Университет устозлари самолётга миниб ўз жойларини эгаллашди. Хавфсизлик камарини боғлашди. Стюардессанинг овози келди:
– Ҳурматли устозлар бу самолётни сизнинг шогирдларингиз ясашган.
Шунда барча устозлар хавфсизлик камарларини ечиб самолётдан қочиб тушиб кетишди. Фақатгина биттагина устоз қолди. У жойида хотиржам ўтириб қочиб кетаётган бошқа устозларга деди:
– Жойингизга қайтинг! Шу самолёт учса юзимга тупурасиз!
Очиқ-равшанки, бу ҳикоя ҳазил ҳикоялардандир. Аммо бу фалсафа бизнинг замиримизда томир отиб бораяпти. Кимё бўйича Нобель мукофоти совриндори Аҳмад Зувайлнинг шу маънода айтган бир гапи бор:
“Ғарб биздан афзал эмас. Аммо улар муваффақиятсиз инсонга у токи зафарга эришгунча ёрдам беришади. Биз эса муваффақиятга эришган кимсага қарши токи қулагунича курашамиз!”.
Бир неча кунлар олдин Уммондаги Иордания университетида битирув анжумани бўлиб ўтди. Унда бир битирувчи минбарга чиқиб дипломини ўпди ва бир устозининг олдига бориб юзига тупурди. Чунки у устоз унга: “Сен агар муваффақият қозонсанг юзимга тупур!”, деган экан.
Фикримча у устоз шунга муносиб. Аммо бу жуда қўпол интиқом. Иш бундай бўлмайди. Унинг ўрнида бўлганимда микрофонни қўлимга олиб: “Бу муваффақиятимни ўша “муваффақият қозонсанг юзимга тупур!”, деган устозимга ҳадя қиламан, дер эдим.
“Сен битта жумлани ёза олмасдан ўлиб кетасан!”, деб дафтарим билан юзимга урган араб тили устозимга бағишлайман!”.
Юқоридаги жумлани биринчи китобим нашр бўлганида бағишлов қилиб китобимнинг бошида ёздирганман. Китобим чиқса биринчи ота-онамга бағишлайман деб орзу қилар эдим. Аммо биров сенга азият бериб суяк-суягинггача қақшатиб юборса интиқом ҳақида ўйлаб қолар экансан. Ҳа! Бу иш қанчалар маданий кўринмасин унда интиқом бор. Энг яхши интиқом сенга “одам бўлмайсан!”, деган кишига муваффақиятингни ҳадя қилмоғингдир.
Фаросатли аъробийлардан бири Макка кўчаларининг биридан ўтди. У кўчада ўйнаб юрган болачаларни кўрди. Улар орасида ёш Муовия ибн Абу Суфён ҳам бор эди. У бир гуруҳ болаларни бошқасига гиж-гижлар, сўнгра уларни яраштириб қўяр эди. Буни кўрган аъробий деди:
“Бу бола албатта қавмининг саййиди бўлади!”.
Аробъийнинг гапини эшитиб турган Муовиянинг онаси Ҳинд бинт Утба деди:
“Агар ўғлим қавмининг бошлиғи бўлмаса бунақа ўғлим йўқ!”.
Ана шу ундов Муовия розиёллоҳу анҳунинг халифа бўлишига сабаб бўлди. Бир боланинг зеҳнида “сен ҳали катта ишларни қиласан” деган фикрни экиш унинг муваффақиятига сабаб бўлади. Биргина ёмон сўз инсонни тугатиши ҳам мумкин.
Тўғри ҳамма бир хил бўлмайди. Аммо ҳамманинг нимагадир қобилияти бўлади.
Аллоҳ гувоҳ, мен бугун масжидда оёқ кийими ўғирлайдиган дўстларимдан кўра кўпроқ калтак еганман устозларимдан. Бизнинг ота-оналаримиз мактабга беришдан олдин устозларимизга: “Гўшти сизники, суяги бизники!”, деб топширишар эди. Устозларимиз ҳам ҳадларидан ошишмас эди. Муҳими мен еган калтакларимни унутиб юборганман. Аксинча, мен устозларимдан қарздорман. Аммо бугунгача менга айтилган устозимнинг юқоридаги сўзларини унута олганим йўқ!
Адҳам Шарқовий.
@Abdulqodir_Polvonov