Ас-Суффа (الصُّفّة) ёки Диккатул Ағват (دكة الأغوات) Мадина шаҳридаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжиди – Масжидун Набавийда, уйларининг орқа томонидаги жой.
Суффа — “Равза” яқинидаги тўртбурчаклар суфага ўхшаш жой. Бу жой суффанинг асл ўрни бўлиб, лекин доимий эмас, чунки масжид бир неча марта кенгайтирилганда суффа масжиднинг шарқига кўчирилган. Равза эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйлари ва минбари орасидаги жой.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйим билан минбарим орасида жаннат равзаларидан бир равза бор” дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Суффанинг бир томони Масжиди Набавийнинг Боби Нисо эшиги томонга қараган, ўнг томонида Боби Жаброил дарвозаси ва Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам дафн этилган уйларининг девори жойлашган.
Дастлаб суффа масжиднинг шимоли-шарқий бурчагида бўлган ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам суффани соя қилиш учун хурмо барглари билан устини ёпишни буюрган, шунинг учун у ас-Суффа ёки аз-Зуллоҳ (الظلة), яъни “сояли жой” деб номланган.
Умавийлар халифаси Валид ибн Абдил Малик масжидни кенгайтирганда Суффанинг жойлашуви ҳозирги “Диккатул Ағват” деб аталадиган жойга кўчирилган.
Мадинада қариндошлари бўлмаган, уйсиз ва турмуш қурмаган муҳожирлар Суффада истиқомат қилишган ҳамда у ерда асосан Қуръон ва суннатни ўрганишган. Бу саҳобалар “Асҳабул Суффа” деб аташган, бу эса “Суффа соҳиблари”, “Суффа аҳли” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам улар билан бирга ўтирар, суҳбат қурар ва уларни овқатга чақирар, ичимликларини баҳам кўрар эдилар, уларни ўз қарамоғига олган эдилар.
Баъзилар олимлар, бошпанаси йўқ ғариб кишилар масжид эшиги ёнида саф бўлиб туришгани сабабли улар “Асҳабус суффа”, яъни “сафланиб турувчилар” деб номланганлар.
Асҳоби Суффанинг энг кўзга кўринган аъзоси, ҳаммамизга маълумки, Абу Ҳурайра розияллоҳу ануҳ бўлган, бунга ҳадислар гувоҳлик беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Асҳабус суффа”дан етмиш кишини кўрганман. Уларнинг эгниларида фақатгина ридо (баданнинг фақат тепа қисмини тўсадиган кийим) ёки изор (баданнинг пастки қисмини тўсадиган кийим) ё бўйинларига ўраб олишган бирор кийим бўларди. Баъзилариники болдирларининг яримига етса, баъзилариники тўпиқларигача етарди. Аврати кўриниб кетишидан хавфсираб кийимини қўли билан чангаллаб турарди” (Имом Бухорий ривояти).
Фазола ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ила намоз ўқиганларида баъзи кишилар ўта очликдан намозда қулаб тушар эдилар. Улар аҳли суффа эдилар. Аъробийлар: “Анавилар жиннилар”, дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқиб бўлсалар, уларга бурилиб қараб туриб: “Агар сиз учун Аллоҳнинг ҳузурида нималар борлигини билганингизда, фақирлигингиз ва ҳожатмандлигингиз яна зиёда бўлишини хоҳлаган бўлар эдингиз”, дедилар (Термизий ривояти).
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев