Имом Бухорий номлиТошкент ислом институтида ўқув йили давомида фан ойликлари ўтказилади. Ҳар бир ой маълум фанга бағишланиб, талабалар ўртасида турли мусобақалар, танловлар ва давра суҳбатлари ташкил қилинади. 2020-2021 ўқув йилида “Ноябрь ойи – фиқҳ, илмул фароиз ва усулул фиқҳ фанлари ойлиги” юқори савияда ўтказилди.
Ноябрь ойи давомида юқоридаги фанлардан институт талабалари орасида мусобақалар ва танловлар ташкил қилинди. Дунёга машҳур бир қатор етук олимлар билан давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилди. Ана шу тадбирларнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 16 декабрь куни Тошкент ислом институтида талабалари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков билан “Бугунги кундаги долзарб фиқҳий масалалар ва уларнинг ечимлари” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Тадбирда фиқҳ фанининг бугунги кундаги аҳамияти ва долзарб масалалари ҳақида муҳим маълумотлар берилди, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Тадбирда Вақф хайрия фонди раиси, институт ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмонов ҳам иштирок этди. Давра суҳбати якунида Вақф фонди ва бошқа ҳомийлар томонидан “Ноябр – фиқҳ, илмул фароиз ва усулул фиқҳ фанлари ойлиги” муносабати билан ўтказилган бир қатор мусобақа ва танловлар ғолиблари қимматбаҳо китоблар ва совғалар билан тақдирландилар.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
кабинет мудири Умарходжаев Мурод