islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Кисронинг билак узугини таққан саҳоба | 2-қисм

Кисронинг билак узугини таққан саҳоба | 1-қисм

Суроқа ибн Молик уларга яқин келди, энди Абу Бакр Сиддиқ (р.а) ҳам уни таниди. Суроқа буларни хотиржам таъқиб қилиб, шу қадар яқин келдики, ҳатто ораларида бир ёки икки найза миқдорича жой қолди. Шу пайт Абу Бакр Сиддиқ (р.а) овозини кўтариб йиғлади ва “Ё Расулаллоҳ! Етиб келди” деди. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Бакр! Нимага йиғлайсан?” деди. Абу Бакр Сиддиқ (р.а): “Ё Расулаллоҳ! Худога қасамки, мен ўзимдан хавотирланиб йиғламаяпман. Фақатгина Сизга бирор зарар берадими деб қўрқаяпман” деди.  У зотнинг хавотирини эшитган Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васллам: “Аллоҳим! (Суроқанинг ишида) биз учун унга ўзинг  кифоя қил!” деб дуо қилди. Шу пайт тўсатдан Суроқа ибн Молик минган отнинг олд оёқлари қорнига қадар ерга кириб кетди. Суроқа эса отнинг устидан отилиб, ерга йиқилди. Ҳолбуки, ер тош ва тупроқдан иборат эди.

Бу ҳолат уч марта такрорлангач, Суроқа ибн Молик ўзининг ожизлигини англаб: “Эй Муҳаммад! Менга бўлаётган бу ҳодисалар сенинг амалингдир. Аллоҳга дуо қилгин, мени ўзим бўлиб турган нарсадан (залолатдан) нажот берсин. Худога қасамки, Маккаликлар сизларнинг бошларингиз учун юзта туя ваъда қилди. Барча ёшлар шу туяларга эга чиқиш умидида сизларни излаб юрибди. Мен ваъда бериб айтаманки, сизларни излаб юрганларнинг барчасини сизлардан чалғитаман. Фақат менга сизларни кўрганимга ва ўчрашганимга исбот бўлиши учун бирорта нишон (белги) берсангиз” деди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Суроқа ибн Моликнинг ҳаққига дуо қилди ва Абу Бакр Сиддиқ (р.а)га Суроқа учун нимадир ёзиб беришини буюрди. Абу Бакр битта суяк топиб олдида, унга ниманидир ёзиб, уни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга узатди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам уни Суроқага берар экан: “Эй Суроқа! Сенинг билагинга Кисронинг билак узуги қандай ҳам ярашар экана!” деди.

Бу гапдан Суроқа ибн Молик ҳайрон бўлиб, ҳаёлида: “Кисро қаёқда? Мен қаёқдаман?” дедида, гапга жавоб қайтармасдан ортига қайтди.

Суроқа ибн Молик Маккага қайтиб келиб, токи буюк сафар соҳиблари Ясрибга етиб борган деган гумони ғолиб келмагунича жим юриб, кейин бир куни каъбанинг олдига бориб, одамларни тўплаб: “Эй Аҳли Макка! Мен Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг шерикларини фолон куни, фолон жойда Ясрибга кетаётганлигини кўрдим! Мана уларни кўрганимга далил!” деб қўлидаги Абу Бакр Сиддиқ (р.а) ёзиб берган суякни кўрсатди. “Менинг отимга шу шу воқеа содир бўлди. Сизлар ҳам унга зарар бера олмайсизлар” деди.

Орадан йиллар ўтди. Макка фатҳи ўтиб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи валлам “Ҳунайн” ва “Тоиф” ғазотларини ўтказиб, Мадинага кетаётган пайтда, Суроқа ибн Молик Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулаллоҳ! Мен Суроқаман. Менга ҳижрат вақтида мана бу белгини берган эдингиз” деб қўлидаги ёзувли суякни узатди. Уни кўриб Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа! Бугун яхшилик ва вафо кунидир. Энди уни ташла” деди. Суроқа ибн Молик уни ташлаб, иймон келтирди.

Шу шу бўлди, Суроқа ибн Молик Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан то умрларининг охирига қадар у зотдан бир қадам ҳам ажралмади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга шу қадар меҳр қўйдики, ҳар куни бомдоддан хуфтонга қадар бирга юрган бўлсада, ухлаш учун кечаси уйга қайтса, у зотнинг муҳаббати билан уйқуга кетиб, у зотнинг соғинчи билан уйғонар эди.

Аммо минг афсуслар бўлсинки, Суроқа ибн Молик ҳам бошқа саҳобалар сингари, маҳбубининг муҳаббатига ҳали тўймасидан туриб, мусибатнинг энг каттаси бўлмиш, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан айрилишнинг аччиқ аламини тотди. Онасини йўқотган етим боладай бўзлади. У зотни Макка мушрикларига тутиб бериш учун ҳаракат қилганини эслаб, юм юм йиғлади. Ундан кейин ҳам ўн йил муддат бу иймон ҳаловатидан мосуво бўлганини ўйлаб, кўзларидан аччиқ – аччиқ аламли ёшлар тўкди. Баъзи саҳобалардан: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан айрилгани учун энг кўп йиғлаган киши Суроқа ибн Молик бўлди” деган ривоятлар ҳам келган.

Бу мусибатдан сўнг, Суроқа ибн Молик қолган ҳаётини Аллоҳнинг каломини олий қилиш йўлига тикиб юборди. Рум ва форсларга қарши бўлган жангларда доим қўшиннинг олди сафида бўлиб:  “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотидан кейин менга бу ҳаётнинг маъниси қолмади” дея шаҳидлик шаробини сипқориш учун ажал денгизига ғаввос каби шўёнғиди. Ҳар жангда шаҳид бўлишни ва тезда ҳабибига қовушишни ўйлаб, душманнинг устига шердек ташланар эди.

Умар (р.а)нинг халифалик даврларида Саъд ибн абу Ваққос (р.а) бошчилигида форснинг энг улуғи бўлган Кисрога қарши қўшин юборди. Бу қўшин форсни мағлуб қилди. Мусулмонлар жуда катта ўлжаларни қўлга киритди. Бу ўлжаларнинг орасида Кисронинг олмос ва гавҳарлар билан безатилган тожларию зебу зийнатлари бор.  Уларнинг орасида олтиндан ясалган билак узуги ҳам тарарди.

  Ўлжалардан  Кисрога тегишли нима бўлса барчасини Умар (р.а) нинг олдига қўйди. Бу ўлжалар орасида эни ва бўйи 30 метрдан бўлган, қиммат гавҳар тошлари билан безатилган, қалин гилам ҳам бор эди. Жангчилар бу гиламни бўлмасдан, узун қилиб, ўраб, бир нечта туяларни қатор қилиб, уларга гиламни бутунлигича ортиб, Мадинага олиб келишган эди.

Умар (р.а) бу ўлжаларни кўздан кечирар экан, Кисронинг билак узугига кўзи тушди ва Пайғамбаримиз (с.а.в) билан Абу Бакр (р.а) ларнинг Макка мушрикларидан қочиб, Ясрибга кетаётганида Суроқа ибн Молик билан ўртасида бўлган воқеани эслаб кўзлари намланди. Кейин: “Менга Суроқани чақиринглар” деди.

Суроқа ибн Молик келганидан келгач, аввал унинг бошига Кисронинг тожини кийдирди. Кейин унинг подшоҳлик либоси бўлган  зар тўнини кийдирди. Кейин Кисронинг билак узугини Суроқанинг билагига тоқар экан: “Эй Суроқа! Сенинг билагинга Кисронинг билак узуги қандай ярашар экана!” дея йиғлаб юборди. Суроқа ибн Молик ҳам: “Лақод Содоқа русулуллоҳ!” деб қаттиқ йиғлади.

Шундай қилиб, Суроқа ибн Молик (р.а) буюк башоратнинг гувоҳига айланди. Кейинги ҳаётини ҳам Аллоҳ йўлида сарфлаб, ҳижратнинг 24 йили, Усмон ибн Аффон (р.а)нинг халифалик даврида мадинада вафот этди. Катта эҳтиром билан “Бақе” қабристонига дафн қилинди. Аллоҳ барча саҳобалардан рози бўлсин!

 

Тошкент ислом институти

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси

Расулжон Тошпулатов

218470cookie-checkКисронинг билак узугини таққан саҳоба | 2-қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: