❓Савол: Нур сураси 26-ояти маъноси “эр нопок бўлса, хотин нопок бўлади…”. Қуръонга юзлансак, нопок Фиръавннинг хотини нопок бўлмайдими?
💬 Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Йўқ, бу ояти каримадан Фиръавннинг хотини нопок, деган хулоса чиқмайди. Оятнинг тўлиқ кўриниши:
الْخَبِيثَاتُ لِلْخَبِيثِينَ وَالْخَبِيثُونَ لِلْخَبِيثَاتِ وَالطَّيِّبَاتُ لِلطَّيِّبِينَ وَالطَّيِّبُونَ لِلطَّيِّبَاتِ أُولَئِكَ مُبَرَّءُونَ مِمَّا يَقُولُونَ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَرِزْقٌ كَرِيمٌ
“Нопок аёллар нопок эркаклар учун (лойиқ)дир, нопок эркаклар нопок аёллар учун (лойиқ)дир. Покиза аёллар покиза эркаклар учун, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Айнан ўшалар (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва фаровон ризқ (жаннат неъматлари) бордир” (Нур сураси 26-оят).
Аллоҳ таоло Фиръавннинг хотинини бошқа оятда мақтаган: “Аллоҳ имон келтирган зотлар ҳақида Фиръавннинг хотинини мисол келтирди. Ўшанда у: «Эй, Раббим! Ўзинг мен учун ҳузурингда (жаннатда) бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин. Мени золимлар қавмидан халос этгин!» – деди” (Таҳрим сураси, 11-оят).
Эр-хотиннинг гоҳида ҳар хил бўлишига Пайғамбарларда ҳам мисоллар бор: “Аллоҳ кофир бўлган кимсалар ҳақида Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банданинг (қўл) остида эдилар. Бас, у (аёл)лар уларга хиёнат қилдилар. (Нуҳ ва Лут) Аллоҳ(нинг азоби)дан бирор нарсани у иккисидан даф қила олмадилар. (Уларга): «Кирувчилар билан бирга дўзахга кирингиз!» – дейилди” (Таҳрим сураси, 10-оят).
Аслида, Аллоҳ таолонинг оятларида қарма-қаршилик бўлмайди. Лекин оятларни нотўғри тушуниш сабаб маънолари зид кўриниши мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар” (Нисо сураси 82-оят).
Мана, ўн тўрт аср ўтаётган бўлсада, илоҳий мўъжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. (Шайх Абдулазиз Мансур).
Энди Нур сураси 26-оятининг тафсирига келсак, бу оят мунофиқлар Оиша онамизни зинода айблаганда, поклаш-оқлаш бўлиб келган. Шунинг учун аксар муфассирлар оятдаги “Ал-хобисат” сўзини “нопок сўзлар”, деб тафсир қилишган. Бу тафсирга кўра оятнинг маъноси, мунофиқлар айтаётган нопок сўзлар нопок одамларга мос келади, яхши сўзлар эса яхши одамларга мосдир. Оиша онамиз ва бошқа пок кишилар мунофиқлар айтаётган гаплардан узоқдир.
“Ал-хобисат” сўзи “нопок аёл” маъносини ҳам эҳтимол қилгани учун баъзи муфассирлар ояти каримани, аслида, покка пок, нопокка нопок лойиқ ва мос келади, деб тафсир қилганлар. Бу эса гоҳида покка нопок тўғри келиб қолиши мумкинлигини йўққа чиқармайди.
Бу оят “Тафсири Жалолайн” китобида шундай келтирилган:
“الخبيثات” من النساء ومن الكلمات «للخبيثين» من الناس «والخبيثون» من الناس «للخبيثات» مما ذكر «والطيبات» مما ذكر «للطيبين» من الناس «والطيبون» منهم «للطيبات» مما ذكر أي اللائق بالخبيث مثله وبالطيب مثله
“Нопок аёллар ва ёмон сўзлар ёмон кишиларга, ёмон кишилар нопок аёллар ва ёмон сўзга хос (мос)дир. Покиза аёллар ва яхши сўзлар яхши кишиларга, яхши кишилар покиза аёллар ва яхши сўзларга хос (мос)дир. Яъни, нопокка лойиқ бўлгани нопокдир. Пок кишига лойиғи покдир…” Иқтибос тугади.
“Тафсири муяссар” китобида шундай дейилади:
كل خبيث من الرجال والنساء والأقوال والأفعال مناسب للخبيث وموافق له، وكل طيِّب من الرجال والنساء والأقوال والأفعال مناسب للطيب وموافق له،
“Нопок эркак ва аёллар, нопок сўз ва ишлар нопок кишиларга муносиб ва мувофиқдир. Пок эркак ва аёллар, пок сўз ва ишлар эса пок кишига муносиб ва мувофиқдир…” Иқтибос тугади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати