islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Очиқ мулоқот: диний соҳада хизмат қилиш ва хорижда диний таълим олиш!

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 3-курс талабалари билан очиқ мулоқот шаклидаги давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев ҳамда Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Ф.Маманосировлар иштирок этди.

Суҳбатни проректор У.Ходжаев кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг, Ф.Маманосиров Ўзбекистонда илм олишга яратилган шароитлар, хусусан, диний таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳатлар учун аввало, Аллоҳ таолога шукр қилиш ҳамда мутасаддилардан миннатдор бўлиш кераклигини таъкидлади.

Толиби илмнинг шукри, фақат тил билан эмас, балки бу имкониятлардан тўғри фойдаланишида ҳам намоён бўлиши керак. У, берилган қимматли фурсат, яъни талабалик даврида олдига қўйилган вазифалар – дарсларни мустаҳкам ўзлаштириши, бўш вақтларини беҳуда ишларга эмас, балки қўшимча тўгарак-дарсларда мунтазам иштирок этиб, ўз устиларида тинимсиз ишлаши керак.

 Ф.Маманосиров, талабаларга илм олиш вақтида нималарга алоҳида эътибор бериш кераклиги ҳақида ўз тавсияларини берди. Шунингдек, ўқишни тамомлагач, ҳар бир битирувчи Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақсимот қилинган вазифалар – имом-хатиб, ноиб имом, мударрислик вазифаларида сидқи дилдан хизмат қилиши ва бу ишлардан ўзини четга олмаслиги керак. Талабаларнинг асосий бурчларидан бири, мутахассислар етишмайдиган чекка ҳудудлардаги ёшларнинг бугунги кунда миссионерлик, ахлоқсизлик, илмсизлик домига тушиб қолишларига қараб турмасдан, балки ўша ҳудудларда хизмат қилишга чин ихлос билан ўзларини сафарбар этишлари лозим.

Айниқса, ўз ҳудудларида ишлаб, хизмат қилиши ўша ҳудудларнинг битирувчилари зиммасидаги юксак масъулият ва шарафли вазифадир.

Хорижга ўқишга чиқиш тўғрисида берилган саволга проректор У.Ходжаев ҳам, катта ўқитувчи Ф.Маманосиров ҳам, бу масалада қонунан ҳеч бир тақиқ йўқлигини қайд этдилар. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан Миср араб Республикасидаги Ал-Азҳар университети ўртасида келишув имзоланган бўлиб, хорижда хоҳловчилар диний қўмитага ҳужжат топширишлари мумкин.

2021 йилдан бошлаб, Миср Араб Республикаси Ал-Азҳар мажмуасида таълим олиш юзасидан мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида ўқишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 13 августдаги 651-сон қарори билан Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича Маслаҳат кенгаши томонидан кўриб чиқилади ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида амалга оширилади. Ушбу йўлланмани олиб, Қоҳирага кетган фуқаролар ортиқча сарсон бўлмай университетга қабул қилинмоқда.

Шунингдек, Ф.Маманосиров толиби илмлар учун тавсия сифатида, аввал юртимиздаги мадрасаларда бошланғич таълимни олгандан сўнг, олий диний таълим муассасаларида таҳсилни давом эттириб, ўз устида тинимсиз ишлаб, араб тилини мукаммал ўрганиш лозимлигини таъкидлади.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Аъзамов     

266010cookie-checkОчиқ мулоқот: диний соҳада хизмат қилиш ва хорижда диний таълим олиш!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: