islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Кисронинг билак узугини таққан саҳоба | 1-қисм

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Суроқа! Сенинг билагинга Кисронинг билак узуги қандай ҳам ярашар экана!” деганлар.

Кисро ўз замонасининг энг катта подшоси! Ундан кучли қудратга эга бўлган подшоҳ йўқ! Ҳатто Рум подшоси Ҳирақлнинг устидан ҳам ғолиб келиб, Қуддус ерларини ундан тортиб олган замон. Энди қандай қилиб, шундай буюк подшоҳнинг билак узугини, араб саҳросида тулки ва қуён овлаш билан кун кечирадиган оддий араб йигити ўзининг билагига тоқиши мумкин?   Келинг! Сиз билан мана шу бахтли саҳобанинг ҳаёти билан танишайлик.

Баъзи ҳодисаларнинг зоҳири маълум бўлсада, аммо ботини мажҳулдир! Чунки ундаги ҳикматни банда билмайди, Аллоҳ билади. Суроқа ибн Молик ҳам Аллоҳнинг ҳикмати сабаб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бошини олиб келиш эвазига ваъда қилинган юзта туяни қўлга киритиш ниятида йўлга чиқиб, Аллоҳнинг инояти ила нафақат юзта туя, балки, абадий саодатни қўлга киритган саҳобадир.

Бу саҳоба – Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум ал-Мадлажий розиёллоҳу анҳу бўлиб, Маккадаги Бани Мадлаж қабиласининг энг саййидларидан бўлган.  у зот Маккада нубувват келишидан олдин туғилган. Аммо айнан қайси йил ва ойлиги маълум эмас.

Макканинг энг катта шоирларидан бири бўлиб, жоҳилият даврида ҳам очларни тўйдириш ва заифларни ҳимоя қилиш каби эзгу ишлари  билан Қурайш орасида улуғ шарафга эришди.

Маккада Қурайш мушрикларининг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига нисбатан тазйиқ кучайиб, пичоқ суякка қадалгач, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам мўминларга бўлиниб – бўлиниб, Ясрибга  (Мадина) кўчиб кетишга изн берди.

Аммо Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр (р.а)га ўзи билан бирга “Буюк кўчиш”га ҳамроҳ бўлишларини айтганларида, Абу Бакр Сиддиқ (р.а) шу қадар хурсанд бўлдиларки, бу воқеани Оиша (р.а) онамиз: “Мен ҳеч кимни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга: “Сиз менга Мадина сафарида ҳамроҳ бўласиз” деганларида  хурсандликдан йиғлаганларидек йиғлаган инсонни ҳали кўрмадим” деган эди.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва йўл кўрсатувчи билан буюк сафарга чиқар экан, Макка мушриклари буларнинг тириги ёки ўлиги ҳақида хабар топиб келган кишига юзта туя мукофот ваъда қилишди.

Бу мукофотни эшитган Қурайш йигитлари “Қанийди, мен мана шу хабарни топиб, юзта туяни қўлга киритсам” деган умид билан, Макка атрофидаги тоғларнинг ҳар бир тошларинию ғорларини бир – бир кўздан кечирар эди. Ҳамманинг оғзида мана шу гап. Кимдир: “Фолон водийда кетаётган эмиш” деса, бошқаси: “Йўқ! Фолон тоғнинг этагида фолончи кўрган эмиш” дейди.

 Шу каби миш-мишлар Маккада урчиган кунларнинг бирида Суроқа ибн Молик Каъбанинг олдида бир неча, қурайш йигитлари билан суҳбатлашиб ўтирганида, қўйларини саҳродан ҳайдаб келаётган чўпон йигит, буларга қараб: “Эй Суроқа! Мен сизлар баҳс қилаётган уч кишини соҳилда Ясрибга қараб кетаётганини кўрдим” деди. Суроқа ибн Молик ёнидаги йигитларни чўпоннинг хабаридан чалғитиш учун: “Ҳа! Сен айтаётган уч кишини мен ҳам кеча саҳрода кўргандим. Улар фолон қабиланинг савдогарлари эди” деди. Лекин ўзи бу уч киши аниқ Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва соҳиблари эканига ишонч ҳосил қилди. Суҳбатни бироз давом эттирганидан сўнг, ўзининг иши борлигини баҳона қилиб, уйига жўнади. Уйга бориши билан хизматкорига отини сафарга тайёрлаб, Маккадан чиқариб тоғнинг ортида ушлаб туришини айтди. Ўзи, сафар олдидан қиладиган бир жоҳилона бир одати бор эди. Яъни, унинг иккита комон ўқи бўлиб, бирига “Қил”, бирига “Қилма” деган ёзув ёзилган. Агар бирор томонга сафар қилмоқчи бўлса, аввал мана шу икки камон ўқини бир халтачага солиб, уларни аралаштириб, халтадан ўқнинг биттасини тортар, қайси ўқ чиқса шунга кўра иш тутар эди. Бугун ҳам шу ишни қилди. Халтачадан ўқнинг бирини тортган эди, “Қилма” деган ёзув чиқди. Буни уч марта такрорлади. Аммо уч марта ҳам шу ҳолат бўлди. Суроқа бундан ўйланиб қолди. Лекин Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг боши учун тикилган юзта туя унинг қалбига тинчлик бермади. Ўйлаб, ўйлаб, охири “Камоннинг натижасига кўра иш кўриш” деган ўзининг бузуқ этиқодига қарши чиқиб, йўл учун озгина озиқ – овқат, сув олди. Елкасига камонини, белига қиличини тақиб, одамлар кўрмайдиган кўчадан юриб Маккадан чиқди ва хизматкори олиб чиққан отини чоптириб, денгиз соҳилига қараб кетди. Чўпон айтган йўл билан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламни таъқиб қилар экан, агар бу уч киши ўзига ҳамла қилса, албатта учаласига ҳам кучи етишига ишонар ва бундан кўнгли хотиржам эди.

Абу Бакр Сиддиқ (р.а) йўлда кетар экан, сафар давомида хавотирдан тез-тез ортига қараб қўяр, бирор киши уларга етиб олишидан ташвишланар эди. Абу Бакр Сиддиқ (р.а) ўзоқда бир отлиқнинг ўзларини таъқиб келаётганини кўриб қолдию: “Ё Расулаллоҳ! жоним сизга фидо бўлсин! Бир киши бизни таъқиб қилмоқда” деди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Бакр! Махзун бўлма! Аллоҳ биз билан биргадир!” деди. Аммо Абу Бакр Сиддиқ (р.а) таъқиб қилаётган кишининг яқин келиб қолганини кўрар экан, безовталиги ортди. Агар бу келаётган одам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга бирор зарар етказсаю “Ислом” дея аталган буюк рисола дунёга ёйилмасдан, мана шу ўринга етганида тўхтаб қолсая деган хавотир яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Бунга ўзини айбдор ҳис қилиб, ўзини кечира олмаслигини ўйлаб, тинмай кўзларидан шашқатор ёш тўкар ва яна ортига қараб: “Ё Расулаллоҳ! Ота – онам сизга фидо бўлсин! етиб келди” деди. Лекин пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам хотиржам Қуръон тиловат қилиб, йўлда давом этар эди.

Давоми бор… 

Тошкент ислом институти

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси

Расулжон Тошпулатов

216790cookie-checkКисронинг билак узугини таққан саҳоба | 1-қисм
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: