Инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, у қанча давом этишидан қатъий назар ўша дамларнинг шукуҳи бир умр кишини тарк этмайди, доим мунаввар туйғулар қўзғайди, ёди эзгу амалларга туртки бўлаверади. “Ҳуррият” газетасида ишлаб юрган пайтимда шундай хуш айёмларга юзма-юз бўлдим, ўшандаги каби ҳозир ҳам у тафсилотлар тийнатимда бир ёруғлик мисол жонланади. 2003 йил газетанинг августдаги сонларининг бирида рўза ойини кечирган кишининг таассуротлари ифодаланган “Истиғфор” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда, жумладан, “Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Имон” китобини ўқидим” деган, яна кейинги кунлар шарҳида “Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанобларининг бадиа тарзида дунёга келган “Имон” рисоласида баён қилинган фикрларни жами мўминларга етиб боришини таъминлаган жамият ҳам анча олдинга кетган бўларди” деган гаплар бор эди. Тўғриси, ана шу камтарона эътирофлар ҳам кимларгадир ёқмаган ва махсус идорадан вакил келиб, масаланинг моҳияти билан, яъни бунинг тагида нима гап борлиги билан қизиққан. Газета учун масъул бўлган Исмат Худоёровни анча қистовга олиб, “Нега бундай ёзади, шайх билан муаллифнинг танишлиги борми ёки ўзи махсус айтиб ёздиргандир?” сингари иддаолар қилади. (Рости, ўша йиллар тақсирга муносабат шу даражада эди).
Мен раҳбарга бор гапни айтдим, домлани сиртдан биламан, ҳеч қандай муносабатим йўқ, китобларини маъқул кўриб ўқиганман, дедим. Ҳар ҳолда, ортиқча изоҳга ҳожат ҳам қолмади, буни биров талаб ҳам қилмади. Кейинчалик гап орасида воқеани ҳамкасблардан бирига сўзлаб берсам, бир оз ҳайрон қолиб, “Яхшиси, ёзганларингизни ҳазратга кўрсатинг, имконини топсангиз, ўқитиб олинг, ул зот яхши-ёмонни жуда фарқлайдилар, ҳатто китоб қилиб чиқаришга ёрдам ҳам беришлари мумкин”, деб қолди ва уй телефонларини топиб берди. Вақтни ўтказмай боғландим, гап нимадалигини тушунтирдим. Хуллас, бир ўқиб кўришга рози бўлдилар. Сентябрнинг ўрталарида хонадонларига етказдим, икки кун ўтиб қўнғироқ қилсам, “Кечикдингиз, сафарга кетиб қолдилар” дейишди. Умид билан бир мужда кута бошладим ва октябрнинг охирларида, ниҳоят, муборак овозларини эшитиш насиб этди. Мамнуният билан “Ўшанда ўқиб қўйган эдим. Маъқул, менга жуда маъқул. Энди бир дўстингизнинг таклифи билан рўза тутибсиз, менинг даъватим билан шу хилда намоз китобини ҳам ёзиб берасиз” дедилар андак мутойиба аралаш. Орадан бир оз ўтиб, чорладилар, хонадонларига қадам қўйдим, миннатдорчилик билдириб, муборак қоғозни олдим. Унда шундай сўзлар дарж этилганди:
“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Ишлаб ўтирган эдим. Бир киши сим қоқиб сўраётганини айтишди. Улаб қўйишларини илтимос қилдим. Янги таниш рўза тўғрисида бир нарса ёзганини, у матбуотда қисман нашр қилинганини, ўқувчилар турли фикрлар айтганларини ва менинг ҳам фикримни билмоқчи эканини айтди. Бир неча бор сим орқали мулоқотдан кейин юзма-юз учрашдик.
Муҳтарам Ҳаким Сатторий бизда кўпчилик эски мафкурага ўрганиб қолганидан ибодатга бемалол киришиб кета олмаётган шахслар ҳам борлигини, рўза ҳақида ўзи ёзган асар ўша тўсиқни йўқ қилишга хизмат қилармикан, деган умидда эканлигини айтди. Бу гап эътиборимни тортди. Бировнинг ёзганини кўриб беришга рағбатим ва имконим йўқлигига ҳам, чет эл сафарига шайланиб турганимга ҳам қарамасдан қоғозларни олиб қолдим.
Дастлабки саҳифани ўқиш билан қизиқиш ортиб, борини ўқиб чиқдим ва сафар давомида ҳам “Истиғфор” ҳақида гапириб юрдим. Бу асардаги гаплар мулланинг одатдаги ваъзи ҳам, илмий битиги ҳам эмас, балки рўза ибодатини ўз бошида яшаган кишининг дил сўзлари эди. Рўза тутган кишининг, бу ажойиб ибодатни яшаб, атрофлича ҳузур қилган шахснинг ўз ўқувчилари билан ибодат ҳузурини баҳам кўриши эди.
Имон ҳаловати ва ибодат ҳузурининг ўзига хос, мисли йўқ нашъаси бор. Худди ўша ҳолат муҳтарам Ҳаким Сатторийнинг кўзига рўза тутганларни малак каби, тутмаганларни бошқача қилиб кўрсатган. У кечагина бепарволик билан назар солган нарсаларга бугун бошқача кўз билан қарайди. Қариб қуйилмаган касбдошининг беодоблигини кўрганда ғаши келади. Ўғли билан уйига келган йигитнинг бир неча йилдан буён рўза тутаётгани унга ҳурмат билан қарашига сабаб бўлади.
Ёзувчи ўзи ўқиб юрган исломий китоблардаги теран маъноларни ҳам рўза туфайли янада чуқур англаб етади ва ўзидан ҳам ажойиб фикрларни қўшади. Асар ўқувчини рўза ибодатининг аввалги кунидан ром қилиб, рамазон ҳайитини байрам қилиш билан ниҳоясига етади.
“Истиғфор” ўзига хос янги тажриба бўлганида шубҳа йўқ. У ҳақида баъзи фикрларимизни эшитган кишилар ўқишга иштиёқ билдирганлари ҳам шунга далолат. Муҳтарам Ҳаким Сатторий жанобларини бу асар билан қутлаш баробарида, тажрибани давом эттириб, намоз ҳақида шунга ўхшаш асар битишларидан умидвор бўлиб, дуолар қилиб қоламиз.
Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ
2003 йил, ноябрь.”
Тўғриси, ўша йиллари халқимиз табиатига тўғри келмайдиган қарашлар (турли тафриқалар, муносабатлар) турмушимизга тиқиштирилган, кимнинг кимлигини ажратиш қийин бўлиб қолганди. Шундай шароитда дин пешвоси, йирик руҳоний аллома сифатида ул зотнинг ҳам бу бўҳрондан четда қолиши мумкин бўлмагани рост. Муносабат ҳам қалтис, очиғи, битта болтакесарнинг гапи етмай турарди. Ҳазратдан тисарилиш, ўзини олиб қочиш ҳоллари ҳам бўлгани бор гап. Мен эса буларга парво қилмай, ўз ҳурматимни сақлаган ҳолда телефонлашиб, баъзан маслаҳатлар сўраб турдим. Тақсирнинг илтифоти билан Миршоҳид исмли ношир йигит кўмагида “Истиғфор” рисола ҳам бўлиб чиқди (“Мовароуннаҳр” нашриёти, 2004 йил. Ношир Мубашшир Аҳмад).
Шайх билан баъзан йиғинларда учрашиб турдим, эски қадрдонларга хос самимий муомалаларидан баҳраманд бўлдим. Ҳар йили Франция элчихонаси Бастилия қалъаси эгалланган ва монархияга чек қўйилган 14 июлни ўзига хос нишонлайди: шу куни пойтахт жамоатчилигидан вакилларни таклиф қилиб, зиёфат беради. 2005 йил эди, чамаси, мен ҳам бордим. Элчихона дарвозасига яқинлашар эканман, узоқдан ҳазратга кўзим тушди. Тақсир бир ўзлари келар, атрофларида ҳеч ким йўқ, очиғи, биров бориб саломлашмасди ҳам (нима дейсиз, ўзбекчилик!) Мен бориб саломлашдим (чунки мансабдор эмасман, йўқотадиган нарсам йўқ), ҳали эшик очилишига вақт бор экан, бир оз гаплашиб турдик. Ҳазратнинг зоҳиридан ҳеч нарсани англаб бўлмас, доимгидек сокин ва осойишта кайфиятда эдилар. Қанча турган бўлсак, биров келиб саломлашгани йўқ, ё танишлардан ҳеч ким келмаган, ё келганлар ўзидан қўрқарди, гўё яқинлашса, курсисига путур етадигандек – бошқа нима ҳам бўлиши мумкин? Кейинчалик, ҳаммага маълумки, ҳазратнинг мавқеи бутунлай тикланди, ул зот халқимизнинг ардоғидаги кишига айландилар. Бундай ҳолга яна бир сафар — Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида таҳсил олган имомларнинг учрашувида қатнашиб, шахсан гувоҳ бўлдим. Турли вилоятлардан йиғилган масжид имомлари ул зотга нурга талпингандек интилар, жиндай илтифотларига муяссар бўлишга, эътиборларига тушишга жидду жаҳд қилишарди. Шайх ҳазратлари ана шундай эътирофга муносиб эдилар.
