“Рўза – нафсни жиловлаш, қалбни поклаш ва Аллоҳга яқинлашишнинг энг кучли воситасидир” (Имом Ғаззолий).
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал ва батамом саловоту дурудлар бўлсин!
Ислом динимизда буюрилган рўзанинг ҳам маънавий, ҳам жисмоний саломатлик учун чексиз фойдалари мавжуд. Аллоҳ таоло Рамазон рўзаси ҳақида бундай марҳамат қилган: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин” (Бақара сураси, 185-оят).
Рамазон ойи энг кутилган ой бўлиб, ҳар бир мусулмон учун катта аҳамиятга эгадир. Рамазонда тонг отгандан то қуёш ботгунга қадар овқат ва ичимликдан бош тортилади. Аллоҳ таолонинг чексиз марҳамати билан мўмин учун буюрилган ҳар бир амал ҳам руҳий, ҳам жисмоний қадр-қимматга эга ҳисобланади. Ҳатто рўза тутишдаги талаб ва одатларнинг ҳам руҳият ва тана учун фойдали жиҳатлари бисёрдир.
Рўзанинг ҳикматлари, инсоннинг дунёю охирати учун манфаатлари кўп. Ҳатто бошқа дин вакиллари ҳам унинг инсонга фойдалари ҳақида ўрганиб, эътироф этмоқдалар ва ўз ҳаётларида татбиқ қилмоқдалар. Ҳозирги даврда ҳам рўза тутиш айнан соғлиқ учун ниҳоятда фойдали эканлиги ҳақида кўпчилик бир овоздан таъкидламоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолишнинг инсон организми учун жуда фойдали эканини кўп тарғиб қилмоқдалар.
Рўза – оч қолишнинг энг яхши ва энг самарали намунасидир. Рўза нафақат касалликларнинг олдини олиш, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган касалликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлардаги табиблар очлик – рўза тутиш йўли билан даволамоқдалар. Яқинда рус олимлари рўза тутиш орқали даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижалар кишини ҳайратда қолдирадиган даражада муваффақиятли эди. Бу йўл билан ҳатто саратон касаллиги билан оғриганлар ҳам шифо топганлари қайд этилди.
Рўза турли касалликларга шифо бўлиши билан бирга, киши организмида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа зарарли бирикмаларни чиқариб юборишга ёрдам беради. Бу моддалар асосан истеъмол қилинадиган озуқалар орқали пайдо бўлади. Айниқса, ҳозирги пайтда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли барчасида оз миқдорда бўлса ҳам зарарли моддалар мавжуд. Улар ўсимликларни ўстириш учун сепиладиган дорилар, маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида қўшиладиган ранг берувчи, хушбўйлантирувчи ёки сақлаш учун қўшиладиган кимёвий моддалар орқали пайдо бўлади. Шунингдек, автомобиллар ва завод-фабрикалардан чиқадиган заҳарли тутунлар ҳаво орқали ютилади. Касалликларни даволашда кимёвий моддалардан тайёрланган дори-дармонлар ишлатилади. Бу моддалар қонга сингиб, ҳужайраларнинг зарарланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шифокорлар рўзанинг саломатликни мустаҳкамлашдаги фойдалари ҳақида кўп гапирганлар: “Рўза ошқозон ва ичакларни ортиқча чиқиндилардан тозалайди, у туфайли ҳазм қилиш тизими маълум муддат ором олади. Баъзи хасталикларнинг давоси фақат парҳездир. Рўза эса парҳезнинг бир тури, ҳатто ундан устун. Ичак ва йўғон ичакларида сурункали яллиғланиши бор беморлар ҳамда жигар хасталиги билан оғриётган беморлар ифтор вақтида кўп таом тановул қилмасалар, рўзанинг фойдасини сезадилар. Баъзида қичима касаллиги борлар рўза шарофатидан тузалиб кетадилар. Чунки рўзада таомланиш бир тартибга тушганидан қичишиш сабаблари йўқолади”.
Рўзанинг асаб тизимига ҳам фойдаси улкандир. Доктор Муҳаммад Абу Шавқ “Рўза ва асаб тизими” номли рисоласида шундай ёзади: “Рўза нафс ва руҳни поклайди, қийинчиликларга чидамли бўлишга ҳамда камбағал ва муҳтожларга меҳр кўрсатишга ўргатади, шаҳватларга берилишдан қайтаради, нафсни муомалада ростгўйлик, омонатдорлик, ғазаб қилмаслик, ўч олмаслик каби хулқларга етаклайди. Буларнинг барчаси инсонга тинчлик-осойишталик, муҳаббат ва поклик руҳини беради. Ўз навбатида, бу асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Организм асаб тизимига қараб сокин бўлади ёки қўзғалади. Асаб тизими тинч бўлмаса, қолган аъзолар ҳам бир маромда фаолият кўрсатмайди. Бу ҳикматни қаранг, рўза инсонни гўё фариштадек ҳолатга етаклайди. Бу билан у саодатмандликка эришади ва ўзгаларни ҳам бахтли қилади. Эй асабий таранглик, чарчоқ, уйқусизлик, тушкунлик ва шу каби касалликлардан қутулиш мақсадида шифокорларга қатнаб юрувчилар, агар рўза ва унинг сизларга берган яхшиликларини маҳкам тутганингизда, узлуксиз даволанишга эҳтиёж сезмас эдингиз”.
Инсон танасидаги ортиқча вазн сабабли ҳам турли касалликлар пайдо бўлади. Рўза танадеги ёғларни камайтиради ва инсон қисқа вақт ичида ортиқча вазндан халос бўлади.
Рўза қон босими кўтарилганда, ўткир буйрак шамоллашида, пешоб йўлларида тўпланган тошларни юмшатишда, жигар касалликларида, ўт қопининг шамоллаши ва тошларида, семизлик ҳамда юракнинг сурункали касалликларида, ошқозон безовталигида фойда беради. Рўза тутиш ҳар бир кишига яна ғайрат бағишлайди ва кексалик сари бўлган қадамни секинлаштиради.
Хулоса қилиб айтганда, рўза тутиш нафақат диний ибодат, балки инсон руҳияти ва саломатлиги учун муҳим тарбия мактабидир. Рўза танани тозалаб, онгни сокинлаштиришга кўмаклашади. Рўза орқали инсон ўзини назорат қилиш, сабр-қаноат ва шукроналикни ўрганади. Шу сабабли рўза тутишнинг фойдалари фақат маънавий эмас, балки жисмоний жиҳатдан ҳам улкандир.
Рамазон ойида рўза тутиш нафақат ибодат, балки соғлом турмуш тарзини сақлаш учун ҳам ажойиб имкониятдир. Тиббий жиҳатдан рўза тутиш организмни тозалаш, модда алмашинувини яхшилаш ва турли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Рўза тутишда мувозанатни сақлаш муҳимдир.
Фойдаланилган интернет сайтлар:
- muslim.uz
- xabardor.uz
- kursiv.media
Фахриддин ЕРНАЗАРОВ,
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси






