Сафарнинг турлари кўп бўлиб, Ислом шариатидаги ҳукмига кўра уч қисмга бўлинади. Биринчиси — тоат сафари, бу Аллоҳ ва расули рози бўладиган сафарлар бўлиб, унга қуйидагилар мисол бўлади: дин аҳком ва илмларини ўрганиш ёки ўргатиш мақсадида сафар қилиш, Ҳаж ва умра ибодатларини адо қилиш учун сафар қилиш, уч масжид (Масжидул Ҳаром, Масжидун Набавий, Масжидул Ақсо) да намоз ўқиш учун сафар қилиш, силаи раҳм қилиш учун сафарга чиқиш, ёр-биродарларни зиёрат қилиш учун сафар қилиш ва бошқалар. Бу сафарларнинг барчаси исломдаги улуғ савоб бериладиган сафарлар ҳисобланади.
Иккинчиси — маъсият сафари. Бу гуноҳ ва ҳаром ишларни қасд қилинган сафар бўлиб, унга қуйидагилар мисол бўлади: вақт ўтказиш учун бекордан-бекорга юрт кезиш, бўйнидаги фарз ва вожибларини бажармаган ҳолатда қилинган сафар, фаҳш ишлар учун сафар қилиш, нафсий хоҳишлар ортидан сафар қилиш ва ҳоказо. Бу ҳолатлардаги сафарлардан Ислом шариати қайтаради.
Учинчиси — мубоҳ сафар. Тижорат билан шуғулланиш, рухсат чегарасидан чиқмаган ҳолда дам олиш, даволаниш каби мақсадларда амалга оширилган сафарлардир ва унинг ҳукми шариатда жоиздир.
Сафар ҳар қандай замон ва маконда бўлмасин турли машаққатлардан холи бўлмайди. Ислом енгиллик дини ўлароқ Аллоҳ таоло мусофирга ана шу қийинчиликларни кўтаргани учун баъзи ҳукмларда рухсат ва енгилликлар берган. Масалан:
1) намозни қаср қилиб ўқиш, яъни тўрт раъкатлик фарз намозни икки раъкат қилиб ўқиш;
2) Рамазонда рўза тутмаслик мумкинлиги;
3) муқимнинг маҳсига масъҳ тортиш муддати бир кеча-кундуз бўлса, мусофирники уч кечаю уч кундузлиги;
4) мусофирга жума намози фарз бўлмаслиги
5) мусофир қайси томонга юзланган бўлишидан қатъий назар уловда нафл намозларини ўқиши мумкинлиги.
Мусулмон инсон сафар давомида қуйидаги одобларга риоя қилиши тавсия этилади:
‐ барча гуноҳ ва маъсиятлардан тавба қилиши (чунки мусофирнинг дуоси рад қилинмаслиги борасида ҳадислар ворид бўлган) ва бўйнидаги ҳақ ҳуқуқларини адо этиши,
– оиласига етарли нафақа қолдириши,
– имкон қадар ёлғиз сафар қилмаслиги ва солиҳ инсонлар жамоаси билан
сафар қилишга ҳаракат қилиши,
– оиласи ва яқинларини Аллоҳга омонат топшириб кетиши,
– сафар давомида зикр ва дуолар билан кўпроқ машғул бўлиши.
Демак, шариатимизда сафар қилишга оид ҳукмлар, рухсатлар, қайтариқлар бор ва уларга амал қилишимиз лозим.
Тошкент ислом институти
403-гуруҳ талабаси Исоқжонова Муҳсина