Воқелик мулоҳазаси
Ихлосли халқимиз орасида қизимни илмлига ёки қорига узатаман деб, моддий томонини биринчи ўринга қўймайдиган, қизимни ўқитса, уни исломга мувофиқ қадрласа, невараларимни Аллоҳни танийдиган қилиб тарбиялайдиган тақволи йигит бўлса бас, қаерда яшаши ҳам менга муҳим эмас, шуни куёв қиламан, керак бўлса, ўзим уни оиласига қизимни таклиф қиламан, дейдиганлар ҳам бор. Афсуски, баъзи ҳолларда ҳатто ислом олийгоҳларини муваффақиятли тамомлаган йигитлар ёки ўқиб турган талабалар ўзига тенг бўлган, диний таълим олган ёки толиба қизларга совчи юборсалар, қизнинг ота-онаси томонидан баъзи важ-корсонлар, жумладан, куёвликка номзоднинг Тошкентда уйи йўқлигига ҳам билинар-билинмас ишора қилиниб рад жавоби берилаётган ҳолатлар ҳам учраб туради. Ҳолбуки, қизнинг ҳолати яқин дугона ва маҳрамлари томонидан ўрганилса, унда мазкур совчига монелик бўлмаган ҳоллар ҳам талайгина. Энди бизнинг мезонимиз билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизга (бошқа-ғайриларга эмас, биз умматларига) ўргатиб, ўрнатиб берган мезонларига бир назар қилайлик! Қизни вояга етказган бирор ота-онага тил теккизиш ёки танқид қилишдан нариман. Лекин ҳар нарсада ҳам меъёр бўлади. Тўғри, бугун бу қори ёки талабанинг моддий имконияти камроқдир. Лекин куни келиб, сизга барака берган ягона зот Аллоҳ унинг ҳам корига барака бериши мумкин эмасми биродар?!
Исломни ўрганаётган талабалар нотавон кимсаларми?
Одамлар орасида бошқа соҳа талабаларининг келажакда омади келиб, бадавлат бўлиб кетишига ишончлари юқорию, диний соҳани талабаларига негадир булар косаси оқармай ўтади деган қараш ҳам йўқ эмас. Ўғил-қизига олий маълумотли тенгини кутиб ва қидириб турган ота-оналар диний олий маълумотли йигитни совчилари эшик қоқиб борсалар, узоқ ўйга толиб, уларни тирикчилиги нима бўлиши ҳақида кўп ташвиш чекадилар. Шунинг ўрнига дунёвий олийгоҳни тамомлаган йигитдан совчи келса, кўп ҳолларда буни фахр деб қабул қилиш кузатилади. (Аслида ислом биздаги каби илмни диний-дунёвийга ажратмайди, фойдали-зарарлиги ажратади). Энди шу каби фарқлаш-ажратиш тўғрими? Исломий одамларнинг келажак ҳаётда омади чопмайдими? Ёки энг қолоқ ва нўноқ болалар диний таълим оладиларми?! Тадбиркорлик уларга бегона тушунчами? Мол-мулк жамғаришга ақл-фаросатлари ожизми?
Бунга Тоййиба университети доктори, фазилатли шайх Муҳаммад ал-Амсамий жавоб берадилар:
“Ҳалол касб қилишга энг иқтдорли кишилар толиби илмлардир. Чунки улар тадбиркорлик борасида юксак маҳорат, етарли тушунча ва йўналишга эгадир. Бунга биринчи ёрқин мисол Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларидан олдинги улкан даромад келтирган бир неча тижоратлари ҳамда У зотнинг тижорат билан шуғулланган саҳобаларининг фаолиятларидир. Шуникдек, улардан қайси бирлари қандай иш билан шуғулланган бўлсалар, албатта, уни уддасидан чиққанлар. Бунга Ислом тарихи тирик гувоҳдир.
1. Аллоҳ таоло толиби илмлардан шундай буюк ишларни талаб қилганки, у ишлар талабаларни фақат ўзининг тор доирали шахсий манфаатини ўйлашдан воз кечишга, оқибати таҳсинга сазовор, наф келтирувчи ишларни яхши кўришга ундаган ва бу умумманфаатли, доимо бутун уммат ҳамда келажак авлодларнинг асосий эҳтиёжи бўлган ишларга ўзларини тўлалигича бағишлашга даъват қилиб, уларни дунёдан рағбатларини сўндириб, иймон ҳаловати тамини тоттириб, имкон қадар, дунёга боғланиб қолмай, уни ташвишини камайтириш, дунё матоларидан зарурий эҳтиёж бўлган нарсаларни олиш билан кифояланишга ўргатди.
2. Уларнинг таълим-тарбиявий ҳамда илмий ишлари қалбни –дунё ташвишларию, уларни ортидан касб қиламан, мол-мулк йиғаман, банкда сақлайман каби – барча чалғитувчи фикрлардан, дунёда ўз мустақил ғояси бор кишининг шу фойдали ғояини амалга ошириб, қисқа умрини яхшиликлар билан тўлдириши учун асосий сармояси бўлмиш олтиндан қиммат вақтини ўғирловчи ишлардан холи бўлишини талаб қилади.
3. Қолаверса, улар ризқнинг йўллари кўп эканини, дунёга ўзини уриш ҳам ўшалардан бир торгина йўл эканини биладилар. Шунинг учун улар тўғридан-тўғри ризқ берувчи Розиқ зотнинг ўзига итоат қилишга ҳамда Аллоҳнинг қарамоғидаги боқимандалари бўлмиш халқнинг манфаати учун ишлашга юзланганлар. Энг яхши одам бу – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг боқимандаларига манфаат етказувчи киши! Нима дейсиз? Аллоҳга итоат ва халқига манффат етказишга юзланган кишини Аллоҳ қаровсиз қолдириб, зое қиладими?!
(Шайхнинг мақоласидан бир парча таржимаси).
Энди ўйлаб кўринг, куни келиб унинг ҳам иқтисодий аҳволи тикланиб, ҳозир йўқ бўлган нарсаларига эришса, биз ҳозир танлаган бадавлат, лекин илми, дини ва хулқи уникичалик бўлмаган номзодимиз энди унга тенглаша оладими?! Ҳозирку, у иқтисод тарозимизнинг палласини босиб кетгани учун диёнат палласи оғир келиб турган номзоддан воз кечмоқдамиз. Эртагачи? Қизимизга Аллоҳ таоло розилини ўйлаб хушмуомала бўлувчи, Ундан тақво қилиб, зулмни яқинига йўламайдиган куёв ҳамда невараларимизни қори ва олим қилишга ўзини фидо қилувчи отани бой бериб қўймаяпмизмикан ишқилиб?!
Қолаверса, ҳадиси шарифларда аёлларнинг қутлуғ қадам, сербарака ва энг яхшиси бир неча хил бўлиши, жумладан, маҳри арзон, камхарж, қаноатли, ҳадеб эрини тангликка туширмайдиган хотин ҳам алоҳида мақтовли сўзлар билан тилга олинган.
عَنْ عَائِشَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَعْظَمُ النِّسَاءِ بَرَكَةً أَيْسَرُهُنَّ مَئُونَةً ، وفي لفظ : إِنَّ أَعْظَمَ النِّكَاحِ بَرَكَةً أَيْسَرُهُ مَؤُونَةً . (رواه أحمد والنسائي والحاكم وابن أبي شيبة).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аёл-қизларнинг энг баракалиси харажати енгил-камроғидир” – бошқа бир ривоятнинг лафзида – “Энг баракали никоҳ харажати енгил-камроғидир”, деганлар.
(Имом Аҳмад, Насаий, Ҳоким ва Ибн Абу Шайбалар ривояти).
عن عائِشةَ رَضِيَ اللهُ عنها، أنَّ رَسولَ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم قال: “إنَّ مِن يُمنِ المرأةِ تَيسيرَ خِطبتِها، وتَيسيرَ صَداقِها، وتَيسيرَ رَحِمِها”. (رواه أحمد وابن حبان).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Хитба-совчилик ишлари енгил кечиши ва маҳри енгил бўлиши ва бачадони (ҳомила тутиши) енгил бўлиши – аёл-қизларнинг баракаси(қутлуғ қадамли экани)дандир”, деганлар. (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ҳадисдаги ибораларни Имом Муновий раҳимаҳуллоҳ “Файзул-Қадийр”да шарҳлаб, “хитбаси енгил” иборасини муносиб совчиларга юмшоқ ва майин муомалали жавоб бериш, уларга изн-рухсат бериш, “бачадони енгил” дегани эса тез ҳомиладор бўлиши ва серфарзандлиги маъносида эканини айтганлар.
Қизиқ жойи шуки, бизда икки ёшнинг меҳр-муҳаббатли ва бахтли бўлишига илоҳий кўрсатма ва бахт формулаларидан бири бўлмиш – куёв келиннинг ўзига мулк қилиб бериши вожиб бўлган маҳр ҳақида деярли ҳеч бир ота-она ўйлаб ҳам ўтирмайди. Аслида буни келинга вақтида берилмаса, қиёматда ҳам сўраладиган буйруқ! Ҳа, Аллоҳ буюрган вожиб амал билан асоссиз ва ношаръий урфга барпо бўлган талабларимизни тарозининг икки палласига қўйиб, илоҳий бахт сабаблари палласи оғирлигини кўриб-билиб туриб ҳам, ундан кўз юмамиз-да, сўнг нафсимиз ва одамларнинг гап-сўзи учун тарозининг енгил палладаги ўз билганимизни қиламиз. Оқибатда қўлимиздаги бахтни бой бериб, уни кўчада тентираб излаб юрамиз!.. Бизнинг қайғуйимиздаги шахсий уй ва бошқалар Аллоҳнинг наздида бўйига етган қизлар никоҳини кечиктиришга ҳаргиз асос бўлмайди. Қолаверса, уйланиш учун куёвнинг эмас, унинг ота-онасининг ҳам шахсий уйи бўлиши шарт эмас аслида. Бу уни уйланишга шаръан монелик қилмайди. Унга қиз бермасликка шаръан сабаб ҳам бўла олмайди. Бизга унча узоқ бўлмаган, тараққий этган давлатларда ҳам одамлар шахсий уй қурмай, умр бўйи ижара уйларда ҳам қиз узатиб, келин олиб, бахтли ҳаёт кечириб ўтаётганлари ҳам ҳақиқат.
Тафаккур гулшани: тарихий намунавий мисоллар
Мусо алайҳиссаломни ким куёв қилдилар? У зотни уйлари бор эдими шу пайт? Йўқ, бошпанасиз, қочоқ мақомидаги одам эдилар ўшанда. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуни куёв қилишга рағбат қилиб, севикли қизлари Фотимаи заҳро онамиз розияллоҳу анҳони никоҳлаб бердилар. Ҳолбуки, ўша вақт Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг маҳрни озгина қисмини тўлашга ҳам нақд маблағлари йўқ эди. Саҳоба ва тобеинлар ҳамда яқин ўтмишдаги қори бува, домла буваларнинг ҳам кўплари камбағал ҳолда уйланиб, кейин Аллоҳнинг фазли ила фаровон ҳаёт кечирганлари, уларнинг хотинлари ҳам ҳаётидан нолимай намунали хонадон бекалари, қаноатли ота-оналар бўлганлари ҳам сир эмас! Демак, бахт пулда ва бошқада эмас экан, у Аллоҳни танишда экан! Буни бугунги пандемиядан ҳам ақлли одамлар ангаб улгурдилар!..
Хулоса ўрнида
Ҳиссиётга берилиб, ўқиганки одамдан совчи келса, қизингизни унга қўшқўллаб бериб юбораверинг, дейишдан узоқман. Ўқиган атеист ва исломофоблар ҳам етарли. Бироқ, мусулмон киши ўз мезонини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мезонларига – орадаги асрлар узоқ, замон ўзгарган, одамлар бошқача бўлиб кетган бўлсалар ҳам – тўлиқ мослашга, уни уддасидан чиқа олмаса ҳам, имкон қадар унга мувофиқлаштириш пайида бўлиши кераклигини ёдга солмоқчиман холос. Аллоҳ ва расулини таниган, уларнинг йўлини тутган, устозлари хулқи ва тақвосига таҳсин айтган бирор номзоддан совчи келса, илоҳий мезон билан фикр қилиш яхши!..
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳга бир киши “Қизимга бир неча совчилар. Шуларнинг қайсисига турмушга берсам экан?”, деб маслаҳат маъносида савол берибди. Шунда у зот: “Аллоҳга тақво қилувчисига. Зеро, у агар қизингни яхши кўрса, иззат-икром қилур. Мабодо, ёқтирмаса ҳам, унга зулм қилмайди”, деб жавоб берган эканлар.
Манбалар асосида Баҳодиржон Баҳромжон ўғли тайёрлади
Xa boylikni deb fotihani buzganlar bor