Тарихдан маълумки, ҳар бир кийимнинг келиб чиқиш тарихи ва ўз номи бор. Баъзи ҳолларда унинг номланиши қисман бузиб бошқачароқ талқин этилган ва шу асосда вужудга келган вақти ҳам нотўғри даврлаштирилган.
Жумладан, «паранжи» кийимининг ҳам айнан қандай маъно англатиши ва унинг тарихи борасида аниқ бир тўхтамга келинмаган. «Паранжи» атамасининг қайси тилдан олинганлиги ва унинг Марказий Осиё халқлари ҳаётига кириб келган даврини аниқлаш муҳим масаладир.
«Паранжи» тўғрисида махсус тадқиқот йўқ. Соҳага оид луғат ва энциклопедияларда мазкур сўзни арабча – фаражийя, яъни «кенг кўйлак» деб келтириб, унинг араблар даврида Марказий Осиёда тарқалганлиги таъкидланади ва унга қуйидагича таъриф берилади: «…исломда одатга кирган аёллар ёпинғичининг ўзбеклар ва тожиклар орасида тарқалган тури.
Аёлларнинг гавдасини, юз-кўзини яшириб туришга хизмат қилган. «Паранжи» уйдан ташқарида ёпинилган. Паранжининг олд томони тўрсимон чачвон (чиммат, тожикча, чашмбанд – кўзтўсар) билан беркитилган».
М.Асомиддинова «паранжи» сўзи арабча форажия, фарожатсўзидан олинган бўлиб, атама арабларда дин аҳллари, уламолар, султонларнинг қимматбаҳо матодан кенг қилиб тикилган устки кийими эканлигини таъкидлаб, Ватанимизда яшовчи уйғурларнинг айрим этник гуруҳлари орасида яқин ўтмишгача переженоми билан юритилган мазкур кийим эркакларнинг енги узун кийими бўлганлигини келтиради. Олима паранжи атамасини туркманлардаги пÿренчек//бÿрÿнчак– бурканмоқ феълига боғлашга ҳаракат қилади ва далил сифатида «Девони луғотит турк» асарида учрайдиган бýрýндi – кийди, бурканиб олди, ёпинди феълини келтиради. Айни тадқиқотчи этнограф Н.П.Лобачеванинг фикрлари асосида қуйидагиларни келтиради: «қадимда уст кийим вазифасини ўтаган туркманча пўренҷек кейинчалик кийимлик вазифасидан чиқа бориб, оддий бир ёпинчиққа айланиб, унинг енглари ингичкалашиб, оддий бир безак ҳолатига кирган. Унинг ўмизи (енг ўрни, енг ўтказиладиган ўйма) танага тbкилиб, қўлтиқ қисмидаги қулпаги сақланган ва шу шаклдан паранч(ж)и келиб чиққан».
Бизнингча, «паранжи» сўзининг морфологик таркиби уни арабча ёки уйғурча талқин қилишга имкон бермайди. Зеро, бу сўз икки қисмдан иборат: биринчи қисми par- [пар-]. Этимологик жиҳатдан par- > upari. Яъни қадимги эроний, хусусан, қадимги форс тилида upari – «устидаги», «бирор нарсанинг устига ишорат» қилувчи олд кўмакчи маъносига эга. Бу кўмакчи биз таҳлил қилаётган «паранжи» сўзида шакллантирувчи компонент вазифасини ўтаган. Сўзнинг иккинчи қисмидаги -anj [-анж] ўрта эроний тиллардан бири суғдий тилли ёзма ёдгорликларда икки хил орфографик шаклда: бири ’ync, иккинчиси ynch шаклида «аёл» маъносида Муғ тоғидан топилган суғд ҳужжатлари архивининг Nov 3, Nov 5, A-5 рақамли ҳужжатларида учрайди.
-ync сўзи ёшга нисбатан аёл кишининг вояга етган босқичини кўзда тутади. Турмуш қурган босқичдаги аёл суғдий манбаларда vaδu(h)[ва-дуҳ] деб кўрсатилган. Бу сўздаги -th- олд қатор тиш оралиғи сирғалувчи товушдир. Бу товуш ҳозирги эроний тилларда –д- товушига мос келади. Сўз охиридаги –h- грамматик аёллик жинсига ишорат қилади.
-ync сўзининг ишлатилиш доираси, фикримизча, кенгроқ бўлган. Масалан, чорванинг ёшига нисбатан ҳам ишлатилади. Урғочи қорамолнинг биринчи ёши бузоқ, иккинчи ёши ғўнажин дейилади. Бу сўздаги ўзак қисми ғў-нан-, яъни икки ёшли ҳайвон демакдир. Бунга тарихий -ync [инж-], аёлликка (ёки урғочиликка) ишорат қилувчи сўз қўшилганда ғўнан сўзининг охиридаги -н-товуши тушиб қолган. Натижада ғўнажин шакли барқарор луғат бирлигига айланган.
