islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Думғаза суяги чиримайдими? | Ҳадисни қандай тушуниш керак?

Инсондаги думғаза, яъни умуртқа поғонасининг энг охирги суягининг инсон вафот этгандан кейин чириш-чиримаслиги масаласи анчадан буён турли тоифа инсонлар ўртасидаги баҳсли масала бўлиб, бу борада ҳар ким ўз қарашини иботлаш учун турли манбаларга суяниб келяпти.

Хўш, бу борада мусулмон инсоннинг эътиқоди қандай бўлиши керак? Бу масалада ҳадисларда келган хабарларни қандай тушунишимиз керак? Замонавий илм-фан бу борада нима дейди? Ушбу мақолада шу каби саволларга жавоб топамиз, иншааллоҳ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Инсоннинг ҳамма жойи чириб йўқ бўлади, фақат думғаза суяги чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, қиёмат куни яна ундан яратилади”
(Имом Бухорий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисга суяниб, баъзилар инсондаги бошқа аъзолар чириган тақдирда ҳам, думғаза суяги ҳеч қачон чиримайди, бу аъзо ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди, ўтда ҳам ёнмайди, чунки инсон қиёмат кунида қайта тирилиши учун ушбу аъзо сақланиб қолиши керак, деган фикрда бўлганлар. Лекин ушбу ҳадисда келган “чириш”дан мурод айнан “ерда чириш”гагина далолат қилади. Яъни, ушбу ҳадисда агар маййит ерга кўмилган тақдирдагина думғаза суягининг чиримаслиги баён қилиняпти. Буни бошқа бир ҳадис очиқлаб берган:

Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Инсонда бир суяк бўлиб, Ер уни ҳеч қачон емайди. Қиёмат куни қайта тирилиш шундан таркиб топади”.
“У қайси суяк, ё Расулуллоҳ?” дейишди.
“(У) ажбуз занаб (думғаза суяги)дир”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

Кўриниб турганидек, ушбу ҳадисда бу суяк фақат ерда чиримаслиги ҳақида гап боряпти. Демак, бу ҳадис думғаза суягининг оловда ҳам ёнмаслигига далил бўла олмайди. Баъзилар ушбу ҳадисни думғаза суяги қиёматга қадар бутун ҳолатда сақланиб қолади, яъни унинг ҳеч бир қисми ерда асло чиримайди, деб тушунганлар. Бироқ Пайғамбар алйҳиссалом ушбу суякнинг қанча қисмигина сақланиб қолиши ҳақида бошқа бир ҳадисда баён қилганлар:

Саъд ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Тупроқ инсондаги ажбуз занаб (думғаза суяги)дан бошқа ҳар бир нарсани ейди”.
“Унинг мисли қандай, ё Расулуллоҳ?” дейилди.
“Хантал уруғидек. (Қиёмат кунида инсон) ундан униб чиқади (қайта тирилади)”, дедилар.

Ушбу ҳадисда ҳам Пайғамбар алайҳиссалом думғаза суягининг тупроқда чиримаслигини баён қилиш билан бир қаторда, ушбу суякдан фақат хантал уруғидек қисми сақланиб қолиши, қиёмат кунида инсон ҳам худди шу уруғдан ўсимлик униб чиққандек қайта тирилишини баён қилганлар.
Aслида думғаза суяги катталик жиҳатидан хантал уруғидан анчагина катта: думғаза суяги – 2 сантиметр, хантал уруғи эса ундан деярли 20 баробаргача кичкина, яъни 1–2 миллиметр атрофида. Инсон вафот этгандан кейин унинг барча суяклари билан бир қаторда думғаза суяги ҳам бошқа суяклардан кечроқ бўлса-да чиришни бошлайди. Лекин ҳадисда зикр қилинганидек, думғаза суягининг аксар қисми чириб, хантал уруғичалик келадиган қисмигина сақланиб қолади. Чиримай қолган ушбу қисм шу даражада кичиклиги ва тупроққа қоришиб кетганлиги сабабидан одатда буни оддий кўз билан илғашнинг умуман иложи йўқ.

Юқоридаги ҳадислардан билиб олишимиз мумкинки, вафот этган инсоннинг думғаза суягидан хантал уруғидек келадиган қисми ҳеч қачон тупроқда чиримас экан. Ўз-ўзидан мабодо инсон ўтда куйдирилса, фаразан кислота ёки лавада эриб кетса ҳам, ундаги думғаза суягининг хантал уруғидек келадиган қисми йўқ бўлмайдими, деган савол туғилади.

Aввало айтишимиз керакки, хантал уруғи шу даражада кичкиналиги боис, инсоннинг думғаза суяги ўтда ёнган ёки эриган тақдирда ҳам кул ёки кукун ҳолида сақланиб қолиши мумкин. Фаразан сақланиб қолмаган тақдирда ҳам, Aллоҳ таоло инсонни усиз ҳам қайта тирилтира олиши бошқа оят ва ҳадисларда баён қилинган:

Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деб айтганларини эшитдим: «Бир киши қошига ўлим келиб, ҳаётдан умидини узгач, аҳлу аёлига: «Агар ўлсам, атрофимга кўп ўтин тўпланглар-да, ёқиб юборинглар. Сўнг ўтда гўштларимни ёндириб бўлиб, суякларимнинг ўзигина қолганда уларни олинглар-да, янчиб кукун қилинглар. Кейин, мени (кукунимни) иссиқ (ёки шамол бўлган) кунлардан бирида сочиб юборинглар!» – деб васият қилди. Сўнг, Аллоҳ таоло уни қайта таркиб топдириб: «Нечун бундай қилдинг?» – деди. У: «Сендан қўрққанимдан» – деди, Аллоҳ таоло уни мағфират қилди».

Юқоридаги ҳадисда инсоннинг барча суяклари (думғаза суяги ҳам) янчиб кукун ҳолга келтирилган тақдирда ҳам, Aллоҳ таоло инсонни қайта тирилтира олиши назарда тутиляпти. Демак, ҳатто думғаза суягининг ҳам кукун ҳолатга келгунга қадар эзилиши мумкинлиги, бироқ Aллоҳ таоло усиз ҳам инсонни қайта тирилтиришга қодирлиги ҳадисда баён қилиняпти.

Бунинг мисоли қуйидагича: маълумки, аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, ҳар бир инсон қабр азоби ёки роҳатини бошидан кечиради. Бироқ бирор бир инсон қабрга қўйилмай, ҳайвон еб кетса ҳам, оловда ёниб кукун ҳолига келса ҳам, Aллоҳнинг изни ила барибир қабр ҳаётини бошидан кечиради, бунинг учун у айнан қабрда қўйилиши шарт эмас.

Худди шунингдек, Aллоҳ таоло ҳам инсондаги думғаза суягининг хантал уруғидек келадиган қисмидан уни қайта тирилтиради, у сақланиб қолган ёки сақланиб қолмаган бўлса ҳам, инсон ушбу суяксиз туғилган ёки сиам эгизаклари ягона думғаза билан туғилган тақдирда ҳам. Бутун борлиқ ва инсониятни йўқдан бор қилган Зот учун бу ниҳоятда осондир.

Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, мусулмон инсон учун ҳеч бир заруратсиз ҳатто вафот этган инсоннинг ҳам суякларига озор бериш мумкин эмас (ўта зарур бўлган тиббиёт мақсадлари ва жиноятни фош қилиш ҳолатлари бундан истисно). Ушбу ҳадис ҳақиқатини исботлаш учун инсонлар суяги устида уни ўтда ёқиб тажриба ўтказилиши ҳам жоиз эмас. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом: “Маййитнинг суягини синдириш худди тириклигида синдириш кабидир”, деганлар.

Гарчи ушбу ҳадис ҳақиқати номусулмон олимлар томонидан турли тажрибаларда исботланган бўлса-да (Ҳанс Спеманн тажрибалари), мусулмон инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам оят ва ҳадисларга тўлалигича иймон келтирмоғи даркордир. Валлоҳу Аълам.

Ёлқин Муқимов

169090cookie-checkДумғаза суяги чиримайдими? | Ҳадисни қандай тушуниш керак?
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: