Шайх Қувнавий ушбу асарини ёзишда фуқаҳолар йўлидан юрган. Яъни, китобни фиқҳ боблари тартиби бўйича тартиблаган. Тартиб ва шакл жиҳатдан Насафийнинг “Тилбатут толаба” ва Баълийнинг “Матлаъ” асарларига ўхшайди. Дарҳақиқат, фиқҳий боблар тартиби ўйланмасдан ўз-ўзидан юзага келиб қолмаган. Балки, чуқур ўрганиш, илмий ҳикматлар ва китоб ёзиш соҳасидаги юксак дидга асосланган.
Фиқҳий терминларни баён қилиш ва тартиблашда фақиҳларга хусусан, Ҳанафий мазҳаби уламоларига эргашган. Ибодатга доир атамаларни зикр қилиб бўлгач, никоҳга оид атамаларни баён қилишга киришган. Бу ўз ўрнида “ибодатлар”дан кейин “муамолатлар”ни зикр қиладиган Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан ҳамда китоб ёзишда “ибодатлар”дан кейин “жиҳод ҳукмлари”ни келтириш одатлари бўлган Моликий мазҳаби уламоларидан фарқ қилади.
Юқорида айтиб ўтганларимиз муаллифнинг баён қилиш ва шаклдаги услублари. Аммо илмий услубларида, зикр қилаётган атамани аввал, луғавий маъносини келтириб, уларга Қуръон ва Ҳадисдан айнан далил ўринларини зикр қилган. Албатта, ҳадислардан келтирилган далилларнинг деярли барчаси машҳур саҳиҳ ҳадислар бўлиб, ниҳоятда кам ўринлардагина заиф ҳадислар учрайди. Сўнгра атаманинг шаръий маъносини айтган. Гоҳида аксинча йўл тутиб, аввал шаръий сўнг луғавий маъноларни келтирган.
Шайх Қувнавий терминларни изоҳлашга киришар экан, аввал бобнинг ўзини изоҳлашдан бошайди. Сўнг ушбу бобга тегишли муҳим ва ғариб лафзларни келтиради. Мазҳаб уламоларининг фикрини зикр қилишга муҳтож бўлган ўринларда, ушбу фикрлардан бирортасини таржиҳ қилмасдан баён қилган.
Барча мутааххир (кейинги) уламолар сингари шайх Қувнавий ҳам асарни ёзишда нақл услубига таянган. Шу сабабдан асарда турлича ва бир қанча асарлар номи учрайди. Албатта, нақл қилишда диққат, аниқлик ва омонатдорликка катта аҳамият берган.
Асар фиқҳ, луғат, тафсир ва ҳадисга доир китоблардан ниҳоятда чиройли тарзда ва нозиклик билан саралаб олинган. Муаллиф фиқҳий боблар ўртасидаги ўзаро боғлиқ жиҳатларни баён қилишга интилган. Бир бобни атамаларини баён қилиб бўлгач, кейинги бобга ўтган ва икки боб ўртасидаги ўзаро муносабатни ва мана шундай тартибда келиш ҳикматини зикр қилган. Бунга баъзи мисолларни келтирамиз:
- Муаллиф намоз китобини тугатиб, закот китобини бошлашда шундай дейди: “Аллоҳ таолонинг: “…ва намозни қоим қилинглар ва закотни беринглар…” ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ислом беш асосга бино қилинган … намозни қоим қилиш, закотни бериш …” ҳадисларига эргашган ҳолда намоз китобидан сўнг закот китоби келтирилди”. Ёки намоз закотга хилоф равишда барча балоғатга етганларга фарз бўлиши эътиборидан олдин келтирилди, дейилган.
- Ҳаж китобини ниҳоясига етказиб, ортидан никоҳ китобини зикр қилиб: “Никоҳ учун мол-давлат лозим. Ҳудди шунингдек, ҳаж ҳам фақат мол-давлатга эга бўлган инсонга фарз бўлади. Шу жиҳатдан бир-бирига муносиб бўлди”, деган.
- Обиқ (қочиб кетган қул) китобидан фориғ бўлгач, мафқуд (йўқолган қул) китобига ўтганда: “Уларнинг ҳар иккиси ғоиб бўлиб, изи маълум бўлмаганидан кетма-кетликда бир-бирига муносиб бўлади”, деган.
Барча боблардаги кўриниш мана шундай тарзда давом этган. Ушбу услуб кўпчилик муаллифлар наздида машҳур бўлиб, амал қилиниб келинаётган гўзал услуб ҳисобланади. Зеро, бу услубда илк дамдан ўқувчини эътиборини тортиш ва заковатини ошириш мавжуд.
Асар юқорида айтиб ўтилган далилларга асосланган терминлардан ташкил топганидан ташқари, кўплаб нозик фойдали маълумотларни ўз ичига олган. Шу жиҳатдан ушбу асар бежизга “Анисул фуқаҳо фий таърифотил алфоз ал-мутадавала байнал фуқаҳо” деб номланмагани маълум бўлади.
ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Фарҳод домла Жўраев