Абулғозихоннинг иккинчи – йирик асари “Шажарайи турк” номи билан машҳур. Мазкур асарнинг асосий қисми 1663-1664 йилларда ёзилган. Асар Хоразм тарихининг XVI-XVII асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий сиёсий тарихини баён этишда нодир манбадир[1]. Абулғози келгуси авлодларга туҳфа қилиб қолдиражак асарини яратишга киришар экан, уйдирма ва сохталикларга йўл қўймасликка, тарихдан четга чиқмасликка ҳаракат қилади. Абулғози Баҳодирхон мазкур асарни битишда форсий ва туркий тилларда ёзилган ўн саккизта манбага таянади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: “Эрон бирлан Туронда ўтган Чингизхон ўғилларининг отларини айтилган тарихлардан ушбу
замон фақирнинг олдинда ўн саккиз мужоллик ҳозир турар”[2]. Абулғози ўз она тилини яхши билганидек форс-тожик, шунингдек, мўғул тилларини ҳам пухта эгаллаган эди. У ўз асарларини она тилида ёзган. Абулғози Баҳодирхон: “Бу тарихни яхши ва ёмон барчалари билсин деб, турк тили билан айтдим. Бир калима чиғатой туркийдан, форсийдан ва арабийдан қўшмайман, равшан бўлсин деб, туркийни ҳам андоқ айтибманки, беш яшар ўғлон тушунур”[3],—деб ёзади.Абулғозининг асарлари Шарқ тарихчи ва олимларинигина эмас , балки рус ва бошқа чет эл олимларининг ҳам диққат этиборини ўзига торта бошлади. Жумладан, рус тарихий адабиётларида хорижий тиллардан таржима қилинган асарлар қаторига 1770-йилдан “Шажарайи турк” асари ҳам қўшилди[4]. Муаллифнинг “Шажараи турк” асари 1825-йилда Қозонда Румянсев, 1854-йилда Г.С.Саблуков, 1871-йилда П.И.Демизонлар томонидан, “Шажараи тарокима” асари эса 1898 ва 1966-йилларда бир неча маротаба рус тилида нашр этилди. “Шажарайи турк”нинг рус тилига таржимаси Россия олий ўқув юртларида Шарқ халқлари тарихи ва тилини ўқитиш ишига ҳам ижобий таъсир этди. Масалан, Қозон Давлат дорилфунунининг профессори И.Н.Березин туркий халқлар тарихини ўқитишда Абулғозининг асарларига ҳам таянган: “Турк хрестоматияси” номли китоби ва дорилфунун талабаларига ўқиган маърузаларида “Шажарайи турк” таянч манбаи бўлиб хизмат қилганлигини олимнинг ўзи таъкидлайди[5]. Абулғозининг “Шажараи тарокима” ва “Шажараи турк” асарларига улар хусусида илмий изланишлар олиб борган олимлардан Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавс-ул-иқбол” асарида С.П.Толстов “Қадимги Хоразм маданиятини излаб” номли китобида, Я.Ғ.Ғуломов “Хоразмнинг суғорилиш тарихи”, Баёний эса “Шажараи Хоразмшоҳий” китобида ниҳоятда яхши фикрлар билдирганлар[6]. Шунингдек, П.П.Иванов ва А.К.Боровковлар “XVI XIX асрлар туркман тарихининг манбалари ҳақида мулоҳазалар” номли асарида, Б.В.Лунин “Ўрта Осиё тарихидан очерклар” рисоласида, М.И.Йўлдошев “Хива хонлигида ер эгалиги ва давлат тузилиши” асарида, Б. В. Бартолъд “Маданий ҳаёт тарихи”, Қ.Муниров “Мунис, Огаҳий ва Баёнийнинг тарихий асарлари”, Б. А. Аҳмедов “Кўчманчи ўзбеклар давлати” каби асарларида ҳам Абулғози Баҳодирхоннинг ижодига юқори баҳо берганлар. Ғарбий Европада эса асар немис, инглиз, француз тилларида, ҳатто Америкада ҳам таржима қилиниб нашр эттирилди. Европа бу асар билан ўтган асрнинг иккинчи чорагида танишди. Полтав яқинидаги ғалабадан сўнг Сибирга жўнатилган швед офисерлари Тоболскда Абулғозихоннинг қўлёзмаси ва унинг мундарижаси билан танишгач бу асар таржимаси устида ишлай бошладилар. Бу илмий тадқиқотнинг асосий ташаббускори Филипп Иоанн Табберт Штраленберг эди[7]. Рус тилини яхши билган бухоролик Охунд Абулғозихон асарининг таржимасини рус ёзувчисига баён қилган. Ўз навбатида швед Шенстрем рус тилидаги таржимадан фойдаланиб асарни немис тилига таржима қилишга муваффақ бўлади. Бу таржима 1780-йилда “Abulgasi Bahadur Chan’S Geschlecht buchder Mungalischen Chanen, auseiner turkischen Handschrift udersetzt von Dr.D.G.Messerschmid, 1780” Мессершмидт таҳрири остида чоп этилган. Асар немис тилига таржима қилинишидан олдин француз тилида 1726-йил Брюсселда “Histoire genealogique des Tatars, traduite du manuscript tartare d’Abulgasi – Bahadur – Chan, et enrichie d’un grand nombre de remarques et tres curieusus sur le veritable estat present de l’Asie septentrionale, aves cartes geographiques necessaries. ParD.” номи остида нашр қилинган. Бу нашрга Бендик томонидан изоҳ қилинган. Ушбу француз тилидаги таржима ўз навбатида асарнинг инглиз тилидаги таржимаси учун ҳам асос бўлиб хизмат қилди. Рус олими Тредиаковский асарни француз тилидан рус тилига “Родословная история о татарах, переведенная на французкий язык с рукописныя татарской книги, сочинения Абулгачи-Баядур-Хана… а с французкого на Российской в Академии наук” номи билан икки томда нашр қилдирилади.
[1] Абулғозийнинг ушбу асаридан 11 нусхаси Тошкентда (Ўз ФА ШИ) ва олтита нусхаси Санкт-Петербургда сақланади. Қаралсин: СВР. История. – С. 154-155; Ахмедов Б. Историко-географическая литература. – С. 72-78; Шу муаллиф.Тарихдан сабоқлар. – Б. 217-223; Дмитриева Л.В., Мугинов А.М., Муратов С.Н. Описаниетюркских рукописей Инстиута Народов Азии. I. История. – С. 93-94; Яна қаранг: Лекции И.Н.Березина, записанные студентом В. Игнатьевым в 1866 г., 4-я лекция. / Архив востоковедов ЛО ИНА АН СССР, разряд III, опись 1. – № 31. В «Ученых записках ИВ АН СССР». VI, 1953. – C. 41 ва кейингилари (№29); Яна асарнинг бошқа нусхалари ҳақида қаранг: PertschW. DieHandschriftenVerzaeichnissederköniglichenBibliothekzuBerlin.Bd.VI. Verzeichniss der türkischen Handschriften, Berlin. 1889. B. 228. №204; Rieu Ch. Catalogue of the Turkish Manuscripts in the British Muzeum. London. 1888. 282a; Blochet E. Catalogue des manuscrits turcs de la bibliothèque Nationale de Paris. T. I. Paris. 1932. 232. №141; Таржималари: Desmaisons P. Aboul-Ghâzi Bèhâdour-Khan. Histoire de Mogols et de Tatares…, St.-Pbg. I, 1871 (матни). II. 1874 (таржима); Абулгази. Шаджарайи турк. Перевод Тредъяковского. (Казань) 1770; Родословное древо тюрков. Сочинение Абуль-Гази хана хивинского. Перевод и предисловие Г.С. Саблукова. Казань, 1906.
[2] Абуғозий Баҳодирхон. Шажарайи турк. Тошкент: Чўлпон, 1992. – Б. 176.
[3] Абулғози Баҳодирхон. Шажараи тарокима. Самарқанд: 1995. – Б. 72.
[4] Б. Аҳмедов. Тарихдан сабоқлар. Тошкент: Ўқитувчи, 1994. – Б. 17
[5] Ҳ. Худойназаров. Шажарайи турк ва унинг ўрганилиши. Тошкент: Ўқитувчи, 1993. – Б. 34.
[6] Қ. Муниров. Хоразмда тарихнавислик. -Тошкент: 2002. – Б. 26.
[7] Абулғози Баходирхон. Шажарайи турк. Ўзбекистан Фанлар академняси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди, инв.’№ 7668.
4-курс талабаси Ибрагимова Адиба