islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Умавийлар шаънига тўқилган ёлғонлар ва уларнинг баъзи сабаблари

Умавийлар – Қурайшнинг машҳур уруғи бўлиб, 661-750 йилларда Ислом оламини бошқарган ва Ислом тарихида ҳукм сурган сулолаларнинг биринчиси.

«Умавийлар» деб ном беришда Бану Умайя уруғининг бобоси Умайя ибн Абдушамс ибн Абдуманофга нисбат берилган.

Бу сулола тахтни қамарий 91 йил (ҳижрий 41–132-йиллар), шамсий 89 йил (милодий 661–750-йиллар) то Марвон-2 ибн Муҳаммад давригача бошқарган.

Муовия (розияллоҳу анҳу) 661-йили халифаликни қабул қилганидан кейин Хулафои рошидинлар давридан бери амал қилиниб келаётган тартиб ўзгарган. Яъни, халифа аввал халифаликка ҳақли бўлган муносиб кишилар орасидан сайланган бўлса, Муовия розияллоҳу анҳу давридан бошлаб, наслий услуб орқали тайинланадиган, аввалги халифа ўзидан кейингисини ихтиёр қиладиган ва ҳаётлик даврида унга байъат олдирадиган бўлди.

Гарчи Ислом ривожи йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилган бўлса-да, Умавийлар тарихи энг кўп бузилиш ва ўзгартирилишларга дучор бўлган.

Бунинг сабабларини ўрганиб чиқамиз:

1) Умавийлар тарихига оид китоблар кейинги сулола – Аббосийлар даврида ёзилгани.

Эътибор берилса, баъзи тарих китобларида Умавий халифалари золим ва фосиқ, уларнинг халифалиги “зулм даври” деб ёзилган. Бунга сабаб, Аббосий давридаги тарихчилар ўзларининг рақибларининг обрўсини тушириш ва бу орқали ўз мавқеларини мустаҳкамлаш йўлида олиб борган ишлари эди.

Маълумки, тарих китобларининг кўп қисми айнан Аббосийлар даврида ёзилган ва буларнинг баъзиларига Умавийлар ҳақида тўқима, заиф, асоссиз ривоятлар киритилган. Ҳатто айрим тарихчилар ўз даъволарини тасдиқлаш учун ишончсиз ҳадислар ҳам келтиришган.

Жумладан, Имом Табарий тафсир китобида қуйидаги ҳадисни келтиради: “Бизга Абдулмуҳаймин ибн Аббос ибн Саҳл сўзлаб берди, унга отаси бобоси орқали айтиб берди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тушларида Ҳакам ибн Абул Ос Умавий уларнинг минбарларида туриб маймунлардек низо қилаётганини кўрдилар ва бундан хафа бўлдилар, то вафотларигача табассум қилмадилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

وَمَا جَعَلْنَا الرُّؤْيَا الَّتِي أَرَيْنَاكَ إِلَّا فِتْنَةً لِلنَّاسِ

“Биз сизга кўрсатган тушни одамлар учун фақат синов қилдик” оятини нозил қилди”, деди” (Имом Суютий бу ҳадиснинг иснодини заиф деган).

Умавийларнинг халифалик тахтига чиқишига хилоф келувчи ҳадислар билан бир қаторда Аббосийлар бошқарувига муштарак бўлувчи ҳадислар мавжуд эканини кўришимиз ҳам мумкин:

Абу Нуайм, Ибн Асокир, Ибн Адий каби муҳаддислар Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни китобларига киритганлар:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аббосга қарата: “Сизларда нубувват ва ҳукумат бўлади”, дедилар” (Имом Суютий бу ҳадисни ҳам заиф ҳадислар туркумига киритган).

Мутақаддим уламоларнинг аксари бу каби ҳадисларни заиф ва мункар эканини билганлар. Лекин илмий омонат юзасидан ёки ўша давр сиёсати тақозо қилгани сабаб ўз китобларига киритганлар. Кейинги баъзи мутааххир уламолар кўр-кўрона уларнинг китобидан фойдаланганлар ва бу ривоятлар оммалашиб кетган. Жумладан, Имом Табарий тарих китобида келтирган ривоятларнинг ҳаммаси ҳам саҳиҳ эмаслигини, ичида заиф ва мункарлари ҳам борлигини ўзи айтиб ўтган.

2) Шиаларнинг адовати ва тўқиб чиқарган ривоятлари.

Муовия ва Али (розияллоҳу анҳумо) ҳамда Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) ва Язид орасидаги зиддиятлар сабаб, шиаларда Умавий сулоласига нисбатан кучли адоват уйғонган. Натижада, улар Умавий халифалар тўғрисида кўплаб ёлғон ҳадислар, ривоятлар тўқиб чиқаришган. Баъзи тарихчилар эса, уларнинг ривоятларидан бошқасини топа олмай, ўз китобларида келтирганлар. Масалан, Карбало воқеаси ҳақида баён этилган китоблардаги ривоятларнинг аксари Абу Михнаф тарафидан ривоят қилинган. У эса, рофизий бўлиб, кўплаб муҳаддислар уни каззоб ва мардуд деганлар.

Аслида эса, Умавийлар даври Хулафои рошидинлар давридан кейинги энг яхши давр саналади. Айнан бу сулоланинг сўнги йиллари ва Аббосийлар даврига келиб, Ислом халифалиги номигагина сақланиб, аслида кўп жиҳатдан бошқа ғарб салтанатларига ҳавас ва тақлид сезилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Одамларнинг яхшиси менинг асримдагилар, сўнг уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар”, деганлар. Баъзи олимлар ҳадисдаги “менинг асримдагилар” жумласидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яшаб ўтган Саодат асри, “сўнгра уларга яқинлар” жумласидан Хулафои рошидинлар даври, иккинчи “сўнгра уларга яқинлар” жумласидан эса Умавийлар даври назарда тутилган, дейдилар.

Тошкент ислом институти

403-гуруҳ талабаси Юсуфий Рокия

 

246681cookie-checkУмавийлар шаънига тўқилган ёлғонлар ва уларнинг баъзи сабаблари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: