islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Укоз бозори”да пайдо бўлган “нозик” илм

Балоғат илмининг шаклланиш тарихи

Aраблар сўзларининг равонлиги ва ифода етиш қобилияти, сўз танлашдаги нозик услублари билан машҳур бўлган. Улар исломгача бўлган жоҳилият даврида ҳам гарчи фан сифатида бўлмаса ҳам балоғат фанининг кўплаб қоидаларидан ҳабардор бўлганлар.

Балоғат илмининг ривожланишида  ўша вақтдаги  “Укоз бозори” муҳим рол ўйнаган. Чунки одамлар ушбу бозорда ўзларининг адабий асарларини намойиш етиш ва шеърий танловларда қатнашиш учун тўпланишар эди. Уларнинг ижод маҳсуллари услубий ва риторик маҳоратига қараб ўз даврининг буюк шоирлари томонидан кўриб чиқиб баҳоланар эди. Ҳакамларнинг нозик дид ва ўта аҳамиятли текширувларидан сўнг ғолиб шоирларга унвон ва даражалар берилар эди. Араб қабилалари исломгача бўлган даврда ўз шоирлари билан мақтаниб келишган. Улар сатира, мақтов, қувонч ва хатто ўз қайғуларни ҳам шеър орқали баён қилганлар ва бу шеърларда балоғат қоидаларидан фойдаларнганлар.

Балоғат фанининг ривожланиш босқичлари:

Биринчи босқич: Балоғат фанининг бошқа илмлар замирида ўсиш даври. Ушбу босқичда араб тили балоғат илми яхлит ҳолда, муаъйян услубда масалаларни жамлаган, ўзига хос чеклов ёки қамровларига эга эмас эди. Аксинча бу илм фақат бошқа илмлар замирида ифода этилган тарқоқ изоҳлардан иборат бўлган.

Иккинчи босқич: Қўшма интеграция босқичи.  Ушбу даврда балоғат фани  ўзига хос йўналишга эга бўлди. Биринчи босқичдаги тарқоқ изоҳлар бу босқичда ривожланиб, такомиллашди. Гарчи алоҳида китоблар таълиф этилмаган бўлсада бошқа фанга оида китобларда алоҳида боблар сифатида қайд этила бошланди.

Учинчи босқич: Барқарорлик ва ўзига хослик даври. Бу пайтга келиб балоғат илми сайқалланди ва ўз китобларига эга бўлди.

Шуни такидлаш керакки балоғат фани дастлаб “Бадеъ” номи билан аталаган. Аббосий халифалардан бири, айни вақтда машҳур шоирлардан саналган Ибн Муътаз ҳам ўзининг балоғатга бағишланган китобни гарчи кўплаб илмларни жалаган бўлсада  “Бадиъ” деб номлаган.

Балоғат фанига доир асарлар ҳижратнинг II асридан бошлаб ёзила бошланди. Энг биринчи бўлиб илми баён ҳақида китоб ёзилган дейиш мумкин. 206-ҳижрий йилда вафот этган Абу Убайда Маъмар ибн ал-Мусанний Басрийнинг “Мажозул Қуръон” китоблари илми баённи биринчи бўлиб алоҳида илм сифатида шаклланишига тамал тошини қўйган дейиш мумкин.

Замонавий балоғат фани илмул маъоний, илмул баён ва илбул бадеъ деб номланган ўзига хос уч илмни қамраб олади ва уларнинг қоидаларини ўргатади. Шунингдек бу қоидаларни  Қуръони карим, ҳадиси шариф ва буюк араб шоирларнинг шеърларидан мисоллар тақдим қилиб бойитиб боради. Қуйида ушбу у илмнинг моҳияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Илмул маъоний – маънолар ҳақидаги фан. Бу фан нутқнинг тузилиши ва услубларини ўрганадиган фан. Бу фан сўзловчига суҳбат чоғида  ифодаламоқчи бўлган маъноларини ушбу маънони тўла қамраб олувчи сўзларни танлаб олиш кераклигини ўргатади.

Илмул баён – ошкор этиш ёки ташқи кўринишни баён қилиб бериш деган тушунчани ифода этади. Илм сифатида эса, керакли мақсадни ифодалаш ва етказишда, шунингдек, таъсирини оширишда сўзларни ҳақиқий ва кўчма маъноларидан фойдаланиш усулларини ўргатадиган фандир.

Илмуд бадеъ – илми маъоний ва баёнлардан фойдаланган ҳолда гапириладиган ёки хатга тушириладиган фикрларни чиройли, бадий, қофияли, жарангли ва сўзларни бир-бирига уйғун қилиб келтириш услублари устида баҳс қиладиган илм.

Илми маъонийни алоҳида мустақил фан ва китоб қилган зот Амр ибн Баҳр Жоҳиздир. У кишининг бу фанга доир иккита китоблари биринчилардан бўлиб ёзилганлаги маълумдир. “Ал-баён ват-табйин” ҳамда “Иъжозул Қуръон” (Қуръон мўжизалари) номли китоблари ўз вақтида машҳур ва мўътабар бўлган. Бу зотдан кейин Абу Аббос Мубаррад ва Қудома ибн Жаъфар Котиб ва бошқалар асарлар битганлар.

Илмул бадеъ борасида биринчи бўлиб  Абдуллоҳ ибн Мўътазз ал-Аббосий (296 ҳижрий санагача яшаган) қалам тебратган. Кейинги асрларда ҳар бир олим бу илмнинг ривожига ҳисса қўшиб борди. Абу Ҳилол Аскарийнинг “Саноъатайн”, ибн Рашиқнинг “Ал-Умда” китобларини шулар жумласидандир. Илмул бадиънинг чўққисини балоғат илмининг шайхи имом Абдулқоҳир забт этганлар. “Далоилул иъжоз” ҳамда “Асрорул балоғат” китоблари ҳалигача ўз қимматини йўқотмаган, мўътабар манбалардан ҳисобланади. Бу кишидан кейин илми бадеънинг шоҳсупасига форс ўғлони Абу Яъқуб Юсуф ас-Саккокий чиқдилар. Ас-Саккокий балоғат илмларини яхшилаб ишлаб чиқиб, уни илм, боб ва қисмларга ажратдилар. Китобларининг номи “ал-Мифтоҳ” бўлиб, қолган барча уламолар балоғат илмлари соҳасида ас-Саккокийга муҳтождирлар.

Балоғатни ўрганишнинг афзалликлари жуда кўп. Жумладан,  нотиқлик илмининг асоси бўлган Қуръони карим иборалари ва уларнинг маъноларидаги яширин сирлардан воқиф бўлиш, шеърлардаги услубларни билиш ва тўғри тушуниш, балоғат билан гапира олиш қобилиятини шакллантириш ва яхшини ёмондан ажрата олишларни санаб ўтиш мумкин. Матнлар ва адабий асарларни танқид қилувчи мутахассислар ҳам “мунаққид”лик қобилиятини ошириш учун балоғат илмидан воқиф бўлишлари зарур.

Тошкент ислом институти

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси,  

Тошкент давлат шарқшунослик

институти магистранти

Жўраев Сойибжон Рустамжонович

216750cookie-check“Укоз бозори”да пайдо бўлган “нозик” илм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: