❓CАВОЛ: Ҳозирги кунда интернет алоқа воситалари орқали ёки телефон орқали никоҳланиш масаласи замонавий фиқҳий масалалардан ҳисобланади. Никоҳ ақдида келин бир жойда, куёв бошқа бир жойда бўлиши ва уларнинг мулоқотларини гувоҳлар бир пайтда эшитиши никоҳ ақди учун етарли ҳисобланадими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Замонамизнинг таниқли уламолари ва нуфузли фатво уюшмалари ушбу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, унга шаръий асосларга таяниб жавоб берганлар. Жумладан, Ироқ фатво ва даъват ишлари бўйича уламолар Кенгаши ҳамда Аллома Ваҳба Зуҳайлий, Мустафо Зарқо каби бир қатор уламолар онлайн тарзда ўқилган никоҳ ўқитиш алдов ва шариатни оёқ ости қилиш хавфи бўлмаган тақдирда шаръан жоиз ҳисобланади, деганлар (Манба: “Мажаллату ал-фиқҳил Исламий”2-жуз, 867-888 бетлар).
Шунингдек, Ислом Фиқҳи академияси Уламолар Кенгаши, Саудия арабистони Подшоҳлиги доимий Фатво қўмитаси, Покистоннинг “Дорул улум” Ислом университети Уламолар Кенгаши ҳамда Аллома Муҳаммад Юсуф Баннурий, Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний каби кўплаб замонамиз уламолари онлайн тарзда ўқилган никоҳ маълум шаръий шартлар топилмаганлиги сабабли жоизмас, дея фатво эълон қилганлар (Манбалар: “Ислом фиқҳи академиясининг биринчи давра Қарорлари тўплами”нинг 10-бети, “Фатавойи дорул улум” 3-жуз, 558-559 бетлари, “Фатвойи Усмоний” 2-жуз, 204-бет).
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳанафий мазҳабимиз уламолари қадимдан ийжоб ва қабулнинг ҳам бир нечта шартлари мавжудлигини, шулардан бири у битта маконда содир бўлиши лозимлигини таъкидлашган. Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ ушбу шарт ҳақида жумладан шундай деганлар:
وأما الذي يرجع إلى مكان العقد فهو اتحاد المجلس إذا كان العاقدان حاضرين وهو أن يكون الإيجاب والقبول في مجلس واحد حتى لو اختلف المجلس لا ينعقد النكاح،
яъни: “Никоҳ ақдининг ўрнига тегишли бўлган шартига келсак, у икки никоҳланувчи (яъни, килин-куёв)нинг бир мажлисда ҳозир бўлишидир. Ийжоб (яъни, таклиф) ва қабул бир мажлисда бўлиши лозим. Агар мажлис бошқа-бошқа бўлса никоҳ боғланмайди” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).
Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу масалада шундай деган:
ومن شرائط الإيجاب والقبول: اتحاد المجلس لو حاضرين
яъни: “Ийжоб ва қабулнинг шартларидан яна бири икки никоҳланувчи бир мажлисда иштирок этиб, маконнинг бир бўлишидир” (“Дуррул мухтор” китоби).
Аллома Ибн Обидийн ушбу масалани Баҳр китобидан нақл қилиб, қуйидагича изоҳлайдилар:
فلو اختلف المجلس لم ينعقد، فلو أوجب أحدهما فقام الآخر أو اشتغل بعمل آخر بطل الإيجاب؛ … ولو عقدا وهما يمشيان أو يسيران على الدابة لا يجوز، وإن كان على سفينة سائرة جاز. اهـ. أي؛ لأن السفينة في حكم مكان واحد
яъни “Никоҳда мажлис бошқа-бошқа бўлса никоҳ ақди боғланмайди. Агар никоҳланувчилардан бири ийжоб қилса иккинчиси ўрнидан туриб кетса ёки бошқа иш билан машғул бўлиб кетса ийжоб ботил бўлади… Агар юриб кетаётган ҳолларида ёки уловда кетаётган ҳолларида никоҳ ўқилса ҳам жоиз бўлмайди. Агар бир кемада кетишаётган бўлса бунда жоиз бўлади. Чунки кема бир макон ҳукмида бўлади” (“Раддул муҳтор” китоби).
Ушбу фиқҳий манбаларимиздан маълум бўлишича, шаръий никоҳ ақди пайтида никоҳланувчилар ва гувоҳлар бир мажлисда бўлиши зарур. Бу билан телефон, интернет ёҳуд бошқа замонавий алоқа воситалари орқали никоҳ шаръан жоиз бўлмаслиги борасидаги уламоларнинг фатволари далил жиҳатдан устун эканини кўрсатади. Қолаверса, ҳозирги кунда никоҳдан турли алдов йўлларида фойдаланиш ҳолатлари кузатилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
Савол йўллаш: @SavollarMuslimUzBot