Дунё тилларини ўрганиш бу ўша тилда гаплашадиган миллатларнинг маданияти, урф-одатлари билан янада яқинроқ танишишга ёрдам беради. Бу борада, Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади:
Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир (Рум сураси, 22 оят).
2010 йили Халқаро она тили байрами арафасида БМТ департаменти жамоат фикри билан келишилган ҳолда олтита ташкилот расмий тили учун шахсий байрамини нишонлаш фикрини таклиф қилган. Ғоя мақсади – халқлараро маданиятни мустаҳкамлаш ва кўптиллик давлатларни ривожлантиришдир.
2012 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган халқаро UNESKO ташкилотининг 190-сонли сессиясида Саудия Арабистони таклифига биноан 18 декабрь Халқаро араб тили куни сифатида эълон қилинди. Шу йили мазкур ташкилот биринчи маротаба 18 декабрни байрам сифатида нишонлаган.
Шуни таъкидлаш лозим-ки, 1973 йил декабрь ойида БМТ бош ассамблеясининг 3190-рақамли қарори билан араб тили ташкилот расмий тиллари қаторига қўшилган.
Бугунги кунга келиб араб ва унга яқин тилда мулоқот қилувчилар сони 300 миллионни ташкил этади. Улардан 240 миллиони учун араб тили она тилидир, 50 миллион киши эса иккинчи тил сифатида ишлатади. Бутун дунё мусулмонлари учун араб тили Қуръон тили бўлиб ҳисобланади.
Араб тили барча араб мамлакатларининг расмий тили даражасида бўлиб, Исроил, Эритрея, Чад, Сомали ва Жибути каби мамлакатларнинг расмий тилларидан биридир.
Жаҳон тилларидан бири деб эътироф этилган араб тили инсоният тараққиёти тарихида ғоят муҳим ўрин эгаллаган. Милоддан кейинги дастлабки асрларда Арабистон яриморолининг жанубий минтақаларидаги қабилаларгагина хос бўлган бу тил Ислом дини шаклланиши ва тарқалиши билан Яқин ва Ўрта Шарқ, Шимолий Африка халқларининг она тили бўлиб қолди. Ҳатто Европа қитъасининг ғарбида ҳам, ҳозирги Испания ҳудудида араб давлати –«Андалусия» ташкил топган эди.
Илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръони Каримнинг араб тилида нозил бўлиши ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўз суннатларини шу тилда баён қилганликлари араб тилининг «икки дунё саодатига элтувчи тил» деб эътироф этилишига асос бўлди.
Ислом дини шарофати ила араб тили Атлантик океандан қарийб Тинч океангача чўзилган жуда катта минтақада яшайдиган халқлар учун она тилига айланмаса-да, халқаро муносабатлар ва сиёсат тили, илм-фан, маданият тили сифатида тарқалди. Яқин ўтмишгача мусулмон мамлакатларида араб тилини билмайдиган киши зиёли саналмас эди. Ҳозирги кунда башариятнинг тараққиёт даражасини белгилаётган энг муҳим фанлар (кибернетика, астрономия, тиббиёт)нинг асослари ўрта асрларда араб тилида яратилган эди. Бу тилда жаҳон маданиятининг дурдоналарига айланган кўплаб адабий-бадиий, фалсафий, диний, тарихий, сиёсий мавзулардаги асарлар ҳам яратилди.
«Ислом маданияти» ёки «Араб тилидаги маданият» деб аталмиш бу маданиятнинг шаклланиб, ривожланишига Имом Бухорий, Термизий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби кўплаб аждодларимиз ҳам салмоқли ҳисса қўшганлар. Улар меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш, инсоният тараққиётида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш ва уни қўлдан чиқармаслик учун, ўсиб келаётган авлодни маънавий-ахлоқий пок, илм-маърифатга чанқоқ, Ватанига, халқига садоқат руҳида тарбиялашимиз учун аждодларимиздан қолган ниҳоятда бой илмий-адабий меросни халқимизга етказишимиз, фарзандларимиз онгига сингдиришимиз лозим. Бу эса араб тилини ўрганиш ва ўргатишни тақозо қилади.
Араб давлатларининг, яъни араб тилини ўзининг расмий тили деб эълон қилган давлатларнинг ҳозирги кунда ҳам дунёнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий хариталаридаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Форс кўрфази, Ҳинд океани, Араб денгизи, Қизил денгиз, Ўрта Ер денгизи, Атлантик океан соҳилларига жойлашган, Осиё қитъасининг жануби-ғарбий, Африка қитъасининг шимолий минтақаларини эгаллаб турган, аҳолисининг умумий сони 190 миллиондан ортадиган 22 мустақил давлат дунёда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Дунё мамлакатлари билан тинч-тотув яшашни, улар билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, араб давлатлари билан ҳам турли даражалардаги сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий алоқалар ривожланиб бормоқда. Араб тилини билиш бу мақсадга етишиш учун ҳам хизмат қиладиган муҳим омилдир.
Араб тили генеалогик таснифга кўра, сомий-хомий тиллар оиласининг сомий тиллар гуруҳига киради. Бу гуруҳ яна иврит (яҳудий), ойсор, амҳар ва хорари тилларини ўз ичига олади.
Классик араб тили – Қуръони Карим тили асосида замонавий араб адабий тили шаклланган. Барча араб давлатлари расмий муомалаларини шу тилда – замонавий адабий тилда олиб боради, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио, телевидение шу тилдан фойдаланади.
Аммо арабларнинг кундалик ҳаётларида ишлатадиган сўзлашув тиллари араб адабий тилидан ва турли минтақалардаги арабларнинг тиллари бир-биридан фарқ қилади. Бу фарқ айрим ҳудудларда шу қадар каттаки, халқнинг саводсиз қисми ўз давлатининг расмий тилини базўр тушуниши, ҳатто тушунолмай қолиши ҳам мумкин.
Хулоса қилиб айтганда «араб тили» тушунчаси ҳозирги кунда бир-биридан фарқли бўлган камида учта тилни қамраб олади. Хусусан, классик араб тили – Қуръони Карим, Ҳадиси шарифлар, Исломгача бўлган «жоҳилия» ва илк Ислом даври адабиёти тили; ҳозирги замон араб адабий тили – классик тил асосида ривожланган, замонавий тараққиётни ўзида акс эттирган, ҳамма араб давлатлари томонидан расмий тил сифатида эътироф этилган тил; ҳар бир минтақанинг ўзига хос бўлган жонли сўзлашув тили-лаҳжалар ва шевалар.
Ислом динининг дунёга тарқалиши туфайли Қуръони Карим тилини кўп эл-элатларга ўргатиш ижтимоий зарурат бўлиб қолган. Бу эса тилни чуқур ўрганиб, унинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқишни талаб қиларди.
Манбалар асосида “Тиллар” кафедраси мудири
Д. Насиров тайёрлади