Ҳақиқатан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф босиб ўтган йўл келажак авлодларга ёрқин ибратдир. У кишининг ҳаёт босқичларини назардан ўтказсак, ҳамма кечириши мумкин бўлган тирикчилик йўлларидан ўтганлар, аммо ўзларига хос фидойилик, ғайрат ва интилиш билан ҳар бир дақиқани маърифат нури билан мунаввар қилиб, ўткинчи лаҳзаларга умрбоқийлик бахш эта олганлар. Ҳазратнинг нисбатан қисқа дунёвий ҳаётлари чинакам инсоний қаҳрамонликнинг намунасидир. Мазмун ташқи томондан бошқалардан фарқ қилмайдиган либос ичида бўлиши мумкин, аммо унинг моҳияти, баҳоси ботинда (ичкарида) яширинган бўлади. Ана шу асрорни кашф этиш, аввало, худди шундай буюкликка йўл очса, кейин шу амалга жаҳд қилган кишини юксакликка ундайди, ўз чўққисига чорлайди. Шу маънода ҳазратнинг ўтган умр йўлларига бир қур, нигоҳ қамраб оладиган даражада қисқа назар ташлайлик.
Муҳаммад Содиқ 1952 йил 15 апрелда Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф ва Собирахон Тилакберди қизи оиласида дунёга келганлар. Дастлаб шу қишлоқдаги мактабда, 3-синфдан эса Булоқбоши туманидаги 16-мактабда таҳсил олганлар. Яшаш жойининг ўзгаришига сабаб – отанинг Бухородаги Мирараб мадрасасини тугатиб, шу қишлоққа имом этиб тайинланишлари эди. Албатта, касби чўпонлик бўлган кишининг даҳрийлар тузумида дунёдаги энг нуфузли мадрасалардан бирида таҳсил олишга муяссар бўлишларида ҳам жуда теран ҳикмат бор. Волидаи муҳтарама ҳам дунёвий , ҳам уҳравий масалаларда комила бўлганликлари фарзандлар хотираларида меҳр билан ифодаланган. Муҳаммад Содиқ мактабни битириб, ота изидан борадилар ва Мирараб мадрасасига кириб ўқиш шарафига нойил бўладилар.
Таҳсил изчил давом этади. Дастлаб Тошкент ислом маъҳади, сўнг Тараблус (Ливия)даги исломга даъват куллиётидаги илм олишлар етук диний уламонинг камолга етишувида пиллапоя бўлиб хизмат қилади. Амалий фаолият Тошкент ислом маъҳадида устоз, ноиб, мудир сифатида рўй беради ва ниҳоят Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идораси бошлиғи – Бош муфтий. Агар фаолият нуқул ўқиб-ўрганишдангина иборат бўлиб қолса, мукаммаллик касб этмайди. Замондошлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ҳам уламо, ҳам фаол давлат ва жамоат арбоби сифатида биладилар. Ҳазратнинг амалий фаолиятлари мураккаб бир даврга тўғри келди. Дунё гўёки бир тўлғоқ ичида эди. Ҳа, неча йиллардан бери етилган ҳомиланинг дунёга келиши кутилаётган эди гўё. Шундай ҳам бўлди. Зулм ва истибдод қулаб, бир ярим аср кутилган ҳуррият кунлари келди. Лекин унинг ташрифи нечоғлик кутилмаган бўлса, шу баробарда ташвишлар ва синовлар ҳам куттирмай ёпирилиб келди. Бу боради диний масалада аҳвол ниҳоятда оғир ва нозик эди. Бу ҳолни динга муносабат шўро замонида қандай бўлганини ва диннинг табиатини билганлар яхшироқ тушунади. Ана шундай буҳронли шароитда диний идоранинг Бош муфтийси ҳам ҳаётий тажриба, ҳам чуқур билимга таяниб, таянч нуқтани топа олди. Атрофдаги мамлакатларда (масалан, Тожикистонда) фитна олови кўплаб қурбонларга олиб келган бўлса, салоҳияти юқори ва “тоши оғир” Ўзбекистонда бундай ҳоллар рўй бермади. Бу, аввало, диний масалада тўғри йўл танланганидан эди. Қолаверса, буюк боболар таълимотига садоқат, улар белгилаб кетган йўлдан оғишмай юриш ана шундай дориламонликни таъминлаганди.
Очиғи, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари буюк мероснинг вориси ва давомчиси сифатида бўй кўрсатган эдилар ва юртдошлари хотирасида ана шундай азим талъат билан сақланиб қолдилар. Юртимиз алломаларининг ислом маърифати йўлида улуғ ишлар қилганликлари кўп гапирилади. Қуръони каримдан кейин динимиз шариатида энг мўътабар манба – “Жомеъ ус-саҳиҳ” (“Саҳиҳи Бухорий”) китобини бизнинг фахрли бобомиз яратганлари билан ифтихор қиламиз. Шунингдек, тафсир, ақида, калом, фиқҳ, тасаввуф илмларида энг салмоқли тадқиқотлар шу юртда юзага келгани чинакам толеъимиз. Буюк тариқат алломаларининг фаолиятлари дунёни исломий талаблар асосида ўрганишнинг намунали мактаби бўлиб келган. Афсуски, бирор миллатда учрамайдиган оламшумул мероснинг ворислари юз йиллар давомида ундан мосуво қилиндилар. Диний илм ўрганишга жиҳод қилган қанчалаб кишилар бегуноҳ қурбон бўлиб кетдилар. Ана шундай қоронғи зулматдан кейин меросий маърифатимизнинг байроқдори бўлиб, тақдир Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ато этдики, ул зотнинг ҳаёт йўли келажак авлодларга мунаввар ибратдир.
Бу фикрнинг аниқ тасдиғи ул зотнинг илмий меросидир. Ул зот Қуръони Карим маъноларини ўзбек тилига ўгирдилар. Шунингдек, она тилимизда биринчилардан бўлиб оятларга тафсир ёздилар. 30 га яқин китобдан иборат “Тафсири Ҳилол” юзага келди, бу хазина эълон қилинди. Ҳадисларни ҳаммабоп услубда шарҳлаб, “Ҳадис ва Ҳаёт” мажмуасини яратдилар. Фиқҳга доир “Кифоя”, шунингдек, ақида, тасаввуф, тарихга доир кўплаб асарлари чинакам маънавий бойлик бўлиб қолди. “Зикр аҳлидан сўранг” туркуми эса мухлислардан келган саволларга жавоблар асосида пайдо бўлган эди. Яна улуғ хизматларидан бири – “Олтин силсила” (“Олтин занжир”) деб номланган саҳиҳ ҳадислар мажмуаларининг академик нашрига бош-қош бўлганликларидир. Мазкур улкан илмий куллиётга ислом оламида эътироф этилган “Сиҳоҳи ситта” (“Олти саҳиҳ”)дан ташқари яна уч буюк муҳаддиснинг саҳиҳ ҳадислари жамланган. Бундай катта лойиҳа дунё мусулмон мамлакатларидан саноқлисидагина амалга оширилган.
Ҳазратнинг миллий телевидение ва радио орқали олиб борган маърифий фаолияти ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ эди. Газета-журналлар билан ижодий ҳамкорлик, ТВ да “Маърифатнома” кўрсатуви, радио-суҳбатлар, кўплаб мақола ва интервьюларда динимизнинг маърифати оммабоп услубда халққа ҳадя қилинган эди. Ҳазратнинг кўп тилларни билишлари, энг нуфузли манбалардан хабардорлиги, боз устига ижодкорлик табиати – илҳом ва шавқнинг етарлилиги бу чиқишларнинг салмоғини оширарди. Ҳазрат диний билимларда қанча комил бўлсалар, дунёвий илмда ҳам мисли аллома эдилар. Ул зотнинг салоҳиятига даврининг кўплаб машҳур зотлари юксак баҳо берганлар.
Шайх амалий ва илмий фаолиятда буюк боболарга хос жасорат кўрсатдиларки, бу ҳол халқимизнинг бир мақолини эслашга изн беради: “Оққан дарё оқмай қолмас”. Аммо бу кунларни — қуриган кўчатлар илдизига нам етишини неча авлодлар интизор бўлиб кутиб ўтди. Ҳазрат икки қирғоқ ҳолига келиб қолган ўтмиш ва келажак ўртасида олтин кўприк бўлиб дунёга келдилар ва тоабад шундай бўлиб қоладилар. Ул зотни таниган, билганлар эса бир умр ифтихор ҳисси билан яшайдилар.
Ҳаким Сатторий
ЎзА