Муаллиф муқаддимаси
Оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин! Оламларга раҳмат қилиб юборилган, пайғамбарларнинг сўнггиси ва расулларнинг имомига ҳамда у кишининг пок оилаларига, саҳобаларга, то қиёматгача у зотнинг суннатларига эргашиб, кўрсатмалари ила ҳидоятланган кишиларга саловат ва саломлар бўлсин.
Набавий ҳадис илмига алоқадор бўлган инсонга сир эмаски, суннати мутаҳҳарага аввалги асрлардаёқ сақлаш, тадвин қилиш ва текшириб чиқиш борасида кучли эътибор қаратилган. Вақт ўтиши билан унга эътибор янада кучайиб, муҳофаза ва тадвин қилиш, тартиблаб турларга ажратиш жадаллашди.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари масаласида жуда ҳам эҳтиёткор бўлиб, уни аслидек муҳофаза қилишда қаттиқ турганлар. Масалан, Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида машҳур бўлмаган ҳадисларни айтишига рухсат бермасдилар. Бунга мисол, Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳунинг ривоятида келган Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга айтган изн сўраш тўғрисидаги ҳадисларидир. Бунга ўхшаш ҳолатлар саҳобалар ҳаётида жуда ҳам кўп бўлган.
Уларнинг бундай қилишдан мақсадлари шариатни соф ҳолда сақлаб қолиш, унга бегона тушунчалар, ҳар хил хаёлотлар, уйдирмалар ва хатолар киришидан сақлаш эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини у зот айтганларидек ривоят қилишни, ундан бирор нарса камайтирмасликни, унга қўшимча қилмасликни ҳохлардилар.
Оиша розияллоҳу анҳо саҳобаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёдлашдаги зеҳнларини синаб қандай ёдлаганлиги борасида саволлар берар эдилар. Бунга мисол тариқасида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни имтиҳон қилганлигини айтиб ўтиш мумкин.
Кейинги пайтда бизга نقد المتون [нақдул муту́н] – “матнларни текшириш” номи билан танилган қоида саҳобалар давридаёқ бор эди. Улардаги эҳтиёж санадларни ўрганишга эмас, балки матнларга қаратилгани боис матн текшириш ҳолати кўп учрарди. Сабаби у вақтдаги ҳадис ривоят қилувчилар барчаси адолатли ва сиқа (ишончли) эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмаган.
Бу йўл саҳобалардан кейин тобеъинларнинг ҳам йўлига айланди. Масалан, Робеъ ибн Хусайм роҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 61 ҳ.с.) айтади: “Ҳадислардан кундузнинг ёруғлиги каби нурлиси бор. Биз шу орқали уни ажратиб олар эдик. Яна ҳадислардан тунни қоронғулиги каби зулматлиси бор. Биз уни шу белгиларидан ажратиб олар эдик” .
Мана шу матнларни текшириш йўлини Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳам тутган. Чунки у киши суннатга эргашиш масаласида қаттиқ турарди. Шу сабаб заиф ҳадисни қиёсдан олдинга қўяр ва мурсал ҳадисни ҳам далил сифатида оларди. Саҳобанинг гапи турганда уни қўйиб бошқа гапни олмасди. Чунки у киши: “Албатта мен Аллоҳнинг Китобини тутаман. Агар ундан топа олмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қиламан. Агар Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳам топа олмасам саҳобаларининг гапини оламан. Улардан ҳохлаганимни гапини олиб, ҳохлаганимни тарк этаман. Лекин булардан бошқанинг гапига ўтмайман. Агар масала (саҳобалардан кейинги одамлар бўлмиш) Иброҳим Нахаъий, Саъид ибн Мусайяб, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирийн кабиларга етиб келса ёки тақалса, улар ижтиҳод қилган жамоадир. Мен ҳам улар ижтиҳод қилганлари каби ижтиҳод қиламан” .
Айтиб ўтиш керакки, муҳаддислар тарафидан “Нақдул мутун” услубини қўллаш ҳадис санадини текшириш ва ровийларига ҳукм қилиш услубларини татбиқ этишдан кўра камроқ бўлган. Бунинг сабаблари бир нечта:
1. Муҳаддисларнинг санадга эътибор қаратишлари асосий мақсад эмас, балки матннинг манфаати учун бўлган. Демак, ровийлар сиқа бўлгач, улар нақл қилган матн саҳиҳлигига ишонч яна ҳам ортади.
2. Санадни текшириш ҳадисга саҳиҳ ёки заиф, деб ҳукм қилиш учун қисқа йўлдир. (Зеро “нақдул мутун” бундан қийинроқ). Чунки шаъни борасида гап-сўз қилинган ровий томонидан ваҳм, хато ва ҳатто ёлғон ҳам содир бўлиши кузатилади. (Шунинг учун санадда шу каби ровий бор ёки йўқлиги текширилади.)
3. Матнни текшириш борасида қарашлар ҳар хил. Матнни текшириш нотекис, ўйдим-чуқур йўлда юришга ўхшайди. Бу ишга киришганда кўп илм ва диққат-эътиборга керак бўлади. Аммо ровийларни, яъни санадни текшириш матнни текширишчалик қийин эмас. Тўғри, санадларни текшириш чоғида ҳам баъзи бир махфий иллат каби мушкил ишлар топилади .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс