1940 йил америкалик файласуф ва педагог Мортимер Адлер “Китобни қандай ўқиш керак?” дея савол қўйиб, шу номдаги китобини ёзади. Орадан саксон йилча вақт ўтиб, қанчадан қанча қўлланмалар, йўриқномаю тавсиялар чоп этилганига қарамай ҳали ҳам бу китоб довруғини, аҳамиятини, ўрнини йўқотган эмас. Аҳли китобхон учун бундай савол ҳар доим кўндаланг туришини ҳисобга олиб, М.Адлернинг айрим тавсияларини келтиришни жоиз топдик.
Китобни қандай ўқиш кераклиги бўйича ҳар кимнинг танлови, диди, фикри турфа ва ўзига хос, аммо буни ҳам билиб қўйиш асло зарар қилмайди…
Адлернинг фикрича, ўқишнинг 4 тури мавжуд:
1️⃣ Бошланғич ўқиш
Бу бизнинг бошланғич мактабларимизда ўқитиладиган ўқиш даражаси. Агар сиз ушбу матнни ўқиётган бўлсангиз, буни қандай қилиш кераклигини аллақачон биласиз.
2️⃣ Текшириб ўқиш
Бизга азалдан бирровга кўз югуртириш ва юзаки ўқишни ёмон одат деб ўргатишган. Лекин ҳар доим ҳам ундай эмас. Ушбу воситалардан самарали фойдаланиш тушунишни кучайтириши мумкин. Текширув орқали ўқиш бизга муаллифнинг режасини кўриб чиқиш ва чуқур ўқиш тажрибасининг моҳиятини баҳолашга имкон беради.
3️⃣ Таҳлил қилиб ўқиш
Бир пайтлар Френсис Бекон “Баъзи китобларни татиб кўриш керак, бошқаларини ютиб юбориш керак, баъзиларини чайнаш ва ҳазм қилиш керак” деб таъкидлаганди.
Таҳлилий ўқиш – бу пухта ўқиш.
4️⃣ Қиёслаб-чоғиштириб, батафсил таққослаб ўқиш
Бу энг қийин ўқишдир. Қиёслаб-чоғиштириб ўқиш бир хил мавзудаги кўплаб китобларни ўқишни ва фикрларни таққослаб, қарама-қаршиларини синчиклаб кузатишни англатади.
Хўш, бундай ўқиш китобхонга қанчалик ёрдам беради? Китоб ўқиш қоидасига риоя этиш шунчалик муҳимми? Мутолаа дегани китоб варақлашдан нечоғлик фарқ қилади? Келинг, айрим босқчиларни кўриб чиқамиз…
👁️ Ўқишнинг текшириб ўқиш босқичида китоб сарлавҳасини ўқинг, авра-астарини, орқа-олдини текширинг;
📚 Китобнинг биринчи саҳифасини диққат билан кўздан кечиринг;
📖 Бадиий адабиётларга дуч келганда сарлавҳаларни назардан ўтказиб (худди сканердек), якуний бобни синчиклаб ўқинг;
☝️ Китобдаги айрим шарҳларни эринмай ўқиб чиқинг.
🔍 Таҳлил қилиб ўқишда энг аввал муаллиф ва у ёзган бошқа асарлар билан андак қизиқиб кўринг;
👀 Сўнг бирров кўз югуртириб, сатрлардаги маънони илғаб олинг;
🤓 Учинчи қиладиган ишингиз – китобни тўлиғича, аммо тезроқ ўқиб тугатиш;
✍🏼 Мабодо бирор сўз, жумла ёки фикрга тушунмасангиз, қандайдир маълумот англашилмай қолса, дарров атрофдан нажот изланг. У хоҳ луғат, энциклопедия бўлсин, хоҳ муаллимингиз.
Шундан сўнг, қуйидаги саволларга имкон борича жавоб бериб кўринг:
а) қўлимдаги китоб ўзи нима ҳақида?
б) воқеалар ривожи нимага ишора қилмоқда?
с) асар ҳақиқатга яқинми: бутуничами ёки қисман?
д) бу аслида нима, аҳамияти қандай? Менга нима беради?
Асарни тугатгач, андак танқидий фикрлаб, ўйлаганларингизни бошқалар билан баҳам кўринг! Ишонаверинг, фойдасини сезасиз.
🧠 👩🏻🎓 Ниҳоят, талабчан китобхон даражасига етганингизда ўқиш – бу саволларни тўғри тартибда бериш ва уларга жавоб қидириш билан ниҳояланади.
Дарвоқе, яна ўқиш пайти турфа қайдлар ёзиш, муддат ва белгилар қўйиб ўқиш, қўлингиздан келса, шапалоқдек тақризча ёзиб, бир четга олиб қўйиш, иқтидорингиз бўлса, суврат-пуврат чизиб қўйиш ҳам зиён қилмайди. Бари сизнинг фойдангизга ишлайди…
✅ Ҳамиша дунёқарашингизни ўстирадиган, руҳингизни тозартирадиган, фикрингизни чархлайдиган китобларни ўқинг! Ҳар доим!
@akademnashr