Мазкур мулоҳазалардан кейин паранжи сўзига қайтиб, бу сўзнинг икки қисмдан иборатлигини кўриш мумкин. Бу эса сўзнинг арабча эмас, балки суғдий асосга эга эканлигини кўрсатади. Яъни «паранжи» аёлларнинг устки кўчалик кийими демакдир. Тарихий, хусусан, археологик манбаларда аёлларнинг паранжи кўринишидаги кийимда тасвирланган намуналари мавжуд. Масалан, эфталийлар даврига (V – VI асрлар) оид Болаликтепа (Сурхондарё воҳаси) ёдгорлиги деворий суратларида зиёфат манзарасида иштирок этаётган аёлларнинг елкасига ёпилган енгсиз парчабоф матодан тикилган кийим айни биз кўзда тутган паранжининг ўзидир.
Дарвоқе, паранжи шаклидаги устки кийим билан Европа македониялик Искандар даври дан бошлаб таниш. Бунга қадар Европада ёпинғич кийим учрамайди. Римни вайрон этган варварларга бу каби кийим бегона. Қадим карвон йўллари, кейинчалик Буюк ипак йўли амал қилган даврлардан бошлаб Европада ипак матодан тикилган елкага ёпиб кийиладиган от минган ҳолда отнинг сарисини ёпиб турадиган ёпинғич кийим пайдо бўлди. Фикримизча, шу даврдан бошлаб паранжи сўзи ҳам Европага таниш бўлган. Бу сўз кейинчалик fringues (кийим-кечак, уст-бош) шаклига кирди. Бироқ сўзнинг луғавий изоҳи «французларга тегишли» fringues сўзига тасодифий ўхшашлиги сабабли асл маъно Европада унутилган. Қолаверса, Европада ўрта асрларда эркакларнинг кенг маълум бўлган расмий кийимларидан бири френч деб аталгани ҳам бежиз эмас. Демак, тожик ва ўзбек тилларида ҳозиргача мавжуд бўлган «паранжи» сўзига ўзбек тили изоҳли луғати ва турли бошқа луғатларда берилган изоҳлар этимологик жиҳатдан ўзини оқламайди. Чунки бу сўзнинг негизида суғдий асос бор.
Паранжининг аёллар кўчалик устки кийими маъносидаги вазифаси Ўрта Осиёда ислом маданияти доирасида ўзгаришга учраган. Бунга аёлларнинг эркаклар жамиятидан ажратилиши сабаб бўлган. Паранжи аёл кишининг очиқ юзини кўрсатмаслик шартига биноан елкадан бошга кўтарилиб, аёл юзининг «номаҳрам» назаридан беркитилишига хизмат қила бошлаган. Шу сабабли «паранжи» деганда бошга ёпиладиган енгсиз кийим тушуниб келинади. Ҳозирда ҳам Ўзбекистондаги баъзи вилоятларда аза маросимларида паранжи ёпинишади. Лекин бугунги жамиятда аёллар уни киймаслиги сабабли паранжи тарихий-этнографик реликт (лот. relictum – қолдиқ) сифатида музейлардагина қолди.
М.М.Исҳоқов, тарих фанлар доктори
Б.С.Ғойибов, тарих фанлари доктори
“Водийнома” журналининг 2019 йил 1-сонидан.
Qanday ham nomusli onalarimiz bo’lgan o’sha zamonlarda.
Паранжининг ўрни билиняпти бугун!
Bizni Buxoroda uylangan kiyov kelinni paranjida uyiga olib keladi va koʻtarib uyiga olib kiradi.
bizda ham shunday kelin ota onasi bilan paranjida xayralshib aksi yoki amakisi kotarib mashinaga olib chiqadi kuyov tomonda kuyov kotarib olib chiqadi
Karantinda paranjini asli haqiyqati bilindi. Dindor kishi shundoģam bu kiyimni e’tirof etadi, moddaparast ateist ham paranjini nechog‘li kerakli kiyim ekanligini tan oldi: karantindagi kambenzon, maska, qo‘lqop… Ana endi bizning dindor ajdodlarimizga tasanno aytishsin: xattoki maska taqalmaydigan bolachalarini keng qilib tikilgan paranji ichida olib yurishgan bo‘lsa ne ajab.. Momolarimiz paranjini faqatgina ko‘chada kiyishgani esa, tahsinga sazovor! Ahir siz-u biz uchun eng xavfli kasalliklar profilaktikasida aynan paranji qo‘l keladiku.. Mashaalloh!
maqolangiz menga yoqdi men ham juda paranjiga qiziqyotgandim biz tomonlarda kelinni paranjida olib ketiladi va kuyov kotarib olib tushadi zor menga yoqdi xech bolmasa toyda paranji taqilar ekanku