини мен учун очиши менга суюклироқдир”, – деди. Шунда Расулуллоҳ: “ Албата, бу нарса сенда бўлади”, – дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, фақатгина унга хосми, ёки барчамизгами?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ: “Барчангизга”, – дедилар.
Расулуллоҳнинг асҳоблари ва уларнинг фарзандларини дуо қилишлари:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ Хандаққа чиққан пайтларида муҳожир ва ансорлар совуқ тонгда қазишаётган эди. Улардаги чарчоқ ва очликни кўриб, “Аллоҳим, охират ҳаётидан бошқа ҳаёт йўқ, ансор ва муҳожирларни мағфират қилгин”, деб дуо қилдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ ансорларни зиёрат қилар, уларнинг болаларига салом бериб бошларини силар, уларнинг ҳаққига дуо қилар эдилар.
Аллоҳ таоло барчамизга синов ва машаққатлардан Ўзи биздан рози бўладиган ҳолда ўтишимизни насиб этсин!
1-курс талабаси Б. Раимкулова