islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исҳоқхон Ибратнинг “Жомиъул хутут” китобида ўрганилган ёзувлар тарихи

Ёзувнинг жамият, маданият ва илм-фан тараққиётидаги, уни келгуси авлодларга етказишдаги аҳамияти беқиёс. Ёзувнинг вужудга келиши, ривожланиши бир неча минг йиллик тарихга эга. У одамлар ўртасидаги алоқа воситаси сифатида тилларга нисбатан анча кейин вужудга келди ва ривожланди. Ёзув тил, илм-фан ва маданият тарихи, унинг ривожланиш босқичлари билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам жаҳон ёзувлари тарихи билан шуғулланувчи шахс кишилик жамияти тарихи, маданияти, қачонлардир тараққий этган, кейинчалик ўлик ҳолга тушиб қолган тиллар, ёзувлар билан ҳамда жонли тил билан ёзув ўртасидаги муносабатлар билан танишишига тўғри келади.

Лекин энг қизиқарли ва муҳим, айни замонда, анча мураккаб ҳисобланган ушбу соҳа тилшунослик илмида етарли даражада ўрганилган эмас. Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Жомиъ ул-хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) номли асарини ўрганиш, шу жиҳатдан долзарбдир.

Муаллиф ўзининг мазкур илмий асарида жаҳон ёзувларининг энг ибтидоийси – пиктографик (лотинча pictus – расм ва грекча grapho – ёзаман) ёзувлардан, то шу ХХ аср бошларидаги энг мукаммал ёзувларгача босиб ўтган тараққиёт тарихини ёритиб беришга ҳаракат қилади. Исҳоқхон Ибратнинг “Жомиъ ул-хутут” асари 132 бетдан иборат бўлиб, 1330 ҳижрий (1912 милодий) йили Наманганда ўзининг “Матбааи Исҳоқия” бомсахонасида чоп этилган. Муаллиф бу асарнинг яратилиш тарихи, кўзда тутган мақсади, асарнинг номланиши ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Бул хатларни боқий ва тариқ қарори муддао бўлиб, ҳам миллатимизга ягона бир тарих қолдирмоқ қасдинда ва ҳам олама бир асар қолдирмоқ ният этуб бу мисра мужиби:

Асардурки, оламға ўлғай нишон,

Киши беасардур кетар бенишон, –

мазмунича ботадвин айлаб, ройи соқиб, арбоби хасм ва арбоби фазлу комилларга манзур қилиб, миллатга нишон қолдириб, ҳам миллатимиз лисони туркий учун умумий туркий илан сартия халқини нафъ олмоққа муддао бўлиб, адабий миллийона қилмай, равшан туркий қилдим. Миллатимизни(нг) форсийларига иккинчи табъада форсий қилинур ва жами хатларга жомиъ учун “Жомиъ ул-хутут” тасмия эдуб, ўз хатимиз ва ўз тилимиз ва ўз матбааимизда табъ қилмоқ мақсад бўлиб, таъби шариф, аҳли расо ва қалби латиф, аҳли заколарга пешкаш қилдим”[1].

Исҳоқхон Ибратнинг тилшунослик фани соҳасида чуқур билимга эга эканлиги мазкур асарида намоён бўлган. Асарда энг ибтидоий – пиктографик ёзувлардан кейин вужудга келган финикия, яҳудий, сурия, араб, юнон, форс, хитой, славян, санскрит, ҳинд, арман, лотин, грузин, уйғур ва бошқа қирқдан ортиқ жаҳон ёзувлари, уларнинг келиб чиқиши, тараққиёти ҳақида маълумот берилган, бу ёзувлардан, алфавитлардан намуналар кетирилган. Ибрат фақат ўз ватанидаги қадимги ёзувлар намуналарини ўрганиш билан чекланмай, араб мамлакатларидаги қадимий ёзув маданиятини ҳам ўрганди, бу ёзувларни тўғри ўқишга ҳаракат қилди. Муаллиф ушбу асарида араб ёзувлари тарихи, уларнинг ривожланиш эволюциясига алоҳида тўхталади. У ўз текширишлари натижасида қуйидаги илмий хулосага келади: араб ёзувлари набати халқи ёзувларидан келиб чиққан бўлиб, VII асрдан бошлаб икки шаклда – кўфий ва насх ёзувлари шаклида ривожланган. Кўфий ва насх ёзувлари асосида нисбатан содда бўлган “сулс” ёзуви яратилди. Бу ҳақда асар муаллифи қуйидагиларни ёзади: “Хатти даврондин сурёний чиқориб, сурёнийдан кўфий чиқориб, кўфийдан сулсни, сулсдан таълиқни, сулс ила таълиқдин настаълиқни, настаълиқ китоб хатимиздурки, 900 ҳижрийда Эронда шаҳри Табриз деган балдада Хўжа Мир Али Табризий чиқарганлар. Насх ила таълиқдин мураккаб учун настаълиқ исм қўйганлар. Бу хат Арабистонда жорий эмас. Ҳиндистон ва Бухоро, Туркистон, Фарғона, Кошғар аҳли ислом ораларида жорийдур. Бунга сабаб бу мулкларга Эрон подшоҳлари ихтилоти бўлиб, Бухоро бўлакларни олиб, ул вақтларда жорий қилинган экан”[2].

Исҳоқхон Ибрат “Жомиъ ул-хутут” асарида дунёда машҳур бўлган қирққа яқин ёзув тизими ҳақида, шу жумладан, араб хатининг сулс, тавқеъ, райҳон, зулф, ҳумоюн, турра каби ҳуснихат шакллари ҳақида маълумот беради ва шу билан бирга, ҳуснихат санъатига оид қимматли фикрлар баён қилади ҳамда намуналар келтиради.

Исҳоқхон Ибрат ушбу асарида рус тили билан бир қаторда, инглиз, француз, немис, лотин каби чет тилларни ўрганиш илм-фан, техника ва маданиятни эгаллашда катта аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлайди. Ўз замондошларини, айниқса, ёш авлодни рус ва Европа тилларини ўрганишга даъват этиш унинг мазкур “Жомеъ ул-хутут” асарида алоҳида ўринни эгаллайди: “Дорихонага борганда, лотинча зарур. Ҳиндистонга хат қилинса, инглизча бўлмаса олмайдур, Эронистонга франсавий. Биз туристонликларга биринчи заруримиз русия хатидурки, муни қози ва мударрислар инкор қилмаслар. Ахборнома, рапурт ёзсалар, мударрислар бўлса, русча биладурган кишига оқча бериб, рапурт ёздирадурлар, аларга жуда зарур. Савдогарларга Масковдан мол ёзмоққа зарур ҳукумат хати бўлуб, бинобарин, эҳтиёжи халқуллоҳ ҳама жиҳатдин буни билмак зарурлиги бадеҳий”[3].

Хулоса қилиб айтганда, Исҳоқхон Ибратнинг “Жомиъ ул-хутут” асари тилшунослик фани учунгина эмас, дунё халқларининг ёзув тарихи, тил ва жамият муносабати масалаларини ўрганишда қимматли манба сифатида бугунги кунда ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

ТИИ 4-курс талабаси Ўрозов Алишер

[1] Исҳоқхон Ибрат. Жомеъ ул-хутут, Наманган, 1912 й., Матбааи Исҳоқия, 6 – 7-бетлар.

[2] Жомиъ ул-хутут, 74-бет.

[3] Тилга олинган асар, 106-бет.

231890cookie-checkИсҳоқхон Ибратнинг “Жомиъул хутут” китобида ўрганилган ёзувлар тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: