#Рамазон_2020.
Бугун сиз азизларга етказмоқчи бўлган ҳадис шариф – ҳадис қудсий бўлиб, у бизга Рамазон рўзаси фазилатларидан энг буюги ва шарафлиси ҳақида хушхабар беради. Зеро, ҳадис қудсий деб, маъноси Аллоҳ таолога тегишли, сўзини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилган ҳадисга айтилади.
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ” قال الله عزّ وجلّ: كُلُّ عَمَلِ بَنِي آدَمَ لَهُ إِلاَّ الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي، وأَنَا أَجزِي بِهِ، والصِّيَامُ جُنَّةٌ، فَإِذا كان يَومُ صَومِ أَحَدِكُم فلَا يَرفُسْ يَوْمَئِذٍ ولا يَسْخَبْ، فَإِنْ سَابَّهُ أَحَدٌ أو قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّي امْرُؤٌ صَائِمٌ، والَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ، لَخُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبٌ عِنْدَ اللهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ رِيْحِ الْمِسْكِ، ولِلِصَّائِمِ فِرْحَتَانِ يَفْرَحُهُمَا: إذا أَفْطَرَ فَرِحَ بِفِطْرهِ، وإذا لَقِيَ رَبَّهُ فَرِحَ بِصَوْمِهِ”. رواه البخاري
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ азза ва жалла айтди:
“Одам боласининг рўзадан бошқа қилган барча амали ўзи учундир. Чунки, рўза менинг учундир. Мукофотини мен бераман. Рўза қалқондир. Агар сизлардан бирингиз рўза тутган кун бўлса, ўша куни хунук гап сўзламасин! Бақир-чақир қилмасин! Борди-ю уни кимдир ҳақорат қилса ёки у билан жанжаллашса, рўзадор унга: “Мен рўзадорман”, деб айтсин.”
“Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадор оғзидан чиқаётган ҳид қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мушк ҳидиданда хушбўйдир. Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: 1) Ифторлик қилганда, қилган ифторлиги сабабли хуранд бўлади.2) Роббиси ҳузурига борганида, тутган рўзаси сабабли хурсанд бўлади”. Имом Бухорий ривояти.
Ушбу ҳадис қудсийдан олинадиган фойдалар:
– Одатда рўза ибодати холис Аллоҳ таоло учун бўлиши, унга риё аралашмаслиги сабабли Аллоҳ таоло рўзани қабул қилиши ва унга ажр-мукофотни Ўзи беришини таъкидламоқда. Зеро, банданинг қилган амали қабул бўлиши учун ихлос зурурдир.
– Банда учун тутган рўзаси қиёмат куни унга жаҳаннамдан қалқон ва ҳимоя бўлади. Уни бу дунёда гуноҳ қилишдан, Охиратда эса, Аллоҳнинг азобидан сақлайди.
– Банда гўзал ахлоқ соҳиби бўлишида ва жамиятда тартиб-интизомли бўлишида Рамазон ойининг ўрни беқиёсдир. Бунинг учун, инсон бемаъни сўз, беҳуда гап ҳамда жаҳлдорликдан нафсини тийиши керак бўлади. Буларнинг барини амалга ошириш учун Рамазон ойи етарли фурсатдир.
– Ҳадисда ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаслик таъкидланмоқда. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақорат ва сўкиш эшитган рўзадорга “Мен рўзадорман” деб жавоб қайтаришни тавсия қилмоқдалар.
– Рўзадор оғзидан чиқаётган ҳиднинг фазилати шундайки, қиёмат куни ўша ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушк ҳидиданда хушбўй бўлади. Чунки бу ҳид рўзадорнинг Рамазон ойида холис Аллоҳ учун, оч қолиб ҳамда ташна бўлиб тутган рўзаси самарасидир. Зеро, Аллоҳ тоати йўлида ҳосил бўлган ҳид Аллоҳ наздида маҳбуб ва хушбўй бўлади.
– Банда тутган рўзаси сабабли икки нарсадан хурсанд бўлади. Бири: кун бўйи ихлос билан, камчиликка йўл қўймасдан рўза тутиб, ифторлик пайтида тутган рўзаси савобини умид қилиб хурсанд бўлади. Иккинчиси: Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига борганида, тутган рўзасига берилган ажру мукофотни кўриб хурсанд бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни рўзаси қабул бўлиб, унга берилган ажру мукофотларни кўрганда хурсанд бўладиган бандалари қаторида қилсин! Амин.
Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси
Ